Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ёш молларда рахит касаллиги ва уни олдини олиш

23/Dekabr/2024 09:40
  1202

Рахит – бу бузоқчаларнинг жиддий касаллиги бўлиб, унда минерал модда ва витаминларнинг етишмаслиги суяк тўқимасидаги дистрофик ўзгаришларга олиб келади, иликнинг табиий функцияси бўлган қон ишлаб чиқаришни қисади ва оқибатда иммунитетнинг пасайиши, пневмония, диспепсиянинг пайдо бўлиши ҳамда эмлаш самарадорлигининг пасайишига олиб келади.

Рахит билан касалланган бузоқчани қандай аниқлаш мумкин?

Қуйида сиз рахитга хос бўлган ташқи аломатлар ва хўжалик ишчилари амалга ошириши керак бўлган чоралар билан танишишингиз мумкин.

1. Эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатлар

- оёқлар нотўғри қўйилган;

- олд оёқлар кенг қўйилган;

- букчайган бел;

- бўғимларнинг йўғонлашиши;

- бош суягининг шаклини ўзгариши;

- бузоқлар кўп ётади;

- бузоқчалар ўрнидан секин туради;

- озуқани яхши емайди;

- бузоқчалар бошқа жониворларни ялайди;

- бузоқчалар сийдик ичади, тўшамани ейишга тушади;

- жониворлар кесак ёки шувоқни кемиради.

2. Шошилинч чоралар

- D3 витаминини юбориш;

- витаминлар, макроэлементлар ва аминокислота воситаларининг мажмуавий инъекцияси;

- жониворларни ультрабинафша нурлар билан нурлантириш.

3. Муаммо ечимлари

Сигирлар учун

1) Сутдан чиққан сигирларнинг рационини минерал моддалар бўйича оптималлаштириш.

2) Махсус премикслардан фойдаланиш.

3) Пичаннинг мўллиги

4) Туғруқдан бир неча кун аввал D3 витаминини юбориш.

5) Сайр қиладиган майдонларга эркин чиқиш имкониятини яратиб бериш.

Бузоқлар учун

1) Бузоқларга сифатли оғиз сутини бериш.

2) Минерал таркиб бўйича омухта ем рецептини оптималлаштириш.

3) Витамин ва минераллар билан профлактик ишлов бериш.

4) Сайр қиладиган майдонларга эркин чиқиш имкониятини яратиб бериш.

Рахит нимаси билан хавфли?

Ушбу касаллик фосфор-кальций алмашинувининг издан чиқиши ва суяк ҳосил бўлишнинг бузилиши билан характерланади. Агар бузоқлар сайр қилдирилмаса, зах, қоронғу биноларда сақланадиган бўлса, рахит йилнинг исталган пайтида келиб чиқиши мумкин.

Касалликнинг сабаби – организмда D витаминининг етишмаслигидир. Рационда оқсилнинг камайиши ёки кўпайиб кетиши, каротин, кальций етишмаслиги, рационда кислота элементларининг ишқорлардан кўпайиб кетиши, микроэлементларнинг (мис, йод, марганец) етишмаслиги ёки аксинча, организмга стронций, барий каби моддаларнинг ортиқча кириб келиши билан рахит касаллигининг келиб чиқиши кузатилади.

buzoq-raxit-635879.png (175 KB)

1-расм. Рахитга чалинган бузоқнинг белгилари

Бузоқларда рахитни даволаш ва унинг профилактикаси

Бузоқларда рахитни даволаш учун ҳаётининг биринчи кунларида уларга таркибида зарурий D витамини бўлган оғиз сути ичирилади. Сигирнинг оғиз сути таркибида витамин ва минераллар етишмовчиллиги аниқланган ҳолатда, бузоқларга оғиз сути билан биргаликда витамин воситаларини бериш керак бўлади.

Озуқага махсус минерал қўшимчалар ва D витамини қўшиш зарур. Етарли миқдорда кальций ва фосфорни таъминлаш учун эса, ёғоч кули, бўр, шунингдек чиғаноқли ва суяк унидан фойдаланиш тавсия этилади. Баъзи хўжаликларда бузоқчаларни гуруҳлаб, қиш пайтида ультрабинафша нурда нурлантиришади.

Бузоқчаларда туғма рахит пайдо бўлишининг олдини олиш учун сигирларни фақат барча зарурий моддаларни ҳисобга оладиган сифатли озуқа билан озиқлантириш, уларни тоза ва ёруғ биноларда сақлаш, мунтазам тарзда очиқ ҳавода сайр қилдириш керак бўлади. Сутдан чиққан сигирлар озуқасига қўшимча сифатида махсус премикс қўшиш кўзда тутилади. Шу билан бирга тахминан 10% янги туғилган бузоқчалар қони ветеринария лабораторияси назоратидан ўтиши лозим.

Хабибулло Хамдамов,

ЕХХТ ветеринария ва чорвачилик бўйича консультанти

Улашиш: