Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Дуккакли экинлар кушандаси

23/Dekabr/2024 07:56
  1345

Тўрт нуқтали донхўр ҳаммахўр қўнғиз (Mylabris quadripunctata) — вигна, гледичия, нўхат, кабутар нўхати, боб, нут, соя, чечевица, чина, мош, ловия ва бошқа дуккакли ўсимликлар донларини зарарлаб, катта иқтисодий зарар келтиради. У ўсимликлар ўсиш ва ҳосил омборларда сақланиш даврида зиён етказади.

Тўрт нуқтали донхўрнинг — тухуми овалсимон, 4-6 миллиметр ялтирок, личинкаси оч сарғич рангда узунчок бўлиб, 4 миллиметр узунликда 3 жуфт оёқлари мавжуд. Ғумбаги — оч сариқ, вояга етган қўнгиз узунлиги 2,5 миллиметр, қалинлиги 1,6 мм бўлиб, эркагининг мўйловлари қисқа эшкаксимон, урғочисининг мўйловлари аррасимон. Қанотлари тўрт бурчаксимон оч-жигарранг, оқиш тукчалар билан қопланган.

Тўрт нуқтали донхўр – ҳар бир дон усти қисмига 15 тагача тухум қўяди. Тухумидан ажралувчи суюқлик тухумни дон устига мустахкам елимлайди. Тухумдан очиб чиққан личинка — тухумни зарарлаб бошлайди. Личинкалар 1 ёшдан 4 ёшгача ривожланади. Донни тешиб зарарлаб бўлгач, яқинида ғумбак пайдо қилади. Ғумбакдан чиққан ва вояга етган қўнғизлар келгусида майдаланган дон ёки бутунларини зарарлаб, кўпайишни давом эттиради. Дон ичидан чиққан (қўнғизлар) донхўрлар қўшимча овқатланмасдан қўшилишни бошлайди. Урғочи қўнғиз яна тухум қўйишни давом эттиради.

Битта урғочи қўнгиз ўртача 20 кун давомида 100 тагача тухум қўяди. Қўнғиз ўртача 12 кун, баъзан 36 кунгача яшайди, тухумдан вояга етгунча даври учун ҳарорат 30 даража бўлса 18 кун етарли. Агар ҳарорат 18 даража бўлса 40-48 кун давом этади. Қишда бу давр 3-4 ой давом этиши мумкин.

Тўрт нуқтали донхўр — 1 дона мошга 4-5 та, 1 дона ловияга 10-15 тагача тухум қўяди.

Тарқалиш манбалари: Асосан зарарланган дуккакли донлар орқали амалга ошади.

Донли дуккакли экинлар уруғи ва донини импорт қилишда “Ўзбошдавкарантин” Икнинг қуйидаги рухсатномасига амал қилиш зарур.

Барча дуккаклилар уруғи карантин назоратидан ўтказилиши ва экспертиза хулосасига эга бўлиши шарт. Барча омборхоналар ва дуккакли экин майдонлари доимий карантин назоратидан ўтказилиб турилиши ва ҳар 6 ой давомида (фумигация) кимёвий воситалар билан зарарсизлантирилади. Карантин назорати ёз ойларида ҳар ойда, куз ва қиш ойлари ҳар чоракда камида бир марта ўтказилиб турилиши керак. Топилган зараркунандалар турини аниқлаш учун ёпиқ пробиркалардан фойдаланиш ва марказий карантин лабораториясига жўнатилиши лозим. Тўрт нуқтали донхўр аниқланган майдонларда карантин эълон қилиниб, етиштирилган ҳосил зарарсизлантирилиб (фумигация), 100 фоиз самарадорликка эришилгач, истеъмолга чиқарилиши мумкин бўлади.

Донхўр билан зарарланган дуккакли маҳсулотларни сақлашда (хонадонларда кам микдорда) унинг ичига ош тузи солиб қўйиш даркор.

Зарарланган дуккакли экин уруғларини экиш қатъиян ман этилади. Чунки бу келгуси йил ҳосили учун ўта хавфли.

Муаллифлар:  К. Норқобилов,  Л. Ҳакимов. Манба: "Сурхон тонги" газетаси

Улашиш: