Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Органик ўғитлар ҳақида маълумот

23/Dekabr/2024 16:10
  1157

Тупроқ унумдорлигини тиклашда, минерал ўғитларнинг самарадорлигини, қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини оширишда, айниқса, маҳсулот сифатини яхшилашда органик ўғитлардан кенг фойдаланиш катта аҳамиятга эга. Органик ўғитлар таркибида ўсимлик учун зарур бўлган барча микроэлементлар мавжуд.

Хўжалик ва канализация чиқитларидан тайёрланган гўнг ва компостлар, шунингдек лигнин, ғўзапоя, ғўзапўчоқ ва оралиқ экинлар органик ўғитларнинг асосини ташкил этади.

Минерал ўғитларнинг самарадорлигини ва тупроқнинг унумдорлигини оширишда ҳамда мўл ва сифатли ҳосил олишда органик ўғитларнинг ўрни беқиёсдир.

Органик ўғитларга гўнг, жижа, торф, парранда қийи, нажас, турли хил компостлар ва кўкат ўғитлар киради.

Органик ўғитлар таркибида азот, фосфор, калий, кальций ва ўсимликларнинг озиқланиши учун зарур бўлган бошқа элементлар, шунингдек тупроқнинг хоссаларига ижобий таъсир этадиган органик моддалар бўлади.

Гўнг—органик ўғитлар ичида энг салмоқли ўринни эғаллайди, чунки унинг таркибида ўсимликлар учун зарур бўлган барча асосий озиқ моддалар бўлади. Шунга кўра, у ўсимликларнинг озиқланиши учун энг муҳим озиқ манбаи бўлиб, ундан фойдаланиш деҳқончиликда озиқ моддалар айланишини тартибга солиб туришда катта аҳамият касб этади. Бундан ташқари гўнг ерга солинган биринчи йилигина эмас, балки ундан кейинги йилларда ҳам экинлар ҳосилили оширишга ижобий таъсир кўрсатади. Чунончи гўнг таркибидаги азот, фосфор ва калийдан иккинчи йилги экинларнинг фойдаланиши 15-20,10-15 фоизни, учинчи йилги экинда тегишлича 10-15,5-10 ва 0-10 фоизни ташкил этади.

Органик ўғитларни тайёрлаш ва улардан фойдаланиш технологияси ўғитлар таркибидаги озиқ моддаларни тўлиқ сақлаб қолиш ва уларни ўсимликларга сингадиган ҳолатда бўлишини, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўғитлар таркибида бўладиган бегона ўсимликлар уруғларини тўлиқ нобуд қилишни таъминлаши керак.

Каттиқ ҳолатдаги гўнг чорвачилик фермалари яқинидаги махсус гўнгхоналарда, улар бўлмаган жойларда далаларда уюмлар ҳолида сақланиши керак. Ҳар иккала усулда ҳам гўнг зич қилиб шиббаланган шароитда сақланиши лозим.

Гўнгни дала шароитида сақлашда, улар далага ташиб чиқилади ва ҳар қайсиси 4-6 гектар майдонга етадиган қилиб текис ерга уюлади. Уюмлар атрофи зич қилиб шиббаланади, тегишли шакл ва ўлчам ҳосил қилинади: уюмнинг кенглиги 5-6 метр, баландлиги 2-2,5 метр бўлиши керак. Уларнинг усти 10 см қалинликда тупроқ билан ёпилади. Бунда тупроқ массаси сақланаётган гўнг массасига қараганда 25 фоиздан ошиб кетмаслиги керак. Дала шароитида қурилган ҳар ҳайси гўнгхонанинг ҳажми ўғитланадиган даланинг катталигига ва ўғитлаш нормасига боғлиҳ бўлиб, унинг ҳажми 3000 м3 дан ошиб кетмаслиги керак.

Гўнг шудгор олдидан ёки экишдан олдин ҳар гектарига 15- 20 тоннадан берилади, ёки махсус хандақлар қазилиб улар гўнг билан тўлдирилади ва сув билан ивитиб қўйилади. Орадан бир неча кун ўтгач, гўнг сувда эриб шарбати чиқади, ачиш ва бижғиш жараёнлари бўлиб, ўсимлик осон ўзлаштирадиган ҳолатга келади, ҳар хил сув ўтлари ҳам кўпайиб сув юзасини қоплаб олади. Суғоришда сув ана шу хандақлар орқали ўтиб, шарбат ҳолида барча эгатларга бир хилда оқиб боради.

Манба:

Муҳаммадиев Б. Қ. (2005). Ширкат ва фермер хўжаликларида органик ҳамда минерал  ўғитлардан фойдаланиш.  Тошкент: «Янги аср авлоди».

Улашиш: