Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Япон софораси: доривор хусусиятлари ва етиштириш технологияси

23/Dekabr/2024 07:59
  1238

Япон софораси (тухумак) — Sophora japonica L. (Stuphnolobium japonicum (L) Schott. дуккакдошлар — Fabaceae оиласига киради.

Бўйи 20 м га етадиган катта дарахт. Ёш новдалари тукли бўлиб, яшил-сарғиш рангли пўстлоқ билан қопланган. Барглари тоқ патли мураккаб, қисқа банди билан шохларда кетма-кет жойлашган. Баргчалари (5—7 жуфт) чўзиқ эллипссимон, чўзиқ тухумсимон ёки кенг ланцетсимон, ўткир учли, узунлиги 23—53 мм, эни 11—21 мм. Гуллари сариқ рангли, капалаксимон тузилган бўлиб, рўваксимон тўпгулни ҳосил қилади. Гулкосачаси найчасимон, беш тишли, оталиклари бирлашмаган, меваси 3—8 см узунликдаги, пишганда очилмайдиган, этли, қисқа бандли, тасбеҳсимон дуккак. Дуккаклари туксиз, 2—8 уруғли, бир оз шилимшиқ-аччиқроқ мазали бўлиб, тўк қўнғир-қора рангга бўялган.

Июнь-июль ойларида гуллайди, меваси август-сентябрда етилади.

Ишлатилиши. Япон софораси рутин олинадиган (Тошкент кимё-фармацевтика заводида олинади) асосий маҳсулот ҳисобланади. Мевасидан тайёрланган настойка йирингли ва трофик яралар ҳамда куйган жойни даволаш учун ишлатилади. Настойка бактерицид ва яраларни битишини тезлаштириш таъсирига эга.

Рутин (ҳамда қўшимча олинадиган кверцетин) витамин Р етишмаслигидан келиб чиқадиган касалликлар (гипо- ва авитаминоз), қон томирлар девори ўтказувчанлигининг бузилишидан келиб чиқкан касалликлар, геморрагик диатез, кўз пардасига қон қуйилиши, капилляр токсикози, нур касаллиги, гинертония, ревматизм, қизамиқ, бўғма, тиф ва бошқа касалликларни даволаш ҳамда олдини олиш учун қўлланилади.

Етиштириш технологияси. Япон софораси манзарали дарахт сифатида 90 га яқин мамлакатда ўстирилмоқда. Ўзбекистонга у биринчи марта XVIII аср ўрталарида келтирилган. Тошкент шаҳрида ҳозирги кунда 150 мингга яқин япон софораси экилган ва ҳосил бермоқда. Япон софораси тез ўсувчан ёруғ севар, қуруқликка ва шўрга чидамли ўсимлик ҳисобланади. Унинг меваси октябрь-ноябрь ойларида пишиб етилади. Япон софораси экиладиган ерларни кузда гектар ҳисобига 20—28 тонна органик ўғит ва 50 килограмм фосфор ўғити билан озиқлантириб 25—30 сантиметр чуқурликда ҳайдаб қўйилади. Ўсимликни кузда ва баҳорда — апрель ойининг биринчи ўн кунлигида экилади. Кузда экилган уруғлардан униб чиққан майсалари баҳорда бўладиган совуқ кунларга чидай олмаслиги мумкин. Шунинг учун унинг уруғини баҳорда экиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Уруғларни экишдан олдин 10—15 кун ивитилиб, юмшоқ пўстлоғидан элакларда ажратилиб олинади ва қуритилади. Тозаланган хомашёдан 30—33% га яқин уруғ ажратиб олиш мумкин. 1000 дона уруғининг оғирлиги ўртача 100 г га тўғри келади.

Кузда ҳайдалган ерларни борона ва мола механизмлари билан текисланади.

Тайёрланган уруғлар намли тупроқда 3—4 см чуқурликда экилади. Агар тупроқда нам етарли бўлмаса тезлик билан суғорилади. Япон софорасининг уруғлари 2 қатор қилиб кенг пушталарга экилади. Тупроқда намни кўпроқ сақлаш мақсадида қатқалоқ бўлишни олдини олиш ва уруғ экилган эгатларнинг тупроғи қизиб кетмаслиги учун шоли похоли, чириган барглар ва ёғоч қипиқлари билан 1 см қалинликда ёпиб чиқилади.

Баҳорда экилган уруғлар 10—15 кундан кейин униб чиқади. Ҳосил бўлган кўчатларнинг яхши ривожланиши учун эгатларни ҳар доим нам ҳолатда сақлаш керак бўлади. Бундан ташқари униб чиққан майсалар атрофи мунтазам равишда юмшатилиб турилиши лозимдир.

Япон софорасини ўсув даврида 3—4 марта ораларини культивация қилиш, бегона ўтлардан тозалаб ва зараркунандаларга қарши чора тадбирларни амалга ошириш керак бўлади.

Ўсимликларни илдизини яхши ривожлантириш ва ўсишини фаоллаштириш мақсадида вегетация давомида гектарига соф азотдан 90 кг, фосфордан 60 кг ва калий ўғитидан 40 кгсолиниб озиқлантирилади. Софора ўсимлигини пояларини бақувват бўлиши учун июль ёки август ойининг бошларида калий ўғити билан озиқлантириш мақсадга мувофиқ бўлади. Ўсимликни ўғитлашни суғоришдан олдин амалга ошириш керак бўлади. Вегетация давомида софора ўсимлигини 7—8 марта суғорилса октябрь ойигача анча бақувват бўлиб ўсади. Суғоришдан кейин кўчат атрофи юмшатилади. Софора кўчатларини иккинчи йили эрта баҳорда яхши кўкариши учун жўяклар олиниб 70 x 25 см дан жойлаштириб қайтадан кўчириб экилади. Шу схемада экилган кўчатларнинг сони 1 гектар майдонга 57 минг донага тўғри келади. Кўчатларни қайта экишда қуйидагиларга эътиборни қаратиш керак: экиш даврида чириган ва синган кўчатларни ажратиш, ўсимликнинг илдиз тизими қуримаган бўлиши керак ва уни тупроққа зич қилиб экиш керак бўлади. Кўчатлар экилгандан кейин тезлик билан суғоришни амалга ошириш лозим. Кўчатларни суғорилгандан 2 кун ўтказиб уларни тўғрилаб чиқилади.

Экилган кўчатларни яхши ривожланиши учун бегона ўтлардан тозалаш, ораларига ишлов бериш, озиқлантириш ва об- ҳавони ҳисобга олган ҳолда суғоришни муддатида ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади. Эгат ораларини культивация қилиш кўчатлар 2 марта суғорилгандан кейин амалга оширилади.

Вегетация даврида кўчат оралари 3—4 марта қўлда чопиқ қилинади. Кўчатларни суғориш учун жўяклар олинади ва вегетация давомида 7—8 марта (май, июнь, июль ойларида 2 мартадан) суғорилади.

Кўчатларни бўйи 2,5—3 м ва тана қисми 2,5—3 см га етганда 2- ёки 3- чи йили асосий майдонларга кўчириб экилади. Экишдан олдин ерлар юмшатилган, текисланган ва ўғитланган бўлиши лозим. Кўчатларнинг экилиш чуқурлиги 0,5—0,6 м ва қатор ораларининг кенглиги 8 м, кўчатларнинг оралиғи 6 м дан қилиб экилганда 1 гектар майдондаги дарахтлар 208—210 та бўлиши мумкин.

Япон софораси экилгандан кейин жўяклар орқали сув берилади. Иккинчи суғоришни 6—8 кундан кейин амалга ошириш керак. Кўчатларнинг қатор оралари ҳар доим юмшоқ ва ҳайдалган бўлиши лозим.

Кўчатлар экилгандан кейин 3—4 йилгача уларнинг ораларига 1 йиллик доривор ўсимликлар экиш мумкин бўлади.

Агар агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказилса 1 гектар майдондан ўртача 0,7—0,8 тонна ҳосил йиғиб олиш мумкин бўлади.

Маҳсулот тайёрлаш. ғунчаларни гуллашдан олдин (июнь-июль ойларида), улар анча йириклашганда ва тўпгулнинг биринчи ғунчалари очила бошлаган вақтда тўпгул-рўвакни қирқиб олиб соя ерда ёки қуритгичларда 40—45°С да қуритилади.

Манба: moodle.pharmi.uz

Улашиш: