Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Иссиқхонада бодрингни суғориш ва ўғитлаш

23/Dekabr/2024 23:35
  1205

Суғориш. Бодринг мевасининг 95% ни сув ташкил қилади. Шунинг учун бодринг сувни кўп талаб қиладиган ўсимлик ҳисобланади. Ҳар 3-4 кун оралиғида 1м2 учун 8-10 л сув керак бўлади.

Бизнинг шароитимизда икки хил суғориш усулидан фойдаланилади:

1. Томчилатиб суғориш.

2.  Ариқдан суғориш.

Суғориладиган сувнинг ҳарорати 23-24°С бўлиши керак. Ўсимликлар ўсув даври давомида ҳар сафар 2-3 маротаба суғоришдан сўнг қатор ораларини 15-16 см чуқурликда юмшатиб чиқиш ва палакларини 2-3 маротаба ростлаб қўйиш, атрофидаги бегона ўтлардан тозалаш керак.

Ўғитлаш. Ҳар ҳафтада 1 маротаба касаллик тушмаслик учун бодринг палаги фунгицид билан дориланади. Ўсув даври давомида ўсимликларнинг озиқланиши турлича бўлади. Ниҳоллари ердан униб чиққандан то гуллагунча ўсимлик озиқа моддаларининг 10 фоизини, мева туга бошлагунча 20 фоизини, мевалари етилиб териш даврида эса озиқанинг асосий қисмини, яъни 80 фоизини қабул қилади.

Бодринг озиқланишга жуда талабчан бўлиб, шунинг учун у нафақат илдизи орқали, балки поя ва барглари орқали ҳам озиқа берилишини талаб қилади.

Илдиздан ташқари озиқлантириш айниқса ёруғлик кам бўлиб, тупроқ ва ҳаво ҳароратлари меъёридан паст бўлган даврларда амалга оширилиши самарали таъсир этади, чунки бундай ташқи шароитнинг пастлиги илдиз тизимининг фаолияти учун ноқулай ҳисобланади.

Кўчат экилгандан сўнг мева бергунга қадар 5г азот (N) ли ўғитлар 10 л сувга эритилиб 10 кун давомида 1-2 маротаба берилади. Мева бериш пайтида 10-12 г 7 кун мобайнида 3 маротаба, тўлиқ мева бериш даврида эса 10-15 г 5 кун мобайнида 2-3 маротаба бериш тавсия этилади. Азот (N) ли ўғитларни кўп бериш бодринг сифатига ва чидамлигига салбий таъсир қилади.

Фосфор (Р) ли ўғитлар кўчат ёшлик даврида 2-3 г 10 л сувга 10 кун оралиғида 2-3 маротаба, мева бериш даврида 4-5 г 10 л сувга 7 кун оралиғида бир маротаба, тўлиқ мева бериш даврида 3-4 г 10 л сувга 5 кун оралиғида бир маротаба бериш тавсия этилади.

Калий (К) ли ўғитлар кўчат ёшлик даврида 8-10 г 10 л сувга 10 кун оралиғида 2 маротаба, мева бериш даврида 8-10 г 10 л сувга 7 кун оралиғида бир маротаба, тўлиқ мева бериш даврида 15-20 г 10 л сувга 3-5 кун оралиғида бир маротаба берилган маъқул. Булардан ташқари кальций (Са), магний (Mg) ва микро элементлар ҳам бериш керак. Кальций (Са) ва магний (Mg) элементларини ёшлик даврида бериш яхши натижа беради. Бодринг учун озуқалар илдизи орқали берилиши керак. Баргидан озуқа берилганда эҳтиёт бўлиш керак, чунки баргидан озуқа бериш баргларни касал бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Бутун вегитация даврида бодринг кўчати ҳосилга киргандан бошлаб азот (N) нисбати калий (К) ва фосфор (Р) озуқаларига нисбатан 1:2 нисбатда ошириб борилади. Чунки бодринг бошқа экинларга нисбатан азот (N) га кўп талабчан. Иссиқхона тупроғи шўрланмаслиги учун унга таркибида таъсир кучи кам бўлган ўғитларни, жумладан, оддий суперфосфат ва таркибида калий тузи бўлган, калий хлор ва бошқаларни солмаслик керак.

Ўсимликларни суғориш учун ҳам сифати тоза, яъни таркибида туз  миқдори ҳар бир литр ҳисобига 1-2 граммдан кўп бўлмаган сувдан фойдаланиш лозим бўлади. Акс холда тузи кўп бўлган сувларни олдин тиндириб кейин фойдаланиш тавсия этилади.

А. Э. Шайхов ва бошқалар (2013). Энерго - тежамкор иссиқхоналарни қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича қўлланма. Тошкент.

Улашиш: