Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Курка жўжаларига қайси кўкатларни бериш лозим?

24/Dekabr/2024 13:19
  1088

Кўкатлар (беда, қичитқиўт, горох, карам барги, ғоспанжа, кунгабоқар, лавлаги барги, сабзи, турп, редиска, қоқиўт, исмалоқ)ни майдалаб чопилади ёки гўшт майдалагичдан ўтказилади.

Кўк пиёз – жуда фойдали ўсимлик бўлиб, ичак инфекцион касалликлари қўзғатувчиларидан организмни ҳимоя қилиш ҳусусиятларига эга, айниқса биринчи кунлари бериш катта фойда беради. Кўк пиёз эрталаб ва кундузи берилади, кечаси берилганда курка жўжалари ўзларини безовта ҳис этадилар ва сувга чанқоқлик бошланади.

Рационга 12-15 кундан бошлаб балиқ ёки гўшт-суяк уни, балиқ фарши, гўшт чиқиндалари (ҳаммасини ўрнини творог босиши мумкин) қўшиш мумкин. Рационга яна парлаб ёки қайнатиб пиширилган картошка қўшилади. Картошкани қайнатишдан олдин кўк ўсимталари  кесиб ташланади, чунки кўк ўсимталар таркибидаги соланин моддаси заҳарли ҳисобланиб, қайнатма сувини емга қўшиб берилганда паррандани захарлаши мумкин.

Сабзини майдалаб курка жўжаларининг биринчи кунидан бошлаб бериш  ва аста-секинлик билан 50-100 грамгача кўпайтириб бориш мумкин. Агар сабзи ва картошка йўқ бўлса, ўрнини кўк ўтлар билан қоплаш тавсия этилади. Бундан ташқари яна олма, нок қолдиқлари, сиқма қолдиқлари, озуқабоп лавлагиларни бериш мумкин.

Горох, дуккаклилар оиласига мансуб ўсимликлар донларини куркаларга беришдан олдин сувга ивитиб қўйилади ва паст оловда энг кам миқдордаги сувда қайнатилади. 2-3 ҳафтадан бошлаб ёш куркаларнинг рационига сувда ивитиб нон хамиртуруши, кунжара ва шротлар бериш тавсия этилади.  Нам ем қоришмалари ҳар куни 2-3 маҳал 30-40 дақиқа ичида еб тугатадиган миқдорда қилиб берилади. Ҳар бир ем берилгандан кейин ачиб моғорлаб қолмаслиги учун емдонлар яхшилаб ювилади.

Манба:

Рўзиев Р.И. ва бошқалар (2017). Курка  боқиш  бўйича қўлланма. Тошкент: Чорвачилик, паррандачилик  ва балиқчилик илмий-тадқиқот институти

Улашиш: