Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Анжирнинг фойдали хусусиятлари

25/Dekabr/2024 13:11
  1358

Абу Али Ибн Сино анжир мевасини балғам кўчирувчи ва йўтал қолдирувчи восита сифатида қўллаган. Балғам кўчирувчи дори сифатида анжир мевасини ейиш, йўтал қолдириш учун мевани сутда қайнатиб, истеъмол қилишни буюрган. Табобатда анжир меваси ва унинг дамламаси дори сифатида йўтални тўхтатиш ва кўкйўтални даволаш учун ичишга буюрилади. Томоқ шамоллаганда иссиқ дамлама билан томоқ чайилади. Мевасининг иссиқ дамламаси яраларган даво қилинади – дамламада намланган дока яра устига қўйилади. Тиббиётда сурги сифатида қўлланиладиган кафиол препарати таркибига анжир меваси ҳам киради. Анжир баргидан олинган псоберан доривор препарати (фурокумаринлар йиғиндиси) тиббиётда пес касаллигига даво қилинади.

Кимёвий таркиби. Анжир қанд моддалари (қоқисида 78%гача қанд бўлади), турли витаминлар (В1, В2, С, Е, РР витаминлар) билан каротинга, органик кислоталар (оксалат, лимон, олма, сирка кислоталар) га, минерал тузларга бой. Меваларида оқсиллар, ўсимлик ферментлари – фицин, амилаза, протеаза ҳам бор. Бу ўсимликнинг ҳамма қисмларида фурокумаринлар – псорален ва бергантен, гликозидлар бўлади. Уруғларида 29,4% мой бор.

Таъсири ва ишлатилиши. Туркманистон халқ табобатида қуритилган анжир барглари ва илдизидан тайёрланган қайнатма меъда ичак йўлининг иши бузилган маҳалларда ва камқонликда буюрилади, янги мевалари эса жароҳатларни битирадиган восита тариқасида ишлатилади. Меваларининг қайнатмаси цистит ва нефритга даво бўлади. Анжир мевалари одамнинг мудом ичи қотиб юрадиган маҳалларда, сийдик ҳайдайдиган, балғам кўчирадиган восита тариқасида ҳам буюрилади; юқори нафас йўлларининг ўткир яллиғланиш касалликларида меваларини сутда қайнатиб ейиш тавсия этилади. Барглари ёш шохлари ва етилмаган меваларининг сутсимон ширасидан яралар, жароҳатларга даво қилиш, буйраклардан майда тош ва қумларни, бадандаги сўгал ва ҳуснбузарларни йўқотиш учун фойдаланилади. Ангина ва юқори нафас йўлларининг яллиғланиш касалликларида анжир мураббоси чой билан ичилади.

Қадимги хакимларнинг фикрига кўра, анжир одам дармонсизланиб юрадиган маҳалда, юраги ўйнаганида, кўкраги оғриганида, шунингдек, бронхиал астма ва йўтал маҳалида фойдалидир. Буйрак ва қовуқ ишини жойига келтириб, одамнинг рангини тиниқлаштиради. Замонавий табобатда анжир юрак қон-томир тизими касалликлари, тромбозларда, камқонлик маҳалида ва енгилгина сурги сифатида қўлланилади. Анжир таркибида фицин деган фермент, талайгина қанд моддалари ва калий бўлганлигидан, бу неъмат юрак-томирлар етишмовчилигига учраган касалларга жуда фойдалидир.

Анжир баргларидан песга даво қилиш учун ишлатиладиган псоберан (фурален) деган препарат олинади, бу препарат аммифурин, бероксан ва псорелендан қолишмайди. Анжирнинг сийдик ҳайдайдиган, терлатадиган, иссиқни туширадиган хоссалари борлиги кўпларга маълум. Қандли диабет билан оғриган касалларга ва ўткир меъда ичак касалликлари вақтида анжир истеъмоли мумкин эмас.

Тайёрлаш ва ишлатиш усуллари: Янчилган анжир қоқисидан 1 ош қошиқ миқдорида олиб, устига қайнаб турган 400 мл сув қуйилади, 10 минут қайнатилиб, совугандан кейин сузиб олинади. Овқатдан олдин ½ стакандан кунига 3-4 маҳал ичилади. Бу қайнатма билан оғиз ва томоқни чайқаш ёки унга пахта, докани ҳўллаб, баданнинг касал жойига қўйиш мумкин.

100 г миқдорида анжир қоқиси устига 2 стакан қайноқ сув қуйиб, паст оловда 15 минут қайнатилади, 2-3 соат тиндириб қўйиладида, кейин сузиб олинади. Шамоллашда ½ стакандан кунига 2-3 маҳал ичилади.

Манба:

О.Таджиев ва бошқалар (2017). Томорқа – даромад манбаи. Ўқув услубий қўлланма. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи.

Улашиш: