Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Олма пайвандтаглари ҳақида маълумот

23/Dekabr/2024 22:28
  1279

Кўпчилик мевали экинлар ушун энг яхши пайвандтаг боғ барпо этилаётган шароитда ўсаётган дарахтдан олинган уруғлардан етиштирилгани ҳисобланади.

Ўсиш кучи бўйича пайвандтаглар кучли, ўртача ва кучсиз ёки пакана бўлишлари мумкин. Дарахтларнинг ўсиш кучи, узоқ яшаши, ҳосилдорлиги, совуққа, касал ва зараркунандаларга чидамлилиги ва бошқа хусусиятлари пайвандтакка боғлиқдир.

Шунинг учун ҳар бир экин тури ва навига шу ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитларига мос келадиган пайвандтаглар танланиши керак.

Пайвандтаглар уруғли ва вегетатив йўл билан кўпаювчи гуруҳларга бўлинади. Уруғли пайвандтагларда олма кучли ўсувчи, узоқ яшайдиган, ноқулай шароитларга чидамли, лекин кеч ҳосилга кирадиган бўлади. Ўзбекистонда олма учун кушли ўсувчи уруғли пайвандтагларга Сиверс (M. sieversii) олмасининг маҳаллий шакллари, Розмарин, Кандиль синап, Пармен зимний золотой навларини ниҳоллари киради.

Бухоро, Хоразм вилоятларида ва Қорақалпоғистон республикасида тупроқнинг шўрланиш даражаси сезиларли бўлганлиги сабабли пайвандтаг учун олманинг маҳаллий Бобоараб, Хазорасп шаклларидан фойдаланиш яхши натижа беради.

Олманинг вегетатив йўл билан кўпаювчи пайвандтаглари

Олманинг пакана ва ярим пакана дарахтларини етиштириш ушун вегетатив йўл билан кўпаювши пайвандтаглардан фойдаланилади. Улар инглиз профессори Р.Х.Хэттоннинг (Ист-Моллинг станцияси) номенклатурасига асосланган рақамлар билан белгиланади. У пайвандтагларнинг 6 турини тавсифлаб, рим рақамлари билан белгилади. Уларга М ёки ЕМ ҳарфлар қўшилади. Россияда яратилган дурагай пайвандтаглар ҳам рақамлар билан белгиланади. Ўзбекистонда – М.Мирзаев номли боғдорчилик, узумшилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтида тез ҳосилга кирувчи, юқори ҳосилдор, мева сифати юқори бўлган, дарахтлари унча катта бўлмаган жадаллашган боғлар барпо этиш ушун истиқболли М9, М26, М7, ММ102, М2, ММ104, ММ111, ММ109 клон пайвандтаглари синовдан ўтказилди (1-расм).

payvantaglar-balandligi-854dlkf.png (533 KB)

Расм 1. Вегетатив кўпаювчи пайвандтаглар баландлиги

пакана пайвандтаглар: а – М27, б – М9, в – М26; ўрта ўсувчи: г – ММ106; кучли ўсувчи: д – ММ111, е – М25.

 

М9 (Парадизка IX, EM IX). Жанубий зоналар учун пакана пайвандтаг ҳисобланади. Замонавий жадаллашган боғлар учун вегетатив йўл билан кўпаювчи яхши пайвандтаглардан бири. Пайвандтагнинг она буталари ва унга пайванд қилинган навлар механик таркиби бўйича енгил, унумдор ва мунтазам равишда суғориладиган тупроқларда яхши ўсади. Дарахтларнинг бўйи унча катта эмас (3-4 м), эрта ҳосилга киради (3-4 йил), мевалари йирик, рангли, юқори ва мунтазам ҳосил бериши билан ажралиб туради. Лекин илдиз системасининг кучсиз ривожланиши сабабли шамолдан эгилиши ва йиқилиши мумкин. Шунинг учун унга тирговичлар керак. Бу пайвандтагларда пальметт боғларини барпо этган маъқул. Буларга пархиш бериш хусусияти кучсиз ва улар қон бити билан зарарланади. Пайвандтагдан оралиқ сифатида фойдаланиш мумкин. Ўсимликлар бу пайвандтагда 20 йил атрофида яшайди.

М26. М16 ва М6 пайвандтагларини чатиштириш йўли билан олинган. Бу пайвандтагда дарахтлар ўсиш кучи бўйича М9 ва М7 пайвандтаглар билан оралиқ ўринни эгаллайди. М26 пайвандтагининг илдиз системаси М9га нисбатан анча бақувват ва чидамлироқ. Навлар М26 пайвандтагида суғориладиган муҳитда енгил ва унумдор тупроқларда яхши ўсади. Эрта ҳосилга киради ва юқори ҳосил беради.

М7 (Дусен VII). Ярим пакана пайвантдаг. М7 пайвандтагда навлар 4-5 йил ҳосилга киради ва юқори ҳосил беради. Бу пайвандтагда кўчатларнинг чиқими юқори ва қон битига чидамлироқ. Бу пайвандтагда навлар етарли даражада суғориладиган шароитда механик таркиби оғир бўлган тупроқларда ҳам яхши ўсади. Ўсиш кучи ва яшаш давомийлиги бўйича республикамизда суғориладиган жадаллашган боғлар ушун муҳим пайвандтаг ҳисобланади.

ММ106. Ўрта бўйли пайвандтаг бўлиб, қон битига чидамли олманинг Норзерн спай навини М1 (Англия) пайвандтаги билан чатиштириш йўли билан олинган. Бу пайвандтагда дарахтларнинг бўйи М7га нисбатан анча катта. Илдиз системаси бақувват бфлиб, ерга яхши мустаҳкамланган. Навлар ММ106да 3-4 йил ҳосилга киради ва унумдорлиги тез ошиб боради. Навлар бу пайвандтагда қон бити билан зарарланмайди, унумдор, механик таркиби ўртача бўлган тупроқларда яхши ўсади. Ҳозирги пайтда асосий пайвандтаглардан бири ҳисобланади.

М2. Ўрта бўйли, қурғоқчиликка чидамли пайвандтаг. Ҳосилга 5-6 йил киради ва мунтазам равишда юқори ҳосил беради. Қон бити билан кучсиз зарарланади.

ММ104. Ўрта бўйли, тупроққа яхши маҳкамланган, қон бити билан зарарланмайдиган пайвандтаг. Ёш дарахтлари кучли ўсади, бу пайвандтагда навлар эрта ҳосилга киради (4-5 йил) ва юқори ҳосил беради. Ҳосилга киргандан сўнг дарахтларнинг ўсиши сусаяди. Дарахтлар бу пайвандтагда 45-50 йил яшайди.

ММ111. Англияда яратилган (Норзерн спай×Мертон 793 пайвандтаги). Ўрта бўйли, қурғоқчиликка чидамли пайвандтаг. Эрта ҳосилга киради ва юқори ҳосил беради.

Манба:
Е. А. Шредер, К. И. Байметов, Ш. М. Ахмедов (2015). Ўзбекистон фермер хўжаликларида олма кўчатларини кўпайтириш технологияси бўйича тавсиялар. М.Мирзаев номли БУваВ ИТИ, Тошкент.

Улашиш: