Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Анор дарахтини ўтказиш

24/Dekabr/2024 01:48
  1554

Анор дарахти ўтказиш учун энг мақбул вақт ноябр ойидир. Бу пайтда улхурмаса, хут ойида яъни 22 февралдан 21 мартгача бўлган даврда ҳам ўтказиш мумкин. Бу муддатда ўтказилган анор дарахтининг ўқ томири кучли, майда томирлари сероб бўлади.

Анор кўчати экиш учун икки ёшга тўлган, яхши томирлаган кўчатлар танлаб олинади. Аввало томирнинг катта-кичиклигига мослаб чуқур кавлаб олинади. Сўнгра бир оз чириган гўнг солинади ва ўша чуқурдан чиққан тупроқ билан томир кўмилади. Томир шамоллаб қолмаслиги учун кўчат суғорилади ва шамол қимирлатиб юбормаслиги учун икки тарафдан тирговуч қўйилади. Анор кўчатини қайси тарафга каратиб экиш тўғрисидаги масалага энг мақбул томон миришкор боғбонлар жануб томонни танлашган (бу ерда кўмишни ҳисобга олиб, 45 даражада экишни мўлжалланг). Негаки шамол йўлига тескари, иккинчидан ҳамма дарахтлар қуёшга интилиб яшайди ҳамда анор дарахтининг ҳамма томонига қуёш бемалол ўз иссиғини бера олади. Айрим боғбонлар ой нури ер юзасига тушиб турган даврда анор дарахти экмайдилар. Негаки, бу пайтда экилган анор кўчати тез ғовлаб ўсиб кетади ва ҳосили кам бўлади. Шунинг учун анор экиш учун қулай муддат эски ой тугаётган ва янги ой чиқаётган даврдаги кунлардир.

Анор кўчатини айрим боғбонлар қатор ораларини 5x3 схемада қилиб, баъзилар 4x4 усулда экадилар. Бизнингча, кўчатлар қатор орасини 4 м ва туп орасини З м қилиб, экилса, ҳосилдорлик ортади. Бунда бир гектар ерга 830 туп анор кўчати ўтказиш мумкин. Ҳар туп анор дарахтидан ўртача 40 кг дан ҳосил олсангиз қанча даромадга эга бўлишингизни ўзингиз ҳисобга олинг.

Техника билан ишлов бериладиган майдонларда қатор оралари 5 м туп оралари 3 м қилиб, экилади, бунда бир гектар ерга 666 туп кўчат жойлаштирилади. Анор дарахти қуруқ ва нами кам ерни ёқтиради ва бундай ерларга экилган ниҳол тез авж олади, ҳам узоқ яшайди.

Манба:

И. Неъматов (2011). Анорчилик сирлари. Ёш боғбонлар, фермерлар ва барча қизиқувчиларга қўлланма.

Улашиш: