Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Экинларни зараркунандалардан ҳимоя қилишнинг ажойиб ва арзон воситаси! Бу ҳақида аввал эшитмагансиз!

25/Dekabr/2024 11:17
  1288

Икки кун олдин сайтимиз ходими янгийўллик деҳқонлар билан учрашувда ажойиб восита ҳақида ўрганиб келди. Бу деҳқонлар асосан очиқ далада помидор экиб етиштириш билан шуғулланишар экан.

Охирги йилларда турли хил зараркунандаларининг ортиши натижасида очиқ далада айниқса помидор етиштириш қийин бўлиб қолди. Зараркунандаларга қарши курашда ҳар хил агро-кимёвий воситалар мавжудлигига қарамай, бу воситаларни қўллаш қисқа муддатли натижа беряпти, холос. Очиқ дала шароитида ҳаво айланиши (шабадаланиши), ёмғир билан ювилиши ва ҳ.к. ҳисобига бу воситалар 1-2 кунда ўз таъсир кучини йўқотгани туфайли кўп ўтмай помидор кушандаларининг такрор қайтиб келишига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун очиқ майдонда кўнгилдагидек помидор етиштириш учун зараркундаларга қарши ҳафтасига камида икки марта заҳарли воситаларни сепиш зарур. Ушбу агро-кимёвий воситаларнинг нархлари арзон эмаслигини ҳисобга олсак, улардан фойдаланиш деҳқон учун катта чиқим демакдир. Пишиқчиликда бозорда помидор нархи юқори бўлса хўп-хўп, нархи жуда паст бўлса, шунча ҳаражатни деҳқонга ҳеч ким қоплаб бермайди. Бундай шароитларда экинларни ҳимоя қилишда арзон ҳамда самарали воситаларни кашф этиш ва қўллаш деҳқонлар учун жуда муҳимдир.

kreolin-846njdfnv.jpg (87 KB)

Янгийўллик деҳқонлар эса ўз помидорларини ҳимоя қилишнинг арзон ва самарали воситасини топишибди. Хусусан, улар помидорларни помидор куясидан ва кўсак қуртидан (халқ тилида “кўк қурт”дан) ҳимоя қилиш учун креолиндан фойдаланишар экан. Айтишларича, креолин помидорларни зараркунандалардан бошқа воситаларга нисбатан узоқроқ, самаралироқ ва камроқ харажат эвазига ҳимоя қилмоқда. Креолиннинг ўткир ҳиди зараркунандаларни экинларга анча вақтгача яқинлаштирмаётган экан.

Интернет манбаларида ёзилишича, креолин сабзавотчилик ва боғдорчиликда аввалдан қўллаб келинади. Бир манбада унинг қишлоқ хўжалик экинларида қўлланилишидан аксарият деҳқонларнинг хабари йўқлиги айтилган. Жумладан, оиламиз кўп йиллардан бери деҳқончилик билан шуғулланишига қарамай, креолинни экинларнинг зараркунандаларга қарши қўллаш мумкинлиги тўғрисида на мен, на оила аъзоларимиз, ҳатто атрофимиздаги бошқа деҳқонлар ҳам ҳеч эшитмаган.

Деҳқонлар тажрибаларидан келиб чиқиб, помидорни турли хил қуртлардан ҳимоя қилишда креолиннинг қўлланиш меъёрлари:

10 литр сувга 5 миллиграмм креолин аралаштириб экинга сепилади.

Эслатма: деҳқонлар 10 л сувга 5 мл нисбатидаги аралашмаси қуртлардан ҳимоя қилишда яхши таъсир кўрсатган, лекин баъзилар 10 мл креолин қўшиб сепишганида ҳам помидор экини учун зарар бўлмагани кузатилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, экин турига қараб креолин миқдорини ўзингиз синаб белгилаб оласиз.

Юқорида айтилганидек, креолин нафақат помидорда, балки ҳар хил меъёрларда турли экинларда қўлланилиши мумкин.

Боғбонларимиз ҳам мевали дарахтларни зараркунандалардан ҳимоя қилишда креолиндан фойдаланишлари мумкин.

Айни вақтда помидордан бошқа экинларда зараркунандалардан ҳимоя қилиш мақсадида креолиннинг қўлланиш меъёрлари бўйича аниқ маълумотга эга эмасмиз. Шу сабабли деҳқонларимиз бошқа экинларда бу воситани қўллашдан олдин 10 л сувга турли миқдорларда креолин қўшиб, синаб кўрган ҳолда керакли меъёрни аниқлаб олишлари мумкин.

Айтишларича, бу йил пахта далаларига ғўза тунлами (кўсак қурти) жиддий зарар етказмоқда экан. Қизиқ, кўсак қуртига қарши креолин қўллаш мумкинми?..

Агар шу вақтгача креолин кўсак қуртига ёки пахтанинг бошқа зараркунандаларига қарши синаб кўрилмаган бўлса, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги олимларимиз ва фермерларимиз бу ҳақда ўйлаб кўришса бўлади назаримда.

А. Сафаров,

dehqon.uz

Улашиш: