Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ўрмон хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари

25/Dekabr/2024 14:16
  1257

Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи ва унинг таркибига кирувчи Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси, Бурчмулла ва Оҳангарон давлат ўрмон хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳақидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақида ЎзА, Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” каналига таянган ҳолда хабар бермоқда.

Эндиликда Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи, Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси, Бурчмулла ва Оҳангарон давлат ўрмон хўжаликлари фаолияти Тошкент вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Бурчмулла ва Оҳангарон давлат ўрмон хўжаликлари йил якуни бўйича олган соф фойдасининг тенг ярми Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.

Шунингдек, қарор билан Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи, Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси, Бурчмулла ва Оҳангарон давлат ўрмон хўжалиги ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби тасдиқланди.

Унга кўра, мазкур ҳудудларда ишловчи ходимлар ва инспекторлар доимий яшаш жойидан бошқа жойда бўлганлиги учун уларга энг кам иш ҳақининг уч баравари (552 900 сўм) миқдорида қўшимча ҳақ тўланиши белгиланди.

Бундан ташқари, ҳар ойда йўл транспортига энг кам иш ҳақининг бир бараваригача (184 300 сўм) ҳамда тушлик овқатланиш харажатларига энг кам иш ҳақининг икки бараваригача (368 600 сўм) тўлов амалга оширилади.

Манба: ЎзА

Улашиш: