Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Рукколани тўқсонбости муддатда етиштириш бўйича тавсиялар

22/Dekabr/2024 22:10
  1272

Руккола бир йиллик ўсимлик бўлиб, у майда қиррали узун барглардан иборат.

Рукколанинг хориждан келтириладиган Грация, Покер дурагайлари экиш учун тавсия этилади.

Ушбу экин совуққа чидамли ўсимлик. Баргларининг ўсиши ва ривожланиши учун қулай ҳарорат кундузи 15-200С ва кечаси 12-150 С бўлиши керак. У 50С паст ҳароратда ҳам ривожланади.

Тўқсонбости усулида унинг уруғлари жанубий вилоятларда  1-30 декабрда, марказий вилоятларда 15 ноябр-15 декабр ва шимолий вилоятларда 1 ноябр -1 декабр экилади.

Уруғи 15-20 см чуқур олинган полларга ёки лентасимон усулида 2-3 қатор қилиб экилади. Бунда ленталар ораси 45-60 см, лентадаги қаторлар ораси 15 см қилинади. Бир гектар ерга 4-5 кг уруғ сарфланади.  Майсалар бахорда униб чиққандан 10-12 кун ўтгач 1-марта, 2-3ҳафта ўтгач 2-охирги марта ягана қилинади. Бунда руккола тупларининг орасида 8-10 см масофа қолдирилади.

Руккола ўсимлигини парваришлашга - ўташ, қатор ораларини юмшатиш, суғориш ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш ишлари киради. Майсалар пайдо бўлгандан 30-40 кундан кейин ҳосили бир йўла йиғиштириб олинади. Ҳосили 45-50 кундан кейин уларни етилишига қараб кундузи, баргидан шудринг кўтарилгандан кейин бирин-кетин узиб олинади. Гектаридан 100-120 центнердан ҳосил олинади.

Ушбу экинни ўстиришда тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 70-75 % бўлиши керак.

Сизот суви чуқур жойлашган ерларда руккола ўсув даврида 7-8 мартагача, сизот суви юза далаларда эса 2-3 марта суғорилади. Тупроқ шароитига қараб гектарига 450-500 м3 ҳисобидан суғорилади. Рукколани ҳаддан ташқари катта меъёр билан суғориш тавсия этилмайди.

Ўғитларни бериш муддатлари: Фосфор ўғитини йиллик миқдорини  75%, калийни ҳаммаси ерларни асосий ишлов даврида, қолган 25% фосфорни ерни бороналаб эгат олишда бериш тавсия этилади. Азотли ўғитларни ҳаммаси вегетация даврида озиқлантиришда иккига бўлиб берилади. Биринчи озиклантириш ўтоқ қилиб ўсимлик сони сийраклаштирилгандан сўнг, иккинчиси эса 2-3 тадан чинг барг пайдо бўлганда ўтказилади. Ўғитлар ўғитлагич мосламалар билан қатор ораларига ўсимликка яқинроқ қилиб берилади.

Вегетация даври: 45-50 кун.

Ҳосил пишиш даври: феврал-март

Манба: Хакимов Р.А. ва бошқалар (2017). Сабзавот экинларини тўқсонбости муддатда  етиштириш бўйича тавсиялар. Тошкент.

Улашиш: