Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Оралиқ экин сифатида сулини етиштириш

25/Dekabr/2024 23:20
  1386

Сули – бошоқдошларга мансуб бир йиллик ва кўп йиллик ўсимликлар туркуми; ғалла экини. Сули илдизи попук илдиз бўлиб, яхши ривожланади, ернинг ҳайдалма қатламида жойлашади. Пояси тик ўсади. Бўйи 50–120 см. Барги 3–5 мм. Меваси – дон, кўпчилик навларида қобиқли (қобиқсиз шакллари ҳам бор). Сули намсевар, лекин иссиққа унча талабчан эмас. Уруғи паст ҳарорат (4–5°)да униб чиқади. Ўзидан чангланади. Ҳарорат 16–22° бўлганида яхши ўсиб-ривожланади. Ўсув даври 80–110 кун. Кузда экиладиган хили бор. Сули дони таркибида ўртача 13,3% протеин, 4,7% мой, 40,1% крахмал, 13,2% клетчатка, 4,0% кул, В гуруҳи витаминлари бор. Сули донидан ҳар хил ёрмалар ва ун тайёрланади. Сули уни буғдой ёки жавдар унига қўшиб нон ёпишда ишлатилади. Энг қимматли ем-хашак экини ҳисобланади. Дони, сомони, тўпони, кўк пояси, силоси молларга берилади. 1 кг сули дони тўйимлилиги 1 озуқа бирлиги сифатида қабул қилинган.

Экиш учун тавсия этилган навлар: Дўстлик–85, Ташкент–1, Успех.

Уруғлик танлаш ва экишга тайёрлаш. Бир хил ўлчамли, тўла етилган, шикастланмаган уруғлар танлаб олинади.

Ерни экишга тайёрлаш. Сули уруғи дуккакли дон экинларидан бўшаган ерларга экилади. Ер ўтмишдош экинларнинг қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозалангач, 25–27 см чуқурликда юмшатилиб, текисланади.

Экиш муддати ва схемаси. Сули оралиқ экин сифатида октябрь ойида ёппасига қаторлаб экилади, қатор ораси 15 см бўлади. 10 сотих жойга 0,8–1 кг уруғ экилади. Экиш чуқурлиги 5–7 см бўлади.

Парваришлаш. Ягана қилинмайди. Кузги амал даврида 1–2 марта суғорилади. Баҳорги амал даврида 1–2 марта суғорилиб, ўтоқ қилинади.

Ўғитлаш. Маҳаллий ўғит ерни экишга тайёрлашда солинади. Ерни юмшатиш олдин 10 сотихга соф модда ҳисобида 6 кг фосфор ва 5 кг калий берилади. Қишлаб чиққандан кейин 4 кг азот сепилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Сули кўкат учун рўваклаш-гуллаш даврида ўрилади. Дон учун эса тўла етилганда ўрилади, янчилади, тозаланади.

Манба:

О.Таджиев ва бошқалар (2017). Томорқа – даромад манбаи. Ўқув услубий қўлланма. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи.

Улашиш: