Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Цитрус экинлари пайвандтагларини етиштириш

24/Dekabr/2024 04:42
  1148

Уруғ олиш учун тайёрланган мевалар (Мейер лимони, ширин апельсин, нордон грейпфрут ва бошқалар) тўлиқ пишган ҳолатида енгил чирий бошлагунча яшикларда ёки кичикроқ уюмларда сақланади. Бунда уюмларда меваларнинг кучли қизиб кетишига йўл қўймаслик лозим. Сўнгра мевалар майдаланиб, уруғлар мезгадан ажратилади. Олинган уруғлар сувда ювилади. Сув юзасига қалқиб чиққан уруғлар олиб ташланади, чўкканлари эса олиниб, 1-2 кун мобайнида сояда қуритилади. Ниҳолларнинг қийғос униб чиқиши учун янги тайёрланган уруғлар дарҳол тупроққа экилади. Агар уруғларни баҳорда экиш режалаштирилган бўлса, улар нам субстратга (қум, тахта қириндиси, перлит ва ҳ.к) стратификация қилинади. Бунда бир қисм уруққа уч-тўрт қисм субстрат сарфланади. Сўнгги йилларда уруғларни полиэтилен халтачаларда совуткичларда +5+70С ҳароратда сақлаш кенг қўлланилмоқда. Уруғлар тупроқ сатҳидан 15-20 см баландликда ташкил этилган 1 м кенглик ва 15-20 м узунликдаги пушталарда 20 см масофада олинган кўндаланг эгатчаларга 2-3 см чуқурликка экилади. Катта майдонларда икки қаторли экиш амалга оширилади. Бунда қаторлар оралиғи 70-80 см, қўш қатор оралиғи 25 см, қатордаги ўсимлик оралиғи 2-3 см. Уруғларни парникларга ёки субстратли яшикларга ҳам сепиш мумкин, бундай ҳолларда кейинчалик ниҳоллар пикировка қилинади. Қўлда пикировка қилиш кўп меҳнат ва ишчи кучи талаб этсада, жуда яхши натижа беради. Пикировка қилинган ниҳоллар ва уларнинг тупроғини ўз вақтида сифатли парваришлаб туриш ўсимликлар илдизининг яхши ривожланишига имкон беради.

Мазкур ишлар ўз вақтида бажарилганда бир ўсув даври мобайнида маданий апельсин, лимон, мандарин ва бошқа экин навларини пайванд қилишга яроқли бир йиллик уруғкўчатларни (пайвандтагларни) етиштириш мумкин.

Манба:

Гулямов Б., Исламов С., Нормуратов И. (2018). Цитрус экинларини етиштириш технологияси. Тошкент.

Улашиш: