Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Нок учун қандай пайвандтаглар тавсия этилади?

23/Dekabr/2024 15:41
  1168

Нок учун пайвандтаглар - маҳаллий ёввойи, ўрмон ноки. Бу нокнинг кўп тур хиллари Чимён тоғларидаги ўрмон массивларида ўсади. Бу пайвандтаг кучли ўсадиган, қишга чидамли, илдиз тизими ерга чуқур кирадиган ўқ илдизли маданий навлар пайванд қилинганда яхши тутиб кетади ва узоқ яшайди. Унинг айрим турлари илдиз бачкисидан кўпаяди.

Маҳаллий маданий нав уруғ кўчатлари кучли ўсадиган яхши пайвандтаглар ҳисобланади. Маҳаллий навлардан Тошкент - нок ва Кулола навларини кўрсатиб ўтиш мумкин. Бу иккала нав кучли ва бир текис пайвандтаглар беради ва буларни Тошкент вилоятида экиш учун тавсия этиш мумкин.

Самарқанд вилояти учун қурғоқчиликка ғоят чидамли пайвандтаглар тариқасида маҳаллий нокларнинг Шакар-Мурут ва Норингнавлари энг яхши пайвандтаглар ҳисобланади; Хоразм вилояти учун шўрга чидамли, сизот сувлари юза бўлган ерларда ҳам ўса оладиган маҳаллий Алмурутнав нок дарахти тавсия этилади; тоғ шароитида пайвандтаг сифатида Тян-шань гуруҳига кирувчи (ҳар хил баргли) нокни экиш мумкин.

Беҳи – нок учун ўртача пакана пайвандтагдир. Беҳи уруғидан ва вегетатив йўл билан (қаламча ва пархишдан) кўпайтирилади. Нокнинг бир қанча навлари билан беҳи физиологик жиҳатдан тўғри келмаслиги кузатилган. Беҳига уланган нок яхши тутиши учун оралиқ пайванд усули қўлланилади. А типидаги беҳи, шунингдек, беҳи маҳаллий навларининг кўчатлари пайвандтаглар учун энг яхши тип ҳисобланади.

Беҳини “А” типи. Совуққа чидамсиз, кучсиз пакана пайвандтаг бўлиб. Илдизи майда ва мўрт бўлганлигидан етиштирилган дарахтлар шамолда айниқса захлатиб суғорилганида бир томонга қийшайиши ёки синиб кетиши мумкин. Шунинг учун бу пайвандтагда ўстириладиган нок кўчатларини шамол тегмайдиган кичкина ва шамолдан тўсилган томорқа участкаларида ўстириш тавсия этилади. Беҳини “А” типига пайванд қилинган нок дарахтлари камроқ ҳосил берганлиги учун уни ўрталиқ пайванд қилишда ишлатиш мумкин.

Беҳини “ВА-29”. Асосан бу пайвандтаг Молдавияда, Грузияда ва Қримда кўп тарқалган, кейинги йилларда кенг тарқатила бошланди. Бу пайвандтагнинг илдизи ер бетида яхшироқ ўсганлиги учун айрим қаттиқ-қора совуқлардан кучли шикастланиши мумкин.

Беҳини “R3” типига нисбатан Беҳини “ВА-29”. ниҳолларга пайванд қилиб етиштирилган дарахтлар шамолга, совуққа анча чидамлилиги билан ажралиб туради. Серҳосил боғларда новдалар пархиш қилинганида пайвандтаглар яхши илдиз отганлиги учун серилдиз пайвандтаглар сони ҳам кўпаяди. Ўзбекистонда 1979 йилларгача Академик М.М. Мирзаев номли боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси базаларида олиб борилган кўп йиллик илмий-тадқиқот ишлари натижасида вегетатив усулда яхши кўпаядиган беҳини бир қатор янги типлари ўрганилиб ишлаб чиқаришга тавсия қилинган.

Беҳини “С-А” типи пайвандтаги Франциядан яқинди келтирилган, тупи ҳам, шохи ҳам ўртача ўсади, новдалари яхши илдиз отади, бир тупидан 15-20 донагача илдиз отган пайвандтаг олинади, пайванд қилинган нок навлари яхши тутади. Ўзбекистоннинг суғориладиган ерларида энг яхши, ўртача ўсувчи пайвандтаг ҳисобланади. Қон бити билан касалланмайди.

Беҳини “У” шакли. Қон бити билан касалланмайди, пайвандтаглари серилдиз, пайвандуст билан яхши туташишади.

Беҳини “Алуштинская”шакли. Бу пайвандтаг Алушта яқинда келтирилган, ҳозир у синовдан ўтмоқда.

Беҳини “R4” шакли. Бу пайвандтаг ҳам синовдан ўтмоқда. Анчагина қурғоқчиликка ва қон битга чидамли. Нокни кўпчиллик навларига кўпайтиришда тавсия этилади.

Беҳини “С” шакли. Пайвандтаглари кучли ўсади, пайвандтаг илдизлари бақувват, тупроқдан яхши озиқланади ва шох-шаббасини мустаҳкам сақлайди. Кўчатзорлардан олинадиган кўчат проценти анча юқори бўлади.

Манба:

И.Т.Нормуратов, И.Ч.Намозов (2016). “Мевачиликда интенсив технологиялар” модули бўйича ўқув-услубий мажмуа. Тошкент.

Улашиш: