Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Азотли ўғитлар ҳақида маълумот

24/Dekabr/2024 04:27
  1180

Аммиакли селитра - таркибида 34-34,5% нитрат ва аммиак формасидаги азот мавжуд. Бу ўғит донадор бўлиб, оқ, қизғиш ва сарғиш рангда бўлади. Гигроскопик, сақлаш вақтида муштланиб қолади, сувда эрувчан. Шу сабабли уни ҳамма агротехника тадбирлари ва муддатларида ерга солиш мумкин (экишгача, экиш билан бир вақтда ва экинларни озиқлантириш маҳалида).

Аммоний сульфат - таркибида 20,8-21,5% аммиак шаклидаги азот ва 24% олтингугурт мавжуд. Аммоний сульфат ташқи кўринишидан турли ранглардаги (аралашмаларига қараб) майдаланган тузга ўхшайди. У оқ рангдан зангор ранггача бўлиши мумкин. Аммиакли селитрадан фарқ қилиб сувда секин эрийди, тупроқдан кам ювилиб кетади. Гигроскопиклиги кам, муштлашиб қолмайди, сочилувчанлиги яхши. Тез-тез суғориладиган қумлоқ жойларда яхши самара беради.

Мочевина (карбамид) - таркибида 46 %  амид формасидаги азот мавжуд бўлиб, концентрациялашган азотли ўғитдир. У оқ рангда бўлиб, донадор ҳолда ишлаб чиқарилади, сувда секин эрийди. Гигроскопиклиги унчалик юқори эмас, чунки юқори температурада гигроскопиклиги пасайиб, сақлаш вақтида муштланиб қолиши мумкин. Барча агротехника усуллари ва муддатларида ишлатиш мумкин. Ўзбекистоннинг юқори биогенли тупроқ шароитида азотнинг турли формалари ўсимликнинг ўсиш даврида нитрификацияга жуда тез берилади. Шунинг учун агрономик самарадорлиги бўйича уларнинг барчаси бир хил ҳисобланади. Шу сабабли азотли ўғитлар бўлиб-бўлиб экишга қадар ва ўсимликнинг ўсиш даврида ишлатилади. Мочевина (карбамид) кузги ғалла экинларига гуллаш олдидан берилса, донда углевод миқдори ошади ва экин ҳосилдорлиги янада кўпаяди.

КАС – суюқ самарали азотли ўғит бўлиб, нитрат, аммоний ва амид азотларидан ташкил топган. Барча қишлоқ хўжалик ўсимликларига фойдали, асосий озиқлантириш ва қўшимча ўғитлашда самарали натижа беради. КАС (таркибида 28-32 фоиз азот бор) ўсимликларнинг азот билан узоқ вақт озиқланишини таъминлайди. Таркибида эркин азот йўқлиги сабабли, у тупроққа солинганда атмосферага буғланиб кетмайди, лекин аммоний шаклининг мавжудлиги, айниқса, юқори ҳарорат шароитларида ва солингандан сўнг ёғингарчиликлар бўлмаганда, нам тупроқ тортилишини талаб қилади.

Манба:

Муҳаммадиев Б. Қ. (2005). Ширкат ва фермер хўжаликларида органик ҳамда минерал  ўғитлардан фойдаланиш.  Тошкент: «Янги аср авлоди».

Улашиш: