Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ипак қурти боқиш юзасидан тавсиялар

30/Dekabr/2024 01:28
  1641

Жаҳон ипак бозорида ипак маҳсулотларига бўлган талабнинг тобора ошиб бораётганлиги ўз навбатида мамлакатимизда пилла етиштириш ҳажмларини босқичма-босқич оширишни тақозо этмоқда. 

Пилла сифатини яхшилаш, боқилган ҳар бир қути қуртдан олинадиган пилла ҳосилини имконияти борича ошириш бир қатор агротехника ва ташкилий тадбирларга амал қилишни талаб этади. 

Жонланиб чиққан қуртларни тарқатиш ва қурт боқувчиларга ўз вақтида етказиб бериш пиллачиликнинг энг масъулиятли жараёнларидан ҳисобланади. Чунки, янги жонланиб чиққан қурт ўша заҳоти қурт боқувчиларга топширилиб, уларни боқиш бошлаб юборилмаса, 1 сутка қолиб кетган 1 қути қуртдан 5000-7000 дона; 2 сутка қолганда 10000-13000 дона ва 3 сутка қолиб кетганда 20000-25000 дона қурт нобуд бўлиши мумкин. 

Оқибатда келажакдаги пилла ҳосилини сезиларли қисмини мавсумнинг бошидаёқ йўқотишга тўғри келади. Кичик ёшдаги қуртлар териб олинган тут баргларини 5-7 мм кенгликда “угра” шаклида кесиб боқилади. Бунда қуртлар ғана остида қолиб кетишини олди олинади ва қуртлар бир текис ўсишига эришилади. Биринчи ва иккинчи ёшдаги қуртларга сутка давомида ҳар икки соатда 8-10 марта барг берилади. Қуртлар ёшдан-ёшга ўтиши билан уларга ажратиладиган жой ҳам кенгайтирилиб борилиши керак. 

Бир қути қуртларни боқиш учун 1-ёшда – 2 м2; 2-ёшда – 5-6 м2; 3-ёшда – 12-15 м2 сатҳдаги қурт боқиш майдони талаб этилади. Кичик ёшдаги қуртларни парваришлашда ҳаво ҳарорати ва унинг нисбий намлиги жуда катта аҳамиятга эга. Ипак қуртининг меъёрда ўсиб ривожланиш, қуртларнинг барг ейиш фаоллиги, уларни қурт организмида ҳазм бўлиши ва ёшдан-ёшга ўтиши қуртхонадаги ҳароратга боғлиқ. 

Кичик ёшларда қуртхонада ҳарорат 26-27оС, нисбий намлик 65-75 фоизни ташкил этиши лозим. Бундан ташқари ҳар 2-3 соатда хоналарни 15-20 минут шамоллатилиши боқилаётган қуртларни турли касалликларга чалинишини олдини олади. Катта ёшдаги қуртлар кесилмаган ва яшил шохчалар билан боқилади. Қуртлар бешинчи ёшга ўтиши билан барглар 70-100 см узунликдаги новдаси билан кесиб берилади. 4 ва 5-ёшда суткасига 6 марта, ҳар 3 соатда барг солинади. 

Қурт боқишнинг бу даврида ҳаво ҳарорати 24-25оС, нисбий намлик 60-65% бўлиши талаб этилади. Ҳароратнинг пасайиши қурт организмида озуқанинг хазм бўлиши ва модда алмашинувини сусайтиради, бу ўз навбатида қуртлик даврининг узайишига ва пилланинг майда бўлишига олиб келади. Қуртларга бериладиган озуқанинг самарали ўзлаштирилиши, улар боқилаётган сўкчак юзасига боғлиқ. 

Қуртлар бир меъёрда ўсиши, ривожланиши ва турли касалликлардан ҳоли бўлиши учун 4-ёшда – 25-30 м2, 5-ёшда – 60-70 м2 сатҳ бўлиши керак. Қурт боқиш даврида, айниқса катта ёшдаги қуртларни ғаналаш катта аҳамиятга эга. Қурт чиқиндилари ўз вақтида олиб ташланмаса, уларнинг чириши натижасида зарарли газлар ажралиб чиқади ва турли касалликлар манбаи бўлиб хизмат қилиши ҳам мумкин. 

Тўртинчи ва бешинчи ёшларда ғана биринчи марта қуртлар пўст ташлаган куннинг эртасига алмаштирилади. Кейин эса ғана қай даражада тўпланишига қараб олиб турилади. Баргга тўйган қуртлар бешинчи ёшнинг 8-9 кунларига келиб озиқланишдан тўхтайди ва ўз организмини чиқиндилардан тозалаб пилла ўраш учун қулай жой излай бошлайдилар. Шу пайтда қурт боқувчилар биринчи дасталарни қўйиб қолган қуртларга барг бериб туришлари лозим, баргга тўйган қуртлар аста секин дасталарга кўтарила бошлайдилар. 

Ҳар бир қути қурт ҳисобига 300-400 дона табиий ўтлардан даста тайёрланади. Бунинг учун мингбош, оқбош, читир ва сариқ гулли ўтлардан энг яхши дасталар тайёрлаш мумкин. Пилла ўраш даврида қуртларга тоза ҳаво, мўътадил 25-26оС ҳарорат ва нисбий намлик 60-65% бўлишини таъминлаш бўлажак пилла ҳосили мўл ва сифатли бўлишига замин тайёрлайди. 

Сифатли ва мўл пилла ҳосили етиштириш йўлида тут ипак қуртининг озуқа базаси бўлган мавжуд тут плантациялари ва якка қатор баланд танали тутларга тўғри ва ўз вақтида агротехник ишлов бериш муҳим аҳамият касб этади. Пиллачилик мутахассислари ва пиллакорлари ипак қурти боқиш агротехник тадбирларини ўз вақтида ва сифатли амалга оширишлари мамлакатимиз пилла хирмони салмоқли бўлиши ва соҳанинг иқтисодий самарадорлиги юксалишини таъминлайди. 

Ш.Умаров, Б.Насириллаев


Улашиш: