Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Лобелия гули ҳақида...

24/Dekabr/2024 13:21
  1183

Лобелия — биологик хусусиятига кўра кўп йиллик ўсимлик, лекин манзарали боғдорчиликда бир йиллик ўсимлик сифатида кўпаяди. Қўнғироқгуллилар оиласига мансуб. Гулчиликда лобелия эринус тури кенг тарқалган. Жанубий Африкадан келтирилган. Паст, ихчам, баландлиги 10 дан 25 см гача. Гуллари кўп, диаметри 1 см гача, оқ, кўк, тўқ зангори рангда. Охирги тилга олинган ранги айниқса, манзарали боғдорчиликда юқори баҳоланади. Июн охиридан октябргача гуллайди. Сўлиган гуллар ўсимлик манзаралилигини пасайтиради, аммо кесилгандан сўнг ўсимлик тез қайта гуллайди ва ўзининг олдинги чиройини яна тиклайди.

Уруғлари январ-феврал ойларида яшикларга экиш билан кўпайтирилади. Қоида бўйича, бир йўла бир нечта яшикларга кўчириб ўтқазилади, апрел ойида эса очиқ ерга — доимий жойига экилади. Экишдаги масофалар 8 дан 15 см гача. Қуёшли жойларда, юмшатилган унумдор қумоқ ёки қумлоқ тупроқда яхши ўсади ва гуллайди. Чириндига бой тупроқда ва сояда ўсимлик «семиради» ва ёмон гуллайди.

Лобелия эринус гиламли гулдонларда ва ҳимоячи ўсимлик сифатида ишлатилади. Унинг узун палакли шакли ампел ўсимлик сифатида — гулдонларда, яшикларда, айвонларда ва ҳоказоларда ишлатилади. Тувак ўсимлиги сифатида лобелия бир неча йил ўсиб, гуллаши мумкин.

Манба:

Ҳ. Бўриев, Л. Абдураҳмонов, А. Жонобекова (1999). Гулчилик. Тошкент: «Меҳнат».

Улашиш: