Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Сабзини тўқсонбости усулида экиш

22/Dekabr/2024 23:08
  1304

Сабзининг илдизмеваси қизил рангли, маҳаллий Зийнатли, Фаровон, хорижнинг Шантане 2461, Курода Шантанэ, Нантская 4, Канада, Карсон каби нав ва дурагайларини экиш тавсия этилади.

Тўқсонбости усулида экиш ишларини Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларда  1-30 декабрда, марказий вилоятларда 15 ноябр-15 декабр ва шимолий вилоятларда 1 ноябр -1 декабр кунларига тўғри келади.

Сабзи уруғлари СКОН-4,2, СММ-4 русумли сеялкалар билан 1,5-2 см чуқурликка 52x8, 62x8 см схемада ёки қўлда сочиб экилади. Майдон суғорилмайди Уруғ сарфи гектарига 5-6 кг ни ташкил этади. Сабзи уруғи сепилгандан сўнг майдон суғорилмайди. Барча агротехник тадбирлар бахорда бошланади.

Сабзи уруғлари баҳорда униб чиқиши билан дарҳол бегона ўтларни ўташга ва яганалашга киришиш керак. Сабзи 2 марта ўталади. Дастлабки ўташ сабзи битта чинбарг чиқарганда, кейингиси эса 3-4 барг чиқарганда ўтказилади. Ҳар ўтоқ давомида ягана ҳам қилиб борилади.

Бегона ўтларни йўқотиш учун гербицидлардан фойдаланилади. Бир йиллик ўтларга қарши, экишдан олдин гектарига Гезагард-50 ёки Прометрин препаратини ҳар гектарига 2-3 кг.дан бегона ўтлар уруғи ердан унгунга қадар ёки 1-2 чинбарг чиқарган вақтда; Фюзилад Супер 12,5% препаратини гектарига 1-2 кг ҳисобидан бегона ўтлар уруғи 2-4 та барг чиқарган вақтида пуркалади.

Сабзи иккинчи марта ягана қилиниб, ўтдан тозалангандан кейин қатор оралари трактор культиваторида юмшатилади.

Суғориш. Сабзи ўстиришда тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 70-75 % бўлиши керак.

Уруғнинг униб чиқиш, шунингдек баргнинг жадал суратда ўсиш ва ҳосил тўплаш даврида экинларнинг сувга талабчанлиги бир оз ошади. Илдизмеваси етилган вақтда экин ҳаддан ташқари кўп суғорилса, уни узоқ сақлаб бўлмайди ва ёрилиб кетиши мумкин.

Тупроқнинг намлиги етишмаса сабзининг барги қораяди, ортиқча сернам бўлса оч яшил тусга киради. Шунга мувофиқ сабзи баргининг ўсиши анча секинлашади, майдалашади ва у тўқ қизил-бинафша ранг билан қопланади. Ортиқча нам бўлганда барги яшил, томирлари эса оч қизғиш рангга киради.

Уруғ униб чиқишига қишда ва баҳорда ёққан ёғингарчилик миқдори етарли ҳисобланади. Айрим, яъни кўкламда ёғингарчилик кам келган йиллардагина уруғнинг униб чиқишини тезлаштириш мақсадида уруғ суви берилади.

Сабзи апрел ойининг иккинчи ярмидан бошлаб суғорилади. Дастлабки пайтларда экин ҳар 1,5–2,0 ҳафтада, май ойининг иккинчи ярмидан эътиборан, яъни илдизмевалар жадал суратда катталашаётганда эса ҳар 7-8 кунда суғорилади. Ҳосил етилиб, йиғим-терим пайти яқинлашганда суғориш тўхтатилади.

Сизот суви чуқур жойлашган ерларда эртаги сабзи ўсув даврида 8 мартагача, сизот суви юза далаларда эса 5-6 марта суғорилади. Тупроқ шароитига қараб гектарига 550-600 м3 ҳисобидан суғорилади.

Сабзини ўғитлаш. Сабзининг гектаридан 30 тоннагача ҳосил олиш учун юқори унумдор майдонларда соф холда 175 кг азот, 130 кг фосфор, 80 кг калий, ўртача унумдор тупроқларда 220 кг азот, 160 кг фосфор ва 100кг калий, паст унумдор тупроқларда  250 кг азот, 200 кг фосфор ва 120 кг калий берилиши лозим.

Вегетация даври: 90-110 кун.

Ҳосил пишиш даври: плёнка билан қопланганда апрелда, очиқ майдонда майда.
Манба:

Хакимов Р.А. ва бошқалар (2017). Сабзавот экинларини тўқсонбости муддатда етиштириш бўйича тавсиялар. Тошкент.

Улашиш: