Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Анор кўчатини кўпайтириш бўйича маслаҳатлар

23/Dekabr/2024 07:55
  1300

Анор кўчати асосан тўрт хил усул билан кўпайтирилади.

Биринчи усули - анор донидан, аммо унинг ўсиши секин, сертикан бўлиб, меваси унча катта бўлмайди.

Иккинчи усули - дарахт тагидан ва танасидан ўсиб чиққан ёввойи новдалардан олиб кўпайтирилади. Бу кўчат жуда тез ўсади, аммо ҳосили кам бўлади.

Учинчи усули - дарахт шохларидан кесиб олиб экилади, бу секин ўссада, ҳосилдорлиги яхши бўлади.

Тўртинчи усули - анор дарахти танасидан бири ерга эгиб кўмилади. Бу усул «палгари», Фаргона водийсида эса «тизза» дейилади ҳамда тез амал олиб ҳосилдорлиги юқори бўлади. Энг маъқул ва яхши амал бўлмиш тўртинчи усулни баҳорда анорлар очилиб, ерлари текислангач, мева қиладиган ёки эҳтиётсизлик қилиб ярим синган танасини дарахт ёнига кўмилади.

Икки йил аввал ўтказиб яхши илдиз отган кўчат жойидан кавлаб олиниб, бошқа ерга экилади. Анор дарахтини 4x3 ўлчамда экиш мақсадга мувофиқдир. Анорзор атрофида ҳеч қандай мевали дарахт бўлмаслиги лозим. Фақатгина токдан ташкари. Айтишларича, ток дарахти билан анор ўртасида «мухаббат» бўлиб, бир-бирига яқин экилса серҳосил бўларкан. Анор дарахти экилгандан сўнг икки-уч йилда ҳосил беради, 7 йилдан сўнг тўлиқ ҳосилга киради ва айрим туплари 60-80 кг гача мева беради.

Анор кўчати етиштиришнинг энг оддий ва арзон усули илдиз бачкиларидан ва новдаларидан қаламча экиб, кўчат тайёрлашдир.

Қаламча қилинадиган новдалар кузда, анор шохларидаги барглар тўкилиб бўлганидан кейин кесиб олинади. Қаламчалар анор ҳосили териб олиниб, серҳосил туплар аниқлаб олингач, тайёрланади. Айрим ҳолларда кўкламда анор тупи очилгач, то куртак чиқаргунча тайёрласа бўлади. Қаламчалар 25-30 см узунликда кесилади. Унинг пастки учи куртак тагидан бир оз қийшайтириб кесилиши лозим. Шундай қилинганда майда илдизчаларнинг пайдо бўлиши осонлашади. Қаламчалар об-ҳаво шароитига қараб 1-25 мартда экилади. Кесилган қаламчалар 25-50 донадан боғлаб бир неча соат сувга ташлаб қўйилади. Қаламчани экиш чоғида оралиғини 10-15 см, унинг тупроқдан юқори кўмилмайдиган қисмини 5 см бўлишлигига эътибор беринг. Қаламчалар экиб бўлингач, дарҳол жилдиратиб сув беринг. Шунда қаламча бўғзидаги тупроқ зичлашиб, унинг илдиз чиқариши осонлашади. Қаламча тайёрлаш пайтида зинхор ўтмас чопқи ишлатманг. Негаки, тиғ еган учидан шамол кириши натижасида қурийди.

Об-ҳаво ва тупроқ шароитига қараб ниҳоллар ўсиш даврида 10-15 марта суғорилади. Бу апрелда 1, майда 3-4, июнда 3, июлда 3, августа 2, сентябрда 1 марта. Анор дарахти танасидаги шохларига эътибор бериш керакки, негаки, у секин ўсувчи тез синувчи ва нозик бўлиб, тана шохларини ўнтадан, ўн бештагача қўйиш керак. Агар дарахт хаддан зиёд баланд бўлса ҳосили камая боради, калта бўлса, йўғонлашиб, кўмилаётган пайтда синади. Шунинг учун ҳам анор дарахтининг узунлигини уч-уч ярим метрдан оширманг.

Манба:

И. Неъматов (2011). Анорчилик сирлари. Ёш боғбонлар, фермерлар ва барча қизиқувчиларга қўлланма.

Улашиш: