Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Асалари оиласида ҳавонинг алмашиши, уя ҳарорати ва намлиги

25/Dekabr/2024 15:03
  1137

Ари оиласида ҳали қуртчалар пайдо бўлмаганда ҳарорат 13–28° атрофида бўлади. Салқин пайтларда ҳарорат кечаси пасайиб, кундузи 35° гача кўтарилиши мумкин. Оилада қуртчалар пайдо бўлиши билан ишчи арилар уя ҳароратини мўътадил, яъни 34–35° да ушлаб турадилар. Асалари қуртчалари ҳароратнинг ўзгаришига жуда сезгир бўлади, шунинг учун ҳам ҳарорат 30° гача пасайса, уларнинг ривожланиши 2,5–3 кунга кечикади. Паст ҳароратда етиштирилган ариларнинг хартумчаси калта, қаноти қисқа, айрим ҳолларда қаноти бутунлай бўлмаслиги ҳам мумкин. Уяда ҳароратнинг 35° дан кўтарилиб кетиши, қуртчаларнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади, баъзан ҳалок бўлади. Тажрибалар шуни кўрсатадики, оилада арилар кўпайиши билан ҳарорат ҳам нормаллашиб боради. Уя ташқарисида ҳарорат пасайиши билан арилар оила ичида бир жойга тўпланиб, ғуж бўла бошлайдилар ва ҳароратни кўтаришга шароит яратадилар. Ҳароратни фақат қуртчалар бор мумкатакларда 34°–35° га кўтарадилар. Оила ичида ҳароратни пасайтириш учун эса арилар тарқалишади ва қаторлашиб туриб қанот қоқиб иссиқ нам ҳавони уя ичидан тешикча орқали ҳайдаб чиқарадилар. Агар бундай ҳаракат ҳам ёрдам бермаса, кўпчилик ишчи арилар уя ташқарисига чиқиб, уя тешиги остида осилиб-тўпланиб турадилар. Уядан ташқарида тўпланиб-осилиб турган арилар, асосан, катта ёшдаги арилардир. Асаларилар қуртчалари бор инчада ҳавонинг намлигини 65–68% атрофида ушлаб турадилар. Бу мақсадда қуртчалари бор мумкатак инчалар атрофига янги келтирилган шарбат қуйилади ва ундаги сувни буғлантириш йўли билан намлик оширилади. Ёз ойларида, жазирама иссиқ пайтларда арилар кўчадан сув келтириб, усти беркитилган қуртча инчалари устига осилиб, ҳаво намлигини оширадилар. Сув буғланиб, ҳаво ҳароратини пасайтиради.

Манба:

А. И. Исамуҳамедов Ҳ. К. Никадамбаев (2013). Асаларичиликни ривожлантириш асослари. Тошкент, «Sharq» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти.

Улашиш: