Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Тўқсонбости муддатда укроп етиштириш

22/Dekabr/2024 13:11
  1158

Тўқсонбости усулида экиш муддати жанубий вилоятларда  1-30 декабрда, марказий вилоятларда 15 ноябр-15 декабр ва шимолий вилоятларда 1 ноябр -1 декабр экилади.

Укроп бир йиллик ўсимлик ҳисобланади. Укропнинг маҳаллий Узбекский 243, Ором ва хориждан келтириладиган Анет навлари экилади. Кўклигида ишлатиладиган укроп уруғи полларга қалин қилиб сепилади. Бир гектар ерга 20-25 кг уруғ сарфланади.

Укроп совуққа чидамли бир йиллик ўтчил ўсимлик ҳисобланади. Унинг уруғини ўсиши учун 5-6 0С, кўкариб ҳосил яратиши учун 15-16 0С ҳарорат керак.

Укроп уруғи секин униб чиқади. Укроп ўтоқ қилиш, ленталар орасини юмшатиш ва бостириб суғориш йўли билан парвариш қилинади.

Кўклигида ишлатиладиган укроп апрел ойидан бошлаб, бўйи 10-15 см га етганда ўриб олинади. Укроп кўклигида ишлатиш учун экилганда гектаридан 10-12 тоннагача ҳосил олинади.

Укроп ўстиришда тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 70-75 % бўлиши керак.

Сизот суви чуқур жойлашган ерларда укроп ўсув даврида 7-8 мартагача, сизот суви юза далаларда эса 2-3 марта суғорилади. Тупроқ шароитига қараб гектарига 450-500 м3 ҳисобидан суғорилади.

Ўғитларни бериш муддатлари: Фосфор ўғитини йиллик миқдорини 75%, калийни ҳаммаси ерларни асосий ишлов даврида, қолган 25% фосфорни ерни бороналаб эгат олишда бериш тавсия этилади. Азотли ўғитларни ҳаммаси вегетация даврида озиқлантиришда иккига бўлиб берилади. Биринчи озиклантириш ўтоқ қилиб ўсимлик сони сийраклаштирилгандан сўнг, иккинчиси эса 2-3 тадан чинг барг пайдо бўлганда ўтказилади. Ўғитлар ўғитлагич мосламалар билан қатор ораларига ўсимликка яқинроқ қилиб берилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш. Укропни зараркунандаларга қарши курашда 1 гектар экин майдонига препаратлардан 20 фоизли Конфидор эм.к. (150–250 мл) ёки Маспилан (150–250 мл) ёки 57 фоизли Фуфанон (80–100 мл) препаратларини 600 литр сувга аралаштириб пуркаш тавсия қилинади.

Вегетация даври: 40-60 кун.

Ҳосил пишиш даври: плёнка билан қопланганда мартда, очиқ майдонда апрелда.

Манба:

Хакимов Р.А. ва бошқалар (2017). Сабзавот экинларини тўқсонбости муддатда етиштириш бўйича тавсиялар. Тошкент.

Улашиш: