Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Балиқ боқиладиган ҳовузларни ўғитлаш

25/Dekabr/2024 11:39
  1094

Балиқшунос учун ҳовузнинг табиий балиқ маҳсулдорлигини ошириш муҳимдир. Бунинг учун органик ва минерал ўғитлар қўлланилади. Органик ўғитлар – гўнг, компост, қуш ахлати, кўк (қамиш ва ўсимлик қолдиқлари) ўғитлар – тўлиқ ўғитлар ҳисобланади. Уларнинг таркибида барча керакли биогенлар – азот, фосфор, калий, кальций ва ҳ.к. мавжуд, бактериялар ва баъзи бир умуртқасизлар учун эса у бевосита озуқадир. Гўнг ва компост қуритилган ҳовузнинг тубига уюмчалар шаклида ёки ерни ҳайдаб тупроққа аралаштирлиб киритилади, ҳовуз сувга тўлдирилган ҳолда улар ҳовузнинг саёз ерларига ёки сувнинг соҳил билан чегаралари бўйига уюмчалар қилиб ётқизилади ва устидан тупроқ сепиб қўйиш ҳам мумкин.

Сунъий ҳавзаларга балиқ зич ўтказилганда органик ўғитларнинг киритилиши сувда эриган кислород миқдорининг пасайишига олиб келиши мумкин, шу боис унинг сувдаги миқдори устидан доимий назорат олиб бориш талаб қилинади. Баҳорда ҳовузга сув қуйишдан аввал органик ўғит солиш меъёри 2-4 т/га.ни ташкил қилади, ўсиш мавсуми давомида эса – эҳтиёжга қараб белгиланади. Ўғит солишдан мақсад – фитопланктон ва зоопланктонни ривожлантиришдир.

Минерал ўғитлар – фосфор, азот, кальций, калий ва бошқалар балиқшуносликда кўпинча азот-фосфор ўғитлари ва оҳакдан фойдаланилади.

Фосфор ўғитлари:

оддий суперфосфат – таркибида 7-14% фосфор ёки 16% Р2О5 мавжуд;

грануланган суперфосфат – 19% Р2О5 ёки 8% фосфор;

икки ҳиссали суперфосфат – 45% Р2О5 ёки 19% фосфор.

Азот ўғитлари:

аммиак селитраси – таркибида 30-34% азот мавжуд;

аммоний сульфати – 20% азот.

Сўнгги пайтда ҳовуз балиқчилигида кенг кўламда аммоний-фосфат ўғити – аммофос қўлланилмоқда. Унинг таркибида 40-45% фосфор, 10-12% азот мавжуд.

Минерал ўғитлар ҳовузларга сув қуйилгандан кейин ҳарорат +80 ошганда қўлланади. Дастлабки миқдарлар балиқ ҳовузга ўтказилганидан сўнг 7-10 кун ўтгач солинади. Сувда ўғитлар тезда эриб, сув ўти ва сувдаги бошқа организмлар томонидан утилизация қилинади. 10-15 кун ўтгач кейинги миқдорлар киритилади.

Чуқурлиги 1 метрли ҳовузларга минерал ўғитларни қўллаш меъёрлари

Аммиакли селитра 55-60 кг/га
Оддий суперфосфат 70 кг/га
Гранулланган суперфосфат 60 кг/га
Икки ҳиссали суперфосфат 25 кг/га

Диққат!!! Юқори сув ўсимликлари азот ва фосфорни яхши ва тез ўзлаштиради. Дағал ўсимликлар босиб кетган ҳовузларни ушбу ўсимликлар батамом йўқ қилмагунга қадар ўғитлаш – фойдасиз. Агар шунга қарамай ўғитлар солинаверадиган бўлса, улар фақат ҳовузнинг тоза, ўт босмаган қисмигагина солинади.

Юмшоқ сув ўсимликлари, агар улар ҳовуз юзасининг кўпи билан 25 фоизини қоплаган бўлса, фойдалидир ва бундай ҳовузларни ўғитлаш мумкин. ўғитлар сув юзасига солинади. Ўғитларни эриган кўринишда киритиш самаралироқдир. Кичик ҳовузларда уларни қирғоқдан ёки кираётган сув оқимлари билан киритиш мумкин. Катта ҳовузларга ўғитлар қайиқ ёки катамаранлар ёрдамида солинади.

Ҳовузларни оҳаклаш – балиқлар касалликларини олдини олиш (профилактика), сувни кальцийга бойитиш, мелиорация мақсадида ўтказиладиган мажмуавий биотехник усулдир.  Ҳовузда парчаланиш учун кўп эриган кислород миқдорини талаб қиладиган, гидрокимёвий тартиботга салбий таъсир этадиган органик бирикмалар катта миқдорда  тўпланиб қолади ва бунда ҳовузлар гидрокимёвий холатини яхшилаш ҳамда органик моддаларнинг тез парчаланиши  учун оҳакдан фойдаланилади.

Оҳак:

- сув қатламидаги катта миқдордаги  муаллақ органик моддаларни чўктиради (сувни тиндиради), микроорганизмлар ривожланиши ҳамда органик моддаларни минералга айланиш жараёни тезлашиши учун мувофиқ шароит яратади;

- сувда эриган кислороднинг кўпайиши ҳисобига ҳовуздаги газ режимини яхшилайди;

- ҳовуз тубида йиғилиб қолган органик бирикмаларни қисман консервациялайди ва кейинчалик улар аста-секин минераллашади. Минералга айланиш натижасида сувда азот, фосфор ва бошқа шу каби биогенлар миқори кўпаяди.

Оҳаклаш учун сўндирилмаган оҳак СаО, сўндирилган оҳак Са(ОН)2 ҳамда туйилган оҳактоши СаСО3 қўлланилади. Сўндирилмаган оҳакка нисбатан сўндирилган оҳакнинг нейтраллаш қобилияти 1,3 марта, оҳактошда эса 1,8 марта камлиги туфайли уларни киритиш миқдори ҳам тегишли равишда кўпроқ бўлади. Оҳак киритишнинг умумий меъёри – 1-2 ц/га. Оҳак баҳорда ҳовузнинг қуруқ тубига, у сувга тўлдирилгандан кейин, сув устига солинади. Баҳорда оҳак азот-фосфорли ўғитлар солинишидан 2-3 сутка олдин ҳар 15 кунда киритилади. Ёзда оҳак ҳар 7-10 кунда солиниб турилади.

Диққат: балиқларнинг оммавий касалланишида ҳар 2-3 суткада 1-3 ц/га ҳисобидан 5-10 кун мобайнида фақат сўндирилмаган оҳак солинади.

Манба:

Камилов Б.Г. (2017). Карп туридаги балиқларини поликультура усулида етиштириш асослари. Тошкент.

Улашиш: