Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Юқори ҳосилдорликка эришган сирдарёлик фермерга “Ласетти” автомобили топширилди

22/Dekabr/2024 19:18
  1242

Боёвут туманидаги “Боёвутлик Ҳумоюн” фермер хўжалигида биринчи теримдаёқ 29,5 центнердан юқори навли пахта ҳосили олинди. Хўжалик раҳбари Абдулла Бегматовнинг телефон орқали маълум қилишича, ҳали даласида яна 60 тоннадан зиёд ҳосил бор. Бу ҳақда “Халқ сўзи online” хабар берди.

“Ўтган йили 9 декабрда пойтахтимизда бўлиб ўтган қишлоқ хўжалиги ходимлари қурултойида иштирок этган эдим. Президентимиз маърузасидаги ердан унумли фойдаланиш тўғрисида берган кўрсатмалари менда чигит экишнинг 76 схемасини қўллаш фикрини уйғотди. Ва бу йил 44 гектарда ана шу усул асосида ғўза парвариш қилдик. Ҳисоблаб кўрсак, майдонимизга одатдаги экишга нисбатан жами 6 гектарликка тенг кўп кўчат жойлаштирибмиз. Ва 18 тонна қўшимча ҳосил олиш имконияти ҳам пайдо бўлибди. Яна бир муҳим жиҳат, мазкур усул хомаки ҳисоб-китобларга кўра, даромадимизни 56 миллион сўмга кўпайтириши ҳам кутилмоқда”, - дейди фермер хўжалиги раҳбари Абдулла Бегматов.

“Сирдарёавтотеххизмат” МЧЖ масъул ходими Алишер Назаровнинг хабар беришича, бугун вилоят раҳбарияти томонидан юқори ҳосилдорлик қайд қилинган “Боёвутлик Ҳумоюн” фермер хўжалиги раҳбарига “Ласетти” автомобили дала бошида тантанали равишда топширилди.

Манба: www.xs.uz

Улашиш: