Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Арслонқуйруқ ўсимлигининг қўлланилиши ва ўстириш технологияси

25/Dekabr/2024 21:35
  1329

Қўлланилиши. Арслонқуйруқнинг доривор препаратлари тинчлантирувчи восита сифатида (валериана препаратларидек) гипертония, нерв қўзгалиши ва баъзи юрак касалликлари (юрак неврози, кардиосклероз)ни даволаш учун ишлатилади.

Ўстириш технологияси. Ўзбекистоннинг суғориладиган (шўрланган тупроқлардан ташқари) барча ерларида экиб ўстириш мумкин.

Арслонқуйруқдан юқори ҳосил етиштириш учун уни унумдор сув билан яхши таъминланган ерларга экишни тавсия қиламиз. Ҳайдаб экилаёттан экинлардан бўшаган ерларга экиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Арслонқуйруқ ёғочланган илдизпояли, илдиз тизими юза, яъни тупроқнинг 20 см қатламида тарқалган кўп йиллик ўтсимон ўсимлик бўлганлиги учун уни кузда ва эрта баҳорда ҳам экиш мумкин.

Ерларни кузда ҳайдашдан олдин гектар ҳисобига 30 тонна гўнг ва 50 кг суперфосфат ўғити билан озиқлантириб 20—25 см чуқурликда ҳайдаб қўйилади.

Арслонқуйруқ асосан уруғдан кўпайтирилади. Кеч кузда қуруқ уруғлар гектарига 12—18 кг дан экилади ва эрта баҳорда 7—8 кг дан стратификация қилиниб 1,5—2 см экилади.

Суғориладиган ерларга уруғ экилгандан кейин 60—70 см оралиқда суғориш эгатлари олинади ва кетма-кет суғорилади.

Уруғни гўнгга ёки дарахт қипиғига аралаштириб экилса баҳорда ёғадиган ёмғирлардан) қатқалоқ ҳосил бўлмайди ва уруғлар тўлиқ униб чиқади. Уруғ экилгандан 15—20 кун кейин майса чиқа бошлайди.

Арслонқуйруқни биринчи йили парвариш қилишда, қўлда ўтоқ қилинади, оралари юмшатилади, яъни культивация қилинади ва ўсимликларни ораларини сийраклаштириш учун ягана қилинади.

Ўсимликлар оралиғи 15—20 см дан қилиб ва ҳар бир уяга 1—2 тадан ўсимлик қолдирилади. Тўпбарг гул чиқаргандан кейин культивация қилиш билан бирга гектар ҳисобига 50—60 кг дан азот ва 20 кг дан калий ўғити билан озиқлантирилади ва суғорилади. Иккинчи ва учинчи озиқлантириш шоналаш ва гуллаш фазаларида гектарига 30 кг азот, 20 кг фосфор ва 30 кг калий ўғити билан озиқлантирилади. Бу даврда ўсимликнинг ўғитга бўлган талабчанлиги энг юқори бўлади ва поялари 2—2,5 метрга етиб қолади. Вегетация давомида арслонқуйруқ 7—8 марта суғорилади ва жами 110 кг азот, 80 кг фосфор ва 60 кг калий ўғити берилади.

Унинг хомашёси барг, гул шоналари билан биргаликда 40 см узунликдаги поясидир. Кўпчилик ўсимликларда тўпгуллари қуйи қисмларидаги гулларининг учдан икки қисми қийғос гуллаганда, тўпгулларнинг юқори қисми шоналаётган давр хомашёнинг тўла етилган вақти ҳисобланади. Уруғлари тўлиқ етилганида хомашё сифати бузилади.

Хомашёни поясини 35—80 см оралиғида қирқиш имконини беради, яъни унинг воситасида арслонқуйруқ поясини ўртача 50 см баландликда қирқиш мумкин. Хомашёни қайта жиҳозланган комбайнларда йиғиш мумкин. Биринчи йили унинг ҳосилдорлиги гектарига ўртача 25 центнерни, кейинги йилларда 35 центнердан ҳосил йиғиб олиш мумкин. Уруғларнинг ҳосилдорлиги ўртача гектарига 5—6 центнерни ташкил қилади. Бир далада арслонқуйруқни 3—4 йил сақлаш мумкин. Унинг хомашёси соя ерда қуритилади.

Манба: moodle.pharmi.uz

Улашиш: