Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Доривор тирноқгул: фойдали хусусиятлари ва етиштириш технологияси

24/Dekabr/2024 03:25
  1456

Доривор тирноқгул — Сalendula Officinalis L. астрадошлар — Asteraceae (мураккабгулдошлар — Compositae) оиласига киради.

Бир йиллик, бўйи 30—50 (баъзан 60) см га етадиган ўт ўсимлик. Илдизи шохланган ўқ илдиз. Пояси қаттиқ, тик ўсувчи, асос қисмидан бошлаб шохланган, қиррали бўлиб, юқори қисми безли туклар билан қопланган. Барги оддий, бандли, чўзиқ-тескари тухумсимон, сертук, пояда кетма-кет жойлашган. Поянинг юқори қисмидаги барглари бандсиз, тухумсимон ёки ланцетсимон, гуллари саватчага тўпланган. Меваси — писта.

Июнь ойидан бошлаб, кеч кузгача гуллайди, меваси июлдан бошлаб етилади.

Қўлланилиши. Маҳсулотнинг доривор препаратлари турли яралар, куйганни даволашда, стоматит, ангина ва бошқа томоқ оғриғи касалликларида оғиз ҳамда томоқни чайқаш учун ишлатилади, шунингдек, гастрит, меъда ва ун икки бармоқ ичакнинг яра касалликлари ҳамда жигар касалликларини даволашда қўлланилади. Калефлон препарати меъда ва ўн икки бармоқ ичак яра касаллигида яра битишини тезлатувчи ва яллиғланишга қарши восита сифатида ҳамда гастритни даволашда ишлатилади. Маҳсулот баъзи рак касалликларида ишлатиладиган препаратлар таркибига ҳам киради.

Етиштириш технологияси. Тирноқгулни республикамизнинг барча тупроқ-иқлим шароитларида экиб ўстириш мумкин. Лекин у унумдор ва нами етарли, механик таркиби ўртача тупроқларда яхши ҳосил беради.

Тирноқгулни яхши ривожланиши, ундан сифатли ва мўл тўпгуллар етиштириш мақсадида уларни ўғитлаш, суғориш муддатларини тўғри белгилаш, зараркунанда ва бегона ўтларга қарши курашга эътиборни қаратиш лозим бўлади.

Тирноқгул экиладиган ерларни кузда ер ҳайдаш олдидан гектарига 20—30 тоннадан маҳаллий ўғит ва фосфор ўғитини йиллик нормасини 70% ни бериб, 25—30 см чуқурликда ҳайдаб қўйилади. Тирноқгулни кеч кузда ёки эрта баҳорда экилади. Уруғларни экишга тайёрлашда қуйидаги Гост қоидаларига риоя қилиш зарур: уруғ кондицияга етган ва I ёки II класс бўлиши керак; тозалиги 94—96% ва унувчанлиги 70—75% дан кам бўлмаслиги керак.

Тирноқгулни уруғини эрта баҳорда экишдан олдин ерларни текислаб, бегона ўтлардан тозалаб, тупроқ ҳарорати 20—22°С бўлганда уруғлар 2—3 см чуқурликка қадалади ва гектарига 10—12 кг уруғ сарфланади. Уруғлар экиш ускуналари ёрдамида қатор оралари 60 см қилиб экилади ва уруғлар 7—8 кундан кейин униб чиқиши мумкин. Тирноқгулни парвариш қилиш дастлабки кўчат ҳосил бўлиши билан бошланади. Тирноқгул униб чиққандан кейин, пайкаллар ўтоқ ва ягана қилиниб, қатор ораларига 15—20 см масофада ҳар бир уяга 1—2 тадан ўсимлик қолдирилади. Қатордаги бегона ўтлар мотига ёки кетмон ёрдамида тозаланиб турилади. Қатор ораларида эса тракторли культиваторлар қўлланилиши ҳам мумкин. Ўсимликларни биринчи озиқлантириш майсалар униб чиққандан кейин, гектар ҳисобига 30 кг азот ва фосфор ўғити беришдан бошланади. Тирноқгул озиқа элементларга жуда талабчан бўлгани учун иккинчи озиқлантиришни ўсимлик шоналаш давридан бошланади ва гектарига 40 кг дан азот ва 30 кг дан калий ўғити бериш мақсадга мувофиқ бўлади. Озиқлантириш ҳар бир суғоришдан олдин амалга оширилишини тавсия қилинади. Суғоришдан кейин тирноқгулнинг қатор оралари юмшатилади ва бегона ўтлардан тозаланади.

Охирги озиқлантиришни тирноқгул ёппасига гуллаганда гектарига 40 кг дан азот ва 30 кг дан фосфор бериш билан тугатилади.

Тирноқгул кузда экилганда апрель ойларида майсалар ҳосил бўлади. Ҳар туп кўчатда 3—4 та барг чиққанида эгат олинади. Илиқ куз чўзилиб кетганида уруғларнинг бир қисми кўкаради ва тупбарг тарзида қишни ўтказади. Уни кўпинча совуқ урмайди. Қишдан чиққан кўчатлар 35—40 кунда яъни май ойининг бошларида гуллай бошлайди. Тирноқгул суғориладиган типик бўз тупроқларда экилган бўлса, намгарчилик кўп бўлган йилларда ер юзасида қатқалоқ ҳосил бўлиши мумкин. Бу эса кўчатлар сонини камайишига олиб келади. Қатқалоқни йўқотиш учун айланма мотига, майда мола ва игнали ғалтаклар қўлланилади. Бундай тадбирлар ўтказилса ниҳоллар зарарланмайди.

Июнь ва июль ойларида тирноқгул туплаб кетиши натижасида унинг қатор ораларига ишлов бериш анча қийинлашади ва вегетация давомида жуда кўп кўк масса ҳосил қилади. Шунинг учун ҳам у озиқа элементларга жуда талабчан ўсимлик ҳисобланади. Шуларни эътиборга олиб, тирноқгулни алмашлаб экиш далаларига жойлаштириш тавсия этилади.

Мавсум давомида тирноқгул экинзорлари ҳаво ҳарорати ва намгарчиликни ҳисобга олган ҳолда 9—10 марта суғорилади.

Унумдор ерларга экилган, бегона ўтлардан тозаланган ва куз ойларида қатор ораларига 70—80 кг фосфор ўғити билан озиқлантирилган, чуқур культивация қилинган тирноқгул экинзорларини 2—3 йил сақлаб фойдаланиш мумкин бўлади. Бунда қайта экиш талаб этилмайди. Ҳар йили тирноқгул уруғи тўкилиши натижасида қишда ва баҳорда ўсиб чиққан кўчатлардан фойдаланиш мумкин. Тирноқгулни вегетация даврида яхши парвариш қилинса (ўғитлаш, суғориш, зараркунанда ва касалликларга қарши кураш) май ойидан кеч кузгача (совуқ тушгунча) гуллари очилиб туради. Вегетация давомида унинг гулини 15—20 маротаба териб олиш мумкин. Териб олинган гулсаватчаларнинг ҳосилдорлиги гектаридан 10—18 центнерни ва ундан ҳам кўпроқни ташкил қилиши мумкин.

Тирноқгул ҳам барча маданий экинлар каби ўсув давомида ун шудринг, юлдузсимон пашшалар, ердаги ҳашарот личинкалари, қўнғиз ва каналар, лавлаги узунбуруни, замбуруғлар, ширалар, капалаклар ва бошқа ҳашаротлар билан касалланиши мумкин.

Касалликни олдини олиш мақсадида 100 литр сувга 25 мл топаз препаратини эритиб пуркалади. Ундан ташқари капалак қуртига қарши 1% ли энтобактерин (гектарига 600 л) суспензияси билан пуркалса яхши натижа беради. Тирноқгул экилган майдонларда капалаклар тухум қўйган даврда гектарига 40—45 минг дона трихограммалар қўйиб юбориш тавсия қилинади. Ун шудринг тушган далаларни эса ҳарорат юқори бўлган даврларда гектарига 30 кг майдаланган олтингугурт билан чанглатиш лозим бўлади.

Ширалар, трипслар ва капалакларга қарши «Данадим», 40% ли эмульсияси билан ўсимликларни ўсув даврида 2 маротаба пуркалади.

Тирноқгулни ҳосилини йиғиш ва қуритиш. Тирноқгулнинг ҳосилини гуллай бошлагандан теришга киришилади. Янги очилган гулларини биринчи навбатда қўлда терилади. Гул саватчалари тез-тез очилиши муносабати билан ҳар 3 кунда, кечи билан 4—5 кунда териб турилади. Ўсимликдан териб олинган тўпгуллар қизиб кетмаслиги ва унинг сифати бузилмаслиги учун саватчаларда ва тўпламларда 3—4 соатдан ортиқ сақланмаслик керак. Терилган маҳсулот махсус қуритгич асбобларда (СПК), ҳаво (ВПТ-400, 600) қуритгичларда 40—45°С гача қуритилади, 4—6 кун давомида қуритилган маҳсулот босилмасдан махсус қоғоздан ясалган қопчаларда 20 кг дан қилиб жойлаштириб сақланади. Маҳсулотни қуруқ омборларда сақлаш муддати 2 йилдан ошмаслиги керак.

tirnoqgul-kalenduly-1259gflhj.jpg (149 KB)

 

Манба: moodle.pharmi.uz

Улашиш: