Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Тоғ бағрида бирон техника ишлатмасдан яратилган боғ

23/Dekabr/2024 06:14
  1230

Жиззах вилоятининг Фориш тумани Ётоқ қишлоғида яшовчи нафақадаги ўқитувчи Ҳамза Темиров бундан етти йил аввал Нурота тоғлари ён-бағрида боғ яратишга киришган эди. Ўшанда унинг бу иши самара беришига ишонганлар ҳам, ишонмаганлар ҳам бўлди, деб хабар беради ЎзА.

Бугун ўша қияликда, устига-устак, тошлоқда Ҳамза Темиров яратган боғ ҳосилини кўрган киши инсон хоҳласа тошда гул ундиришга қодир эканига яна бир бор амин бўлади.  – Пенсияга чиққач, кўпдан кўнглимга тугиб юрган боғ яратиш орзуимни амалга оширишга киришдим, – дейди Ҳ.Темиров. – Туман ўрмон хўжалиги мутахассислари билан маслаҳатлашиб, уч ўғлим ёрдамида қишлоқ четидаги тоғ ён-бағрида бир гектар ерни тошдан тозалаб, мевали дарахт кўчатлари ўтқаздик. Олманинг “Супер голден” навидан 120 туп, шунингдек, тоғ ҳудудига мос 50 туп ўрик, ёнғоқ, гилос, олхўри, шафтоли ва бошқа мевали дарахт кўчатлари ҳам қададик. Кўчатлар тутиб кетгунига қадар булоқдан челаклаб суғориб турдик.  Яхши ниятлар билан қилинган меҳнат самарасини бугун шиғил ҳосилга кирган боғ кўрсатиб турибди. Тоғ бағрида бирон техника ишлатмасдан яратилган боғдаги маъданли ўғитларсиз, турли кимёвий элементларсиз етиштирилган меваларнинг мазасига тил ожиз. Боғбоннинг айтишича, ҳозиргача мевадан 8-10 миллион сўм даромад қилган.  Келгуси йилларда боғни янада кенгайтириш режалаштирилмоқда. Боғбон бу ишга фарзандлари, ҳамқишлоқларини ҳам ундаб, уларни ишли қилиш истагида.

Манба: www.uza.uz

Улашиш: