Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Анор дарахтини парваришлаш

24/Dekabr/2024 15:40
  1638

Анор дарахти совуққа чидамсиз бўлиб, -10 даражагача чидайди. Сирдарёнинг намлиги юқори бўладиган қишида анорни тез совуқ уриши мумкин. Анор дарахтининг қишли кунлардан сақлаб қолиш учун уни кўмиш керак. Кўмиш учун энг қулай вақт октябр ойининг охири ва ноябр ойининг биринчи ўн кунлигидир. Чунки бу вақтда анор дарахти танасида сув бўлиб, яхши эгилади ва синмайди.

Зах ерларда ерга бир қават хас-хашак ташланади, анор ётқизилиб, устига яна бир қават хас-хашак ташлаб, шохлари йигиштирилиб кўмилади. Иложи борича анор танасига тупроқ тегмай хашак устида бўлишига эътибор беринг. Шундагина дарахт қишдан омон чиқади. Яна бир жиҳати борки, қиш чўзилиб кетган даврда анор танасини тупроқ «яламай», унга зиён етказмайди. Баҳор бошланиб, март ойининг ўнинчисини ўтказиб, қиши билан тайёрланган ўғит бўлса, анорнинг чуқурларига солиб устидаги тупроғини тушириб, қўйинг. Фақатгина хашагини олманг, чунки, кутилмаган совуқ тушиб, тупроқ остидан иссиқ чиққан анор дарахтига тез таъсир қилиши мумкин. Хамал бошланиб, март ойининг 20-чисидан сўнггина унинг хашаклари олиниб, ери текисланади. Айрилар қўйиб, синган шохлари олиб ташланади. Ишлов бериш чоғида зинхор ўтмас чопқи ва болта ишлатманг. Анор дарахти танасидаги кўчиб қолган пўстлоғини тозалаб, оҳаклаб қўйиш ёки бутун танасини дорилаб чиқишга эътибор қаратинг. Бу билан анор дарахти танасида қишлаб соғлом чиққан зарарли ҳашаротларни кўпайишини олдини олган бўласиз. Шундан сўнг анорга сув бериш керак. Апрелнинг охири, май ойларида анорга сув беришга эҳтиёж бўлмайди. Унинг танасидан ўсиб чиққан хом навдаларни олиб ташлаб, тагини кетмон билан чопиб чиқилади. Шундан сўнг анор дарахти ўғитланади. Ўғитлашнинг турли йўллари бор. Бу сизнинг қанчалик кўп ўғит йиғишингизга боғлиқ.

Агар кўп ўғит йиққан бўлсангиз ҳар бир анор дарахти атрофини кавлаб томирига тегмайдиган қилиб бир замбирдан чириган гўнг солиб, кўмганингиз маъқул. Бу усулда гўнгдаги мавжуд азот, фосфор, калций ва бошқа ўғитлар дарахтга меъёрида етиб боради. Ўғитлашнинг яна бир усули-боғингизга сув кирадиган томонига хандак қазиб, қиши билан ўғит жамғаринг.

Сувни шу хандак орқали беринг. Ўғитни тез-тез аралаштириб туринг. Бу усул сув билан ўғитлаш, яъни шарбат бериш дейилади.

Кейинги сувни май ойининг ўнинчисидан сўнг бериш ниҳоятда фойдалидир. Қийғос гулга кирган дарахт сув билан биринчи гулларини ушлаб қолади. Бу билан анор серҳосил бўлиб, дастлабки, тугилган мевалари йирик ва ширин бўлади. Ҳар сув бергандан сўнг ер қуригач, кетмон билан ағдариб, айрисини тўғрилаб қўйишга ҳафсаласизлик қилманг. Янги ўсиб чиққан ёввойи новдаларни юлиб ташлашни ҳам назардан қочирманг.

Анордан мўл ҳосил оламан десангиз, саратон сувидан камида икки бор қондириб суғоринг. Шундан сўнг яна бегона ўт-ўланларни юлиб, дарахт танасидаги ёш навдаларни олиб ташлашга эътибор қаратинг. Августнинг охири-сентябр ойи бошларида ернинг шароитига қараб анорга яна сув берилади. Бу пайтда анор ҳосили кўриниб, кўзни қувонтирарли даражага етади. Ҳар бир туп дарахтни синчиклаб кўздан кечирадиган боғбон айрим дарахтлар кам ҳосил қилганини гувоҳи бўлади. Бундан хулоса чиқаришга шошилманг, чунки анор дарахти камида уч йилда бир марта дам олади, жуда оз миқдорда ҳосил беради. Айрим анор дарахтларининг «нози» ҳам бўладики, кимдир уни «ҳафа» қилган бўлади.

Шуни унутмангки, бошқа дарахтлар қатори анор дарахти ҳам хақиқий боғбонлар билан «тиллаша» олади. Инсон табиатга интилганидек, жамиики дов-дарахтлар инсонга яқинлашгиси келади.

Сизга бир маслаҳат:  турмуш ўртоғингиз ёки ўглингиз билан боғингизни айланинг, унга омонлик тиланг, қўлингиздаги ўткир болта билан кам ҳосил берган анор дарахти олдига бориб, «онаси ёки ўғлим, шу дарахтимиз чарчаган шекилли, ҳосил бермабди, кўчириб янгиласакми дейман» деб ёлғон пўписа қилинг. Шунда турмуш ўртоғингиз «Кўйинг дадаси, бу йил дам олибди, келгуси йил шундай ҳосил берсинки, бу йилгисини ҳам ҳиссасини чиқаради» деб анор танасини силаб қўйсин. Келгуси йил кўзни қувонтирарли даражада ҳосил беришига биз кафил. Бу тажрибада исботланган.

Сентябр ойининг ўнинчисидан сўнг анорга сув беришни тўхтатинг. Чунки, кейинги сувларни фойдаси бўлмай, аксинча, пишган анорларни ёриб юборади. Айрим боғбонлар анор мевасининг пишганини териб олиб, яна сув беришади, бу кейинги ҳосилни пишиши ва анор боғингизни юмшоқ туришга ёрдам берадики, анор дарахтини кўмиш пайтида илдизи билан эгилтиришга хамда анорни синдирмай кўмишга ёрдам беради.

Шундай қилиб, баҳор ва ёз мавсуми анор дарахтини 4 марта буташ ва тагини чопиш, ер шароитига қараб, олти -саккиз марта суғоришни мақсадга мувофиқ деб билдик. Зарур ҳолда ҳашаротларга қарши кураш вазиятга қараб олиб борилади.

Манба:

И. Неъматов (2011). Анорчилик сирлари. Ёш боғбонлар, фермерлар ва барча қизиқувчиларга қўлланма.

Улашиш: