Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Истиқболли узум навларини етиштириш бўйича самарали ишлар

23/Dekabr/2024 13:02
  1310

Пойтахтимиздаги миллий матбуот марказида Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 февралдаги “Виночилик соҳасини ва алкоголли маҳсулотларни реализация қилишни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан “Ўзшаробсаноат” акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

“Ўзшаробсаноат” акциядорлик жамиятининг саноат узумчилиги ва бошқа хомашё базасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Д.Азимов мамлакатимизда бугунги кунда соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бунинг учун ҳудудларида саноатбоп узумзорларни кўпайтириш устида жиддий чора-тадбирлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Юртимизда виночилик соҳасини янада ривожлантиришда техник узум майдонларини кўпайтириш, жаҳон бозорида катта талабга эга бўлган, генетик жиҳатдан янги, машҳур ва истиқболли узум навларини етиштириш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилда жамият томонидан “Ўздаверлойиҳа” лойиҳалаштириш институти билан ҳамкорликда мамлакатимизда мавжуд токзорлар майдони хатловдан ўтказилди. Натижада жами 73,3 минг гектар токзор мавжудлиги, уларнинг 11,5 минг гектари саноатбоп токзор экани аниқланди. Ҳозирда бу ҳудудларда узумнинг Баян Ширей, Коберне Савиньон, Саперави, Рислинг, Пино каби бир нечта навлари етиштирилмоқда.

Жамият томонидан “Геномика ва биоинформатика” институти билан ҳамкорликда республикада узумнинг тоза, совуқ ҳароратга чидамли, турли касаллик ва ҳашаротларга чидамли ҳамда ҳосилдорлиги юқори навларининг оналик кўчатхоналарини ташкил этиш мақсадида “in vitro” усулида узумнинг “Кобер 5ВВ” ва “Reparia SO4” маркали пайвандларини кўпайтириш ишлар амалга оширилмоқда.

Берилган маълумотларга кўра, жамият таркибидаги қайта ишлаш корхоналари тасарруфида бугунги кунда 4 минг 300 гектар техник навли узумзорлар мавжуд бўлиб, корхоналар томонидан 2018-2021 йиллар давомида Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Андижон, Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятларида 17 минг гектар майдонга қўшимча узумзор ташкил этиш, уларда 3 минг 200 янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Жорий йилнинг куз мавсумида жамият таркибидаги 24 корхона томонидан 2,5 минг гектар янги саноатбоп токзорлар барпо этиш кўзда тутилган.

Улашиш: