Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Мошни ўғитлаш ва суғориш тартиби

24/Dekabr/2024 22:27
  1232

Аралашган ўғитлардаги азот ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишига яхши таъсир этади. Айниқса, фосфорли ўғитлар экинни экиш аввал берилиши керак, чунки фосфор тупроқда ўсимликка таъсир этиши учун маълум вақт зарур.

Асосий (баҳор мавсумида) мош экиш учун далани кузда ер ҳайдашдан олдин гектарига 40-60 кг соф модда ҳисобида фосфор ва 20-40 кг калий ўғитлари солинади. Азотли ўғитларни экишдан олдин ва ўсув даврида солиш мумкин, меъёри 20-30 кг. Шоналаш ва гуллаш даврида 20-30 кг фосфор ва 10-20 кг калий солинади.

Такрорий (ёз мавсумида) ер хайдалганда гектарига соф модда ҳисобида 40-60 кг фосфор, 20-40 кг калий ва 20-30 кг азотли ўғитлари солинади. Шоналаш ва гуллаш даврида 20-30 кг азот, 20-30 кг фосфор ва 1020 кг калий солинади.

Ерни хайдамасдан ёзги мавсумда мош экишдан аввал юқорида кўрсатилган ўғит микдори ерга солинади.

Агар азотли ўғитнинг меъёри ошиб кетса биологик азот ўзлаштирилмайди.

Минерал ўғитлар билан баргидан озиқлантириш фойда келтиради. Бунда ОВХ- пуркачининг бир тўлдирилган (заправкасидаги) 600 литр сувни 3 гектарга сарфланишини хисобга олиб, Карбамид -15 кг олиниб алохида идишда 50 литр сувда эритилади, иккинчи идишда 50 литр сувда 9 кг PSarpo уғити яхшилаб эритилиб сим тўр ёки докадан сиздириб олинади ва хар иккала эритма аралаштирилади ва ОВХ пуркачининг резервуарларига тенг миқдорда солиниб сув билан тўлдирилади.

Суғориш. Мош қурғоқчиликка чидамли бўлиб, сувни кўп талаб қилмайди. Лекин, тупроқ намлигини доимо меъёрида сақлаб туриш мақсадга мувофиқдир. Вегетация даври давомида 2-3 марта суғорилади. Мош уруғлари униб чиқиши учун ва гуллашдан аввал албатта суғориш керак. Ўсимликнинг сувга бўлган талаби баҳорги муддатда 1500 м3, ёзги муддатда эса- 2000 м3. Дуккаклари пайдо бўлгандан сўнг улар тўла етилиши учун ўсимликларни суғориш тавсия этилмайди.

Манба:

Мавлянова Р.Ф. ва бошқалар. (2018). Мош етиштириш технологияси. Тошкент.

Улашиш: