Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Хурмо касалликлари ва зараркунандаларига қарши кураш

24/Dekabr/2024 11:17
  1263

Ўзбекистон шароитида хурмо дарахтига қуйидаги ҳашаротлар зарар етказади: ўргимчак ва қизил кана, қалқондор, узум куяси.

Касалликлардан – бактериоз, чириш касали ва мева тўкилиши. Ўргимчак ва қизил каналар, асосан, баргнинг орқа томонида ҳаёт фаолиятини ўтказади (барг ширасини сўради), каналар ёзда, қуруқ ҳавода актив бўлади. Шикастланган барглар рангсизланади, кўнғирлашади ва тушиб кетади. Дарахтлар кучли зарарланганда барглари ва мевалар тушиб кетади, ёш ғўра мевалари шу бўйича қолади.

Қалқондор дарахтнинг катта ва кичик шохларида, новдаларда, баргларда, меваларда жойлашиб ҳаёт фаолиятини ўтказади, кучли зарарланганлари катта-катта колониялар ҳосил қилишади. Ўсимликни танасидан (жойлашган еридан) ширасини сўриб олиб, уни ҳолсизлантиради ва ҳосилдорлигини кескин сусайтириб юборади.

Кулранг узум куяси асосан баргларда, новдада ва мевада ҳаёт фаолиятини кечиради. Мева косачасида кўпроқ жойлашади, кучли зарарланганда дарахтларнинг катта қисмини эгаллайди, дарахтнинг ўсиши ва ривожланиши кескин сустлашади, мевалар тўкилади, куянинг ширин ажратмасида грибоклар кўпаяди.

Бактериоз касаллиги баргларда доғлар ва сарғайиш ҳосил қилади, натижада мева тўкилади, новдалар ва дарахт қурий бошлайди.

Чириш касаллиги ва мева тўкилиши касалликлари ҳам дарахтга анча шикаст  етказади.

Хурмо дарахти зараркунандалари ва касалликларига дарахтни зарарланганлик даражасидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги тадбирлар қўлланилади:

1. Қиш даврида барча ҳашаротларга қарши (калқондор, кана, куя) дарахтларга «Препарат-30» мойи билан ишлов берилади.

2. Касалликларга қарши қиш даврида дарахтларга 1% ли мис купороси ёки 3% ли бардо суюқлиги билан ишлов берилади. Баҳорда личинкаларга қарши инсектицидлар билан яхшилаб ишлов берилади. Ёз даврида эса каналар муаммо бўлганда акарацидлардан фойдаланиш мумкин.

3. Агар фақат ўргимчак ёки қизил кана билан шикастланган бўлса, унда олтингугуртни 1:1 нисбат қилиб, тупроқ (кул) аралашмаси билан 2 маротаба ишлов бериш яхши натижа беради.

4. Ҳар хил касалликларга қарши гуллашдан олдин ва кейин 1% ли бардо суюқлиги билан ишлов берилади. Дарахт танаси 10% оҳак эритмасига 3% ли темир купороси қўшиб оқланади.

5. Қиш даврида ишлов беришдан аввал дарахтнинг қуриган шохлари олиниб, буташ ҳам ўтказилган бўлиши лозим. Зарарланган барглар, мевалар ва шохлар боғдан йиғиб олиниб ёқиб ташланади.

Боғда касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш юқори агротехника фонида ўтказилиши зарур, чунки агротехника тадбирларининг паст даражада ўтказилиши, касалликлар ва зараркунандалар кўпайишига сабаб бўлади. Фақат хурмо боғидагина эмас, балки ёнатрофда ҳам хас-хашакларни йиғиб, йўқ қилиб юриш лозим, чунки у ерда ҳашаротлар ин қуриб кўпайиши ва боғга зарар етказиши эҳтимоли кўпроқ. Шунинг учун боғга ишлов берганда ён-атрофдаги майдонга ҳам ишлов берилса натижа салмоғли бўлади.

Хурмо зараркунандалари ва касалликлари турли минтақаларда турличадир. Муаммо туғдириши мумкин бўлган зараркунандаларнинг умумлаштирилган рўйҳати ушбу кўринишга эга: кокцидларнинг бир неча тури, унсимон қуртлар, каналар, куя, мева пашшаси ва мевахўр кўршапалаклар.

Хурмо учун муаммо туғдирувчи касалликлар сифатида илдиз раки (бактерияли) (сгawn gall) (Аgгоbасterium tumefasiens), антракноз (меваларда қора доғлар пайдо қилувчи замбуруғли касаллик) (Соllеtotrichum sрр.), серкоспора (баргларда қора доғлар пайдо қилувчи замбуруғли касаллик), оқ илдиз ириши (илдизни ишдан чиқарувчи замбуруғли касаллик) (Dtmatopora sрр.), замбуруғли қуриб қолиш (Sephalosporium) кабиларни санаб ўтиш мумкин. Дарахтларнинг соғлом ривожланиши учун бир қанча жисмоний жиҳатларга ҳам эътибор қаратиш керак: кўп миқдорда азот солиш, керагидан зиёд хомток натижасида мевалар ҳажмининг йириклашиб кетиши, кузнинг иссиқ келиши каби омиллар дарахтнинг келгуси ҳаёти учун муайян муаммолар туғдириши мумкин.

Мевалар эзилиб қолишига умуман йўл қўймаслик керак, чунки эзилиб қолган жойи қорайиб, мева кўринишига путур етказади. Мева терисида доғлар пайдо бўлишига олиб келувчи омилларга ҳам йўл қўймаслик керак. Бундай омиллар сифатида трипс ҳашаротлари келтирадиган, ҳашарот ва касалликларга қарши сепиладиган турли кимёвий дорилардан етадиган зарарларни кўрсатиш мумкин. Шунингдек, юқори намлик даражаси, азот ва калийнинг меъёрдан ортиқча берилиши мева терисида доғлар пайдо бўлишига сабаб бўлувчи омиллардир. Дарахтларда намликни камайтириш учун уларни очиб кесиш лозим бўлади. Шунингдек, дарахт атрофини бегона ниҳол ва ўсимликлардан батамом тозалаш ҳам ёрдам бериши мумкин. Хурмо учун қушлар ҳам жиддий зарар етказувчи муаммо ҳисобланади, шунинг учун муайян минтақаларда дарахтлар қушларга қарши тўрлар билан ҳимояланиши керак бўлади.

Ёввойи ўтлар. Дарахт асосини чириндилар билан қоплаш орқали ёввойи ўт-ўланлар муаммосини осонгина бартараф қилиш мумкин. Чиринди устидан ёриб чиққан ҳамда жўяк ичидаги ёввойи ўт-ўланларни гербицид қўллаш орқали йўқ қилиш мумкин.

Манба:

А. Орипов (2013). Хурмо етиштириш технологияси. Тошкент: «Sharq».

Улашиш: