Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Узум ҳосилини йиғиштириш ва ташиш бўйича тавсиялар

23/Dekabr/2024 15:13
  1091

Узум ҳосилини ўз вақтида ва тўғри йиғиштириб олиш учун ҳосилни йиғиштириш режасини тузиш керак. Режа ҳосил миқдорини олдиндан аниқлаш, мева сақлагич идишлари, зарур бўладиган транспорт воситалари, қуритиш майдончаларини, маҳсулотни қишда сақлаш учун омборлар тайёрлаш ва шу каби бир қатор ишлаб чиқариш технологик ишларни ўз ичига олади.

Ҳосилни йиғиштириб олиш вақти унинг пишганлиги ёки маълум бир маҳсулот ишлаб чиқариш узумнинг қандлилиги ва кислоталилиги бу мақсад учун яроқлилиги билан белгиланади. Кишмиш навлар қандлилиги 24–25% лигида, майизбоп навлар – 22–23% лигида узиб олинади. Оқ мусаллас ишлаб чиқариш учун узум қандлилиги 17–18%, қизил мусаллас учун 18–20 % лигида, хўраки навлар таркибида қанд миқдори 16–17% ва ундан юқорилигида йиғиштириб олинади.

Узум қуритиш ёки жойларга юбориш учун мўлжалланган токзорларни суғориш ҳосил йиғиштириб олишдан 2–3 ҳафта олдин тўхтатилиши керак. Узумни ҳаво қуруқ вақтда узиш керак. Хўраки навлар танлаб, фақат пишган узум бошларигина узилади. Узум бошлари ўткир боғ қайчи ёки махсус қайчилар билан кесилади, бунда узум бошини бандидан ушлаб туриш керак. Зарарланган ёки шикастланган мевалар алоҳида жойланади. Узилган узум бошлари яшикларга ёки сиғими 10–12 кг ли саватларга жойланади. Навларни аралаштириб юборишга йўл қўйилмайди.

Узумни қаторнинг ўртасидан бошлаб узиш ва қаторнинг икки томонидаги йўлга олиб чиқиш керак.

Узум махсус шийпон ёки жойида яшикларга жойланади. Узумни яшикларга жойлаштиришда бандлари пастга қаратиб қўйилади, яшикда бўш жойлар бўлмаслиги керак, бундай жойларга массаси 150 гр дан кам бўлган узум бошлари жойланади.

Узумни поездларда ёки самолётда жўнатишда яшик қопқоғининг иккита четки тахтачалари қоқилган бўлиши керак. Яшикларни тахлашда бу тахтачалар рейка-қистирмалар учун таянч бўлиб хизмат қилади.

Узум қуритиш учун сиғими кўпи билан 20 кг ли яшикларга йиғилади ва қуритиш пунктига ташилади, у ерда сараланади ва яроқсизи чиқариб ташланади. Эзилган ва яхши пишмаган йирик узум бошлари ғужумларга бўлинади ва кейинги жараёнга узатилади.

Манба:

Р.М. Абдуллаев ва бошқалар (2013). Узум етиштириш ва майиз қуритишнинг замонавий технологияси. Тошкент: «Sharq».

Улашиш: