Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Токзорларда тупроққа қандай ишлов бериш лозим?

23/Dekabr/2024 07:06
  1235

Токнинг бир меъёрда ўсиши ва ҳосил бериши учун тупроқда баҳор, ёз ва кузда (сув-ҳаво режимини яхшилаш, бегона ўтларни йуқотиш ва токларни қишки совуқлардан ҳимоялаш учун) ишлов бериш зарур. Тупроққа кузда 25–30 см чуқурликда ишлов бериш баҳорга келиб тупроқда кўп миқдорда нам тўпланишига, бегона ўтларнинг йўқолишига ёрдам беради.

Агар токзорга кузда ишлов берилмаган бўлса, баҳорда токларни механизация усулида чала очиш билан бир вақтда ер ҳайдалади. Токлар очилгандан кейин қатор ораларидаги тупроқни текислаш учун культивация қилинади ёки бороналанади.

Ўсиш даври давомида тупроқда бегона ўтларни йуқотишда ва унда намни сақлаб туриш учун қатор оралари 10–12 см чуқурликда 3–4 маротаба культивация қилинади. Ҳар бир суғоришдан кейин ҳамда лалми токзорларда эса мўл ёққан ҳар бир ёмғирдан сўнг культивация қилиш керак.

Баҳор, ёз давомида юмшоқ қатлам ҳосил қилиш ва бегона ўтларни йуқотиш учун НЮ–18 плуги ўрнатилган мослама билан ток тупи атрофидаги тупроққа ишлов берилади.

Ҳозирги вақтгача токларнинг бир қисми ер бағирлатиб ўстирилади, бундай токзорларда баҳорда тупроқ чопилади, ёзги суғоришлардан кейин юмшатилади.

Механизмларнинг кўп карра ўтиши ва суғориш натижасида ток қатор ораларининг тупроғи кучли зичланади, бу ток тупларининг ўсиши ва ҳосилдорлигига салбий таъсир этади.

МПВ машиналарида ўғит солиш билан бир вақтда ҳар бир қатор орасида тупроқни уч из бўйлаб ҳар йили юмшатиш керак, чунки бу ҳолда ён юмшатгичлар тупроққа 35–40 см чуқурликда ботади ва илдиз системасини унча шикастламайди, марказий юмшатгич эса 55–60 см чуқурликка ботади. Агар иш 55 см чуқурликда уч из бўйлаб юмшатадиган МПВ машинаси билан бажариладиган бўлса, бу ҳолда қатор оралатиб юмшатиш керак.

Бундай юмшатишда тупроқнинг сув-ҳаво режими нормалашиб, илдиз тизими яхши ўсади. Натижада ҳосилдорлик 35–40 % ошади.

Лалми токзорларда тупроқ баҳорда чуқур юмшатилади, кейин ўсиш даври давомида 18–20 см чуқурликда юмшатиб турилади. Ток парвариши давомида 18–20 см  чуқурликда юмшатиб турилади. Ток парвариши МПВ, НЮ–18, УОМ–50, пневматик ток очкичлар билан  бажарилади.

МПВ, НЮ–18 машиналари билан суғориш эгатлари очилади, қатор оралари культивация қилинади ва ёппасига юмшатилади.

МПВ машинасига ўрнатиладиган НЮ–18 мосламаси ёрдамида токлар чала очилади ва қаторлардаги ток туплари атрофидаги тупроқга ишлов берилади.

Т–54В, МТЗ–80 ёки МТЗ–82 тракторларига ўрнатиладиган пневматик ток очгичлар билан ток тўла очилади.
Манба:
Абдуллаев Р. ва бошқалар (2013) Узум етиштириш ва майиз қуритишнинг замонавий технологияси. Тошкент, «Sharq».

Улашиш: