Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Анор дарахтини ўғитлаш

23/Dekabr/2024 08:58
  1168

Анордан мўл ҳосил олиш учун уни ўғитлаш жуда муҳимдир. Айрим боғбонларимиз минерал ўғит бериш билан анордан юқори ҳосил олишга берилиб кетишди.

Анор учун азот, фосфор, калий, кальций, ва бошка ўғитлар жуда керак. Лекин ҳаддан зиёд минерал ўғит ишлатиш оқибатида анор дархтингизни мўрт, тез синувчан ва совукка чидамсиз қилиб қўйишингизни унутманг. Бунинг устига анор меваси тез чириб кетади ва саклашга яроқсиз холга келади.

Яхшиси, маҳаллий ўғитларга эътиборингизни каратинг. Маҳаллий ўғитларга ҳайвонлар гўнги, суюқ гўнг, қушлар, парранда ахлати, кўмир майдаси, турли чиқиндилар, озиқ-овқат қолдиқлари ва ўт-хашак чириндилари киради.

Маҳаллий ўғитларда карбомид, азот, фосфор, водород, магний, олтингугурт ва бошқа моддалар кўп. Бу ўғитни кўп ишлатиш анор боғингиздаги тупроқни маданийлаштиради, чиринди билан бойитади. Енгил тупроқлар қовушқоқлиги ортади ва уларда намнинг сақлаш хамда моддаларни сўриб олиш, хусусияти кучаяди. Маҳаллий ўғитлар тупроқ унумдорлигини оширса, минерал ўғитлар озуқа режимини яхшилайди, бироқ, боғингизни умрига зомин бўлишини унутманг.

Анорзорингиз учун энг мақбули айтиб ўтганимиздек, маҳаллий гўнгдир. Гўнгни махсус чуқурга кўмиб, яхшилаб чиритиб, камида бир йил сақлаб, анор илдизларига тегмайдиган қилиб, ёнига чуқур қазиб, кўминг. Иккинчи йили кейинги ёнига ва шу тарзда давом эттиринг. Бу усулда барча ўғитлар ҳавога учмай, дарахтга етиб боради. Натижа эса боғингиз маҳсулдорлиги ошишига олиб боради.

Шу ерда ёш боғбон дўстларимиз орасида бахсга сабаб бўлаётган ўғит турлари анор дарахтига қай тарзда таъсири тўғрисида маслаҳат беришни ҳам лозим деб билдик.

Ўсимлик ва дарахт ҳаётида азот етишмаса экин ўсишдан тўхтайди, ҳосилдорлиги камаяди. Азот кўп берилса, айниқса, анор ўсиб, ғовлаб кетади, совуққа ва сувсизликка чидамсиз бўлиб қолади, меваси чириб кетади. Фосфор - бақувват илдиз системаси ҳосил қилади, ҳосилнинг пишиб етилишини тезлатади, мевада крахмал ва қанд тўплашда ёрдам беради.

Фосфор билан ўсимликнинг дастлабки ўсув даврида озиқлантириш муҳимдир. Анор кўчатини очиб, таги текислангач, оз миқдорда тупроққа аралаштириб бериш яхшироқ. Гўнг жамгариш чоғида гўнгга аралаштириб, анорга берсангиз, ундан ҳам тузукроқ.

Кальций илдиз системаси ўсишига ёрдам беради. Тупроқнинг ишқорлик даражасини камайтиришга яхши таъсир кўрсатади.

Калий ўсимлик тўқималарини ривожланиши учун жуда муҳимдир. Углеводларнинг пайдо бўлишига ёрдам беради, ўсимликнинг замбуруғ касалликларига, иссиққа ва совуққа чидамлилигини оширади. Анор гулини тўкилишини олдини олади.

Марганец, мис, рух, бор каби микроэлементлар ҳам ўсимлик ва боғингиз ҳаётида муҳим бўлиб, уни ўсиши ҳамда ҳосил тўплашига ижобий таъсир кўрсатади. Минерал ўғитлардан фойдаланиб, мўл ҳосил олаётган боғбонлар кўп.

Бироқ, биз бу ўғитларни полиз ва томорқангизга ишлатиб, уни обод қилишингизни, анорингизга эса маҳаллий ўғитлардан кўпроқ фойдаланишингизни тавсия қиламиз.

Манба:

И. Неъматов (2011). Анорчилик сирлари. Ёш боғбонлар, фермерлар ва барча қизиқувчиларга қўлланма.

Улашиш: