Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Айни пишиқчилик мавсумида ҳам тарвузни нархи нега пасаймаяпти?

26/Dekabr/2024 09:34
  2048

Айни пишиқчилик мавсуми бўлишига қарамай, полиз маҳсулотларининг баҳоси арзонлашмаяпти. Буни Марказий банк томонидан июль ойида айрим истеъмол товарлари ва хизматлар нархи юзасидан ўтказилган мониторинг натижалари ҳам тасдиқлайди. Унда келтирилишича, ўтган йиллардагига қиёсланганда тарвуз ва қовун нархлари юқорилигича қолмоқда. Ҳозирги пайтда тарвузнинг бир килограмми ўртача 800-1800 сўм, қовунники эса 1800-3200 сўм атрофида.

Содда қилиб айтганда, ўртача катталикдаги тарвузни 10 минг сўмдан камига ололмайсиз. Боз устига, пайкал бошида тарвуз-қовунни текин еб, донабай харид қилишга одатланган халқимизга бу неъматни килолаб сотишаётгани эриш туюлаётгани ҳам бор гап.

Хўш, полиз маҳсулотлари нега қиммат? Уларнинг ёз фаслидаёқ тақчил бўлиб қолишининг сабаби нимада? Мониторингда бу табиий омиллар ва экин майдонлари қисқаргани билан изоҳланмоқда. Аслида ҳам шундайми? Вазиятни чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қиламиз.

Экин майдонлари қисқардими?

Яширишнинг ҳожати йўқ, шу пайтга қадар полизчиликка эътибор жуда паст эди. Тарвуз, қовун, қовоқ оралиқ ва такрорий экин сифатида экилган, холос. Айрим ишбилармон фермерларгина пахта ҳамда ғалла майдонлари уватларида бўш қолган бир парча ерда полиз маҳсулотлари етиштиришнинг уддасидан чиқишган. Шулар орқали ички ва ташқи бозорда бирдек талаб катта бўлган бундай ноз-неъматларга нисбатан эҳтиёжни қондириш имконсиз эканлигини англаш учун киши олим ёки иқтисодчи бўлиши шарт эмас.

Шу маънода, охирги йилларда ушбу масалага давлат миқёсида аҳамият берила бошлангани деҳқонларнинг умидини учқунлантиргандек бўлди. Гап шундаки, қисқартирилган паст рентабелли пахта майдонлари ўрнига асосий экин сифатида полиз жойлаштирила бошланди. Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга қараганда, жорий йилда 14,4 минг гектар ана шундай ерда полиз экинлари экилди.

— Бундан ташқари, ғалладан бўшаган майдонларнинг қарийб 50 минг гектарида полиз экинлари парваришланиши кўзда тутилган, — дейди вазирликнинг Сабзавотчилик, картошкачилик ва полиз экинлари бошқармаси бошлиқи Зафар Ортиқов. — Шунинг ҳисобига 2,2 миллион тонна ҳосил олиниши режалаштирилган. Бу ўтган йилдагига нисбатан 130 минг тонна кўп деганидир.

Демак, экин майдонлари қисқартирилмаган. Аксинча, кўпайган. Ахир илк бор жорий йилда полиз маҳсулотлари асосий экинлар қаторига киритилганини ҳисобга олсак, мантиқан тўғри-да. Бироқ мустақил кузатувчиларнинг фикри бошқачароқ. Улар полиз майдонлари камайган, деган қатъий позицияда. Буни шу пайтгача ушбу турдаги ноз-неъматлар деҳқон хўжаликлари ва томорқачилар томонидан етиштирилгани, ўтган йили тарвузнинг баҳоси ҳозиргидан икки баравардан ҳам паст бўлгани-ю, оқибатда яхши фойда кўрмаган аксарият оилалар бу мавсумда полиздан воз кечиб, унинг ўрнига пиёз, саримсоқпиёз каби зироатлар эккани билан исботлашга ҳаракат қилишмоқда.

Эҳтимол шундайдир. Лекин кўкламда салкам 14,4 минг гектарга полиз уруғи қадалгани рост.

Аномал иссиқ таъсири

Тақдим этилган маълумотларни кўздан кечирамиз. Унда баён этилишича, масалан, пахтадан бўшатилган майдонларнинг полиз учун ажратилган қисми барча ҳудудда мақсадли тақсимланган. Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятини ҳисобга олмаганда, албатта.

Энг катта майдон тармоқда довруғ қозонган Сирдарё (8279 гектар), Сурхондарё (1376 гектар), Жиззах (1332 гектар) вилоятлари улушига тўғри келади. Ҳақли савол туғилади: унда муаммо нимада? Ё мўлжалдаги ҳосил олинмадими? Деҳқонларнинг фикри билан қизиққанимизда, асосий сабаб сифатида бу йилги ноқулай об-ҳаво шароитини кўрсатишмоқда.

— Деҳқончилик барори табиат билан-да, — дейди Оқ олтин туманилик уста деҳқон Сафар Мамадалиев. — Айниқса, полизчиликда ердаги нам ва ҳарорат маромида бўлиши керак. Шунда уруғ тез унади, илдиз отиб, палак ёяди. Эътибор қилган бўлсангиз, бу йил май ойи салқин келиб, июннинг бошларигача сақланиб турди. Бу ҳол экин ривожини сусайтирди. Айни саратондаги аномал иссиқ ҳаво ҳодисаси, гармсел оқибатида эрта ва ўртапишар тарвузлар гул ва ҳосил тугунчаларининг катта қисмини тўкиб юборди. Бу эса ҳосил салмоғига путур етказмай қолмади.

Тарвуз — иссиқсевар, ёруқсевар, шунингдек, қурғоқчиликка чидамли ўсимлик. Шу боис Марказий Осиёда у экиладиган майдони жиҳатидан полиз экинлари орасида қовундан кейин иккинчи ўринда туради. Ҳосилдорлиги юқори. Нав хусусияти, тупроқ унумдорлиги, агротехника тадбирларига қараб, гектарига 20 — 60 тоннани ташкил этади.

— Бу йилги шароитда бундай юқори ҳосил олиш қийин, — дейди чироқчилик Нурбек Нормуҳаммадиев. — Чунки сув тақчил. Томорқамнинг 20 сотихига эртаги, яна шунчасига кечки тарвуз эккандим. Айни гулдан чиқиб, ҳосили вазн йиғадиган пайт сув узилиб қолди. Бу пайтда жўякларга сув жилдиратиб қўйилса, қучоғингизга сиғмайдиган тарвуз битади. Экинни чанқатиб қўйганимиз туфайли биринчи теримдаги тарвузлар “тарс-тарс” ёрилиб қолди. Шукр, иккинчи терим яхши бўлди. Харажатларим қопланди. Энди умидим кечкисидан.

Пўсти қалин, мазаси эса...

Ёзнинг иссиқ кунларида кўнглингиз тарвуз тусайверади. Қанча есангиз ҳам организмингиз тортаверади. Сабаби у чанқовбосди неъматлар сирасига киради. Таркибининг 90 фоизидан ортиғи сув бўлса, 5,8 — 11 фоизи қанддан иборат. Шу боис камқонлик, жигар, буйрак, юрак-қон томир касалликларининг табиий давоси ҳисобланади. Лекин фалон пулга сотиб олинган тарвузнинг ранги “олаўпка”, пўсти қалин, яна бемаза бўлса-чи? Хунобингиз ошиши тайин. Аввалги лоладек қип-қизил, тилни ёрар даражада сершира тарвузларимиз қаерга кетди?

— Тарвуз меваси пўстининг қалинлиги навга хос белги ҳисобланади, — дейди Сабзавот-полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти кичик илмий ходими Шаҳноза Орипова. — Кейинги пайтда деҳқонларимиз кўпроқ фойда олиш, яъни экспорт қилиш мақсадида хорижнинг пўсти қалин тарвуз навларини экишяпти. Бундай тарвуз мевалари олис масофаларга ҳам эзилмай етиб боради. Аммо унинг мазаси деҳқон маҳоратига боғлиқ, яна ҳам аниқроқи, виждонига ҳавола. Негаки, полиз экинларига узилишидан 20 кун аввал сув тараш тўхтатилади. Ўша муддатда тарвуз ҳам, қовун ҳам шира тортади, бол йиғади. Афсуски, айримлар кўпроқ тош боссин, дея мевани узиш олдидан ҳам енгил суғориб олишади. Бу эса унинг мазасига салбий таъсир кўрсатади, албатта.

Тан олиш керак, бугун мева-сабзавотчиликда бўй кўрсатаётган муаммоларнинг ўқ илдизи уруғчиликка бориб тақалади. Сабаби хорижнинг усти ялтироқ матоҳларига лол бўлиб, бебаҳо бойлигимиз бўлган асл навларни йўқотиб қўйдик. Бозорларни айланиб, “Мармар тарвуз”, “Манзур”, “Олмос”, “Дилноз”ни тополмайсиз. Кўкламгача сархил сақланадиган “ўаит қора” ва кўплаб халқ селекциясининг маҳсуллари бўлган тарвузлар анқонинг уруғига айлаганига анча бўлди. Кунимиз пўсти қалин, мағзи эса резинкадай чўзиладиган, атиги бир марта ҳосил берадиган Голландиянинг дурагайларига қолди.

Модомики, полизчиликдаги вазиятни ўнгламоқчи эканмиз, ишни, энг аввало, селекциядан бошлашимиз даркор. Асл навлар тикланмас экан, тупроқ-иқлим шароитига мос, ҳосилдор навлар яратилмаса, барча саъй-ҳаракатимиз бекор.

Маркетинг асосида иш юритилса...

Табиий омилларга қарамасдан, айтиш мумкинки, тарвуз ҳосилининг чўғи кам эмас. Пайкалларда ҳар куни минг-минг тонналаб ҳосил узилиб, транспортларга жойланяпти. Лекин улгуржи деҳқон бозорларида ҳам ҳар йилги манзара — уюм-уюм тарвуз, қовунларни кўрмайсиз. Ўйга толасан, одамлар орасида юрган гап-сўзлар ростмикан: полиз маҳсулотлари четга чиқиб кетаётгани учун нархи пасаймаяпти.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамиятига мурожаат қилдик. Жамият мутахассисларининг айтишича, 2018 йилнинг етти ойида 1221 тонна тарвуз, 5244 тонна қовун экспорт қилинган. Таққослаш учун айтганда, ўтган йилнинг шу даврида 423 тонна тарвуз, 3487 тонна қовун чет эллик буюртмачиларга етказиб берилган эди.

Кўриниб турибдики, тарвуз экспорти салкам уч баробар ошган. Географияси ҳам кенгайган. Табиийки, буни ижобий ҳолат сифатида баҳоламоқ лозим. Қовун-тарвузларимиз яқин ва олис давлатларда ҳам тобора харидоргир бўлиб бораётганидан фақат қувонишимиз керак. Лекин экспорт ҳажмининг ўсиши ички бозорга салбий таъсир кўрсатмаслиги, истеъмолчиларнинг эътирозига сабаб бўлмаслиги зарур. Бунинг учун бозор талабини чуқур ўрганиш лозим. Йўқса, мувозанатни сақлаш ўта мушкул.

Иқтисодчиларнинг фикрича, бозор иқтисодиёти шароитида маркетинг асосий ўринни эгаллайди. Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида айни шу жиҳат оқсаётгани туфайли айрим маҳсулотлар ўта арзон, бошқалари эса қиммат. Бу йилги мавсум мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, пиёз, саримсоқпиёз, нўхат, картошка нархи тушиб кетган, олма, шафтоли, узум, гилоснинг баҳоси барқарорлиги таъминланган бўлса, тарвуз ва қовун қимматлашган. Балки кечпишар тарвузлар тарозига тушгач, вазият яхшиланар...

Агар экинларни жойлаштиришда, ички ва ташқи бозорнинг реал эҳтиёжлари инобатга олинмаса, пухта маркетинг асосида иш тутилмаса, бундай ҳолат у ёки бу кўринишда такрорланаверади.

Демак, қишлоқ хўжалиги диверсификация қилинаётган ҳозирги пайтда аграр соҳанинг анъанавий тармоқларинигина эмас, балки унинг одамлар кайфиятига таъсир кўрсатадиган барча йўналишларини ривожлантириш чораларини кўриш талаб этилади. Хусусан, полиз экинлари майдонини кенгайтириш, деҳқонларга маҳсулот етиштириш учун зарур шарт-шароит яратиб берилиши даркор. Амалиётга ресурс тежамкор, инновацион агротехникаларни татбиқ қилиш, бозор механизмларини изчил қўллаш лозим. Токи, деҳқонда ҳадик эмас, балки меҳнатига яраша даромад олишга ишонч пайдо бўлсин. Ана шунда тарвуз бозорига тушган одамларнинг қўлтиғидан тарвузи тушмай, оғринмасдан харид қилади.

Саид Раҳмонов,

«Халқ сўзи» газетаси.

Улашиш: