Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қизилмия плантациялари учун ер участкалари ажратиб беришнинг умумий шартлари ҳақида

23/Dekabr/2024 17:59
  1236

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида қишлоқ хўжалиги вазирининг “Қизилмия плантацияларини ташкил этиш лойиҳалари ташаббускорлари таклифларини танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси жойлаштирилди, деб ёзади Kun.uz.

Ҳужжат билан қизилмия плантацияларини ташкил этиш лойиҳалари ташаббускорлари таклифларини танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқланиши мумкин.

Низомга кўра, қизилмия плантацияларини ташкил этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси туманлари ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти, хорижий мутахассислар билан биргаликда тайёрланган таклифлар асосида тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда, қизилмия ва бошқа доривор ўсимликлар етиштириш учун қулай бўлган ерлардан ер участкалари ажратиб берилади.

Туман ҳокимининг қарори билан туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари (комиссия раиси), туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, тегишли ҳудуд бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раиси, Қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш ташкилотлари уюшмасининг вакили (комиссия котиби)дан иборат таркибда қизилмия плантацияларини ташкил этиш лойиҳалари ташаббускорлари таклифларини танлаб олиш бўйича махсус комиссия тузилади.

Тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб қизилмия ва бошқа доривор ўсимликлар етиштириш учун қулай бўлган ҳудудларда қизилмия плантацияларини ташкил этиш учун ер участкаларини ажратиш тўғрисида туман ер ресурслари ва давлат кадастри органлари томонидан ер тузиш лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Қизилмия плантацияларини ташкил этиш учун ишлаб чиқилган лойиҳалар қишлоқ хўжалиги хариталарида акс эттирилиб, унда лойиҳа рақами, ер участкасини ўлчами, манзили, контур рақами ва бошқа омиллар кўрсатилади.

Ишлаб чиқилган лойиҳалар уч кун муддатда туманда ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссия томонидан кўриб чиқилиб, туман ҳокимининг қарори билан тасдиқланади.

Туман ҳокимлиги қизилмия плантацияларини ташкил этиш учун ишлаб чиқилган лойиҳаларда қизилмия плантацияларини ташкил этиш лойиҳалари ташаббускорлари таклифларини танлаб олиш, унда иштирок этиш шартлари ва уни ўтказиш жойи тўғрисида маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва ташкилотлари бошқаруви (маъмурияти) биноларида осиб қўйилишини таъминлайди.

Қизилмия плантацияларини ташкил этиш лойиҳалари ташаббускорлари таклифларини танлаб олиш уни ўтказиш эълон қилинган кундан бошлаб бир ой мобайнида ўтказилиши керак.

Қизилмия плантацияларини ташкил этиш лойиҳалари ташаббускорлари таклифларини танлаб олишда иштирок этиш ҳуқуқига Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликлари ва бошқа юридик шахслар эга. Бунда қизилмия плантациялари ташкил этилаётган жойда доимий яшовчи фуқаролар қизилмия плантацияларини ташкил этиш учун ер участкасини олишда устун ҳуқуқдан фойдаланадилар.

Етарли техника, пул маблағлари ва пухта ишланган таклифларга эга бўлган шахслар бир неча лойиҳаларга ташаббускор сифатида иштирок этишлари мумкин.

Қизилмия плантацияларини ташкил этиш лойиҳалари ташаббускорлари таклифларини танлаб олишда иштирок этиш бўйича аризага лойиҳа ташаббускорининг бизнес-режаси илова қилинган ҳолда туман ҳокимига берилади. Аризада лойиҳалари ташаббускорининг фамилияси, исми ва отасининг исми, унинг турар жойи, иштирок этаётган лойиҳа рақами кўрсатилади. Лойиҳалари ташаббускорларининг аризаси махсус дафтарда рўйхатдан ўтказилади.

Қизилмия плантацияларини ташкил этиш лойиҳалари ташаббускорлари таклифларини танлаб олишда иштирок этиш учун аризаларни қабул қилиш лойиҳа ташаббускорларини танлаб олиш ўтказилишидан ўн кун олдин тўхтатилади.

Туман ҳокими ариза келиб тушган кундан бир кунлик муддатда аризани махсус комиссияга юборади. Агар махсус комиссияга юборилган ариза ва ҳужжатларда камчиликлар аниқланган тақдирда, махсус комиссия ариза берган лойиҳа ташаббускорига ариза келиб тушган куннинг эртасидан кечиктирмай камчиликларни аниқ кўрсатган ҳолда асослантирилган ёзма хабар беради. Махсус комиссия котиби лойиҳа ташаббускорига юқори имкон берадиган барча ҳолатларни тушунтириб, лозим бўлганда унинг ҳужжатларидаги камчиликларни ишчи тартибда бартараф этиш чораларини кўради.

Манба: kun.uz

Улашиш: