Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Балиқчиликдаги мавжуд муаммолар

25/Dekabr/2024 08:28
  1329

Қишлоқ ҳўжалиги вазирлиги ташаббуси билан “Балиқчиликни ривожлантириш истиқболлари, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари”га бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Саидкамол Ходжаев иштирокида ўтказилган мулоқотда Тошкент давлат аграр университети, Балиқчилик илмий-тадқиқот институти, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси, ҳудудий “Балиқсаноат” МЧЖ вакиллари, балиқчилик ҳўжалиги раҳбарлари қатнашдилар.

Мулоқотда балиқчиликда сўнгги йилларда эришилган ютуқлар билан бир қаторда мазкур соха ривожига тўсиқ бўлаётган муаммолар ҳақида айтиб ўтилди.

Балиқчилик илмий тадқиқот институти директори А.Қурбонов малакали ёш ихтиолог, гидробиолог, ихтиопатолог кадрларни етишмаслиги, илмий изланишлар учун етарли миқдорда маблағлар ажратилмаётганлиги, унинг ечими сифатида мавжуд кадрларни моддий маънавий жиҳатдан рағбатлантириш уларни яшашлари учун уй-жой билан таъминлаш таклифини билдирди.

Шунингдек, балиқ етиштириш учун озуқанинг сифатсизлиги, нархларни қимматлиги, табиий озуқа заҳираларини кўпайтириш учун илмий изланишлар олиб борган ҳолда янги меъёрий қўлланмаларни ишлаб чиқилиши талаб этилаётгани, балиқлантириш учун зарур бўлган балиқ чавоқларининг танқислиги, балиқ ҳамда балиқ махсулотларини сотиш учун сертификат олишнинг мураккаблиги ва соддалаштирилган тартибини ишлаб чиқиш лозимлиги, броконерлар томонидан табиий сув ҳавзаларида электр ёрдамида балиқ овлаш авж олганлиги сабабли балиқ захирасига, унинг насл беришига жиддий зиён етказилаётганлиги, бу эса табиий сув ҳавзаларидаги нафақат балиқ заҳиралари балки бошқа гидробионтларга ҳам ўз таъсирини кўрсатиши ва сув биоценозини оғир ахволга олиб келиши мумкинлиги каби ҳанузга қадар ечимини топа олмаётган муаммолар айтиб ўтилди ва уларни бартараф этиш йўллари тўғрисида бир қатор фикрлар билдирилди.

Йиғилиш давомида билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалар инобатга олиниб, тегишли қарор қабул қилинди.

Манба: agro.uz

Улашиш: