Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Экотуризм билан шуғулланмоқчи бўлган фермер

24/Dekabr/2024 05:07
  1297

Мамлакатимизда туризмни изчил ривожлантиришга қаратилган кўплаб дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқилиб, ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилмоқда, деб хабар берди “Оила даврасида” газетаси.

Айниқса, экотуризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Сайёҳларнинг табиат қўйнида мароқли ҳордиқ чиқариши, бетакрор табиат гўзаллигидан баҳра олиши, наботот ва ҳайвонот оламининг нодир намуналари билан яқиндан танишиши учун қулай шароитлар яратилган. Хоразм вилоятининг Хива, Ҳазорасп, Урганч ва Боғот туманларида ҳамда Амударё қирғоқларида ҳам экотуризм жадал ривожланмоқда.

— Экотуризм ривожи йўлида ўз ҳиссамизни қўшиш мақсадида 2017 йил сентябрь ойидан Фарғона вилояти ва Қўшкўпир туманидаги «Ибрат Рўзмат» оилавий корхонасидан келтирилган 12 та туяқушни парваришлаб экотуристик маскан очдик, — дейди Боғот туманидаги «Шарифбой-Шоҳжаҳон» фермер хўжалиги раҳбари Илҳом Вапаев. - Туяқушлар иссиқ иқлимга мослашган, шу сабабли бизнинг табиатимиз ҳам уларнинг яшаши ва кўпайиши учун қулай. Улар уч-тўрт йилда 120-150 килограмм тош босади. Туман ҳокимлиги вакиллари келиб, туяқушларни кўришди. Фаолиятимиз учун икки гектар ер майдони ажратиб беришди. Ҳозир янги ферма қуриш ва экин экишни мўлжаллаяпмиз.

Туяқуш жуда ўтхўр, айниқса, бедани хуш кўриб ейди. Уларни ҳозирда турли озуқалар бериб парваришлаяпмиз.

Бундан ташқари, мазкур хўжаликда 200 курка ва 350 бош бедана ҳам боқилмоқда. Қуш турларини янада кўпайтириш режа қилинган. Бугунги кунда фермада уч киши иш билан банд. Бу паррандалардан ойига 70 килограмм гўшт олиш мумкин. Уддабурон фермер Илҳом Вапаев бугунги кунда ички бозорларимизни гўшт маҳсулотлари билан таъминлашга ҳисса қўшиб  келмоқда.

Туяқуш ўта сезгир, зийрак, бегонани тез илғайди. Эгасига эса эркаланиб турли товушлар йўллаб, қанотларини қоқиб, бошқа туяқушлар билан рақсга тушгандек туради. Ҳозирда қишлоқ аҳолиси келиб ушбу жонзотларни томоша қилиб кетишяпти. Келгусида бизнинг фермер хўжалигимиз туристик маршрутга киритилиб, сайёҳларга хизмат қилади.

Муаллиф: Болтабой Муҳаммад Қурбон.  Манба: od-press.uz

Улашиш: