Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш шартлари

25/Dekabr/2024 02:36
  1543

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва республика ҳукумати томонидан кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш бўйича ташкилий-иқтисодий жиҳатдан шарт-шароитлар яратилишига алоҳида эътибор берилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил  22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4478-сонли фармонида фермер хўжаликлари томонидан юқори даромад олиш ва қўшимча қиймат яратиш мақсадида кўп тармоқли фермер хўжаликларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, уларга қўшимча ер майдонларини ажратиш, имтиёзли кредитлар бериш, солиқ имтиёзларини қўллаш каби чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2013 йилдан бошлаб ҳар йили фермер хўжаликларида кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйиш юзасидан махсус дастурлар қабул қилиниб унинг ижроси изчил амалга оширилмоқда.

Фермер хўжаликлари ўз фаолиятида қўшимча тармоқларни ташкил этиш учун:

биринчидан, иқтисодий асосланган лойиҳа, яъни бизнес-режа ишлаб чиқиши ва унда ташкил этиладиган қўшимча тармоқ тури, талаб этиладиган маблағ ҳажми, шу жумладан, тижорат банкидан олинадиган кредит миқдори, лойиҳани амалга ошириш натижасида ишлаб чиқариладиган маҳсулот миқдори ёки кўрсатиладиган хизмат тури ва ҳажми, янги иш ўринларини яратиш, эришиладиган самарадорлик каби кўрсаткичлар акс эттирилиши;

иккинчидан, фермер хўжалиги бошлиғи кўп тармоқли фаолиятни ташкил этиш бўйича ишлаб чиққан бизнес режасига асосан, лойиҳанинг асосий параметрларини яъни, ташкил этиладиган қўшимча тармоқ тури, талаб этиладиган маблағ ҳажми, шу жумладан, фермер хўжалигининг ўз маблағи ва тижорат банкидан олинадиган кредит миқдори, яратиладиган янги иш ўринларини сони каби кўрсаткичларини акс эттирган ҳолда, туманда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш бўйича дастурга киритиш юзасидан туман фермерлар Кенгашига мурожаат қилиши лозим;

учинчидан, фермер хўжалигининг туман фермерлар кенгашига тақдим этган маълумотлари туманда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш бўйича дастурга киритилиши лозим. Мазкур Дастур тумандаги қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, тижорат банклари раҳбарлари томонидан имзоланиб туман фермерлар кенгаши билан келишилган ҳолда туман ҳокими томонидан тасдиқланади;

тўртинчидан, фермер хўжалиги томонидан амалга ошириладиган лойиҳанинг асосий кўрсаткичлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар миқёсида туманлар кесимида умумлаштирилган ҳолда, ҳудудлардаги қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси, Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси, тижорат банклари раҳбарлари томонидан имзоланиб, Ўзбекистон фермерлари кенгаши ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқори Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари томонидан тасдиқланадиган кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш дастурига киритилиши лозим.

Ушбу дастурга киритилган фермер хўжаликлари ўз фаолиятида қўшимча тармоқларни ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш имкониятига эга бўладилар.

Фермер хўжалигида кўп тармоқли фаолиятни ташкил этиш бўйича иқтисодий асосланган ҳолда ишлаб чиқилган бизнес-режа лойиҳани амалга ошириш учун хўжаликнинг ўз маблағи етарли бўлмаган ҳолларда хизмат кўрсатувчи тижорат банкидан кредит олиш учун ҳам асос бўлиб ҳисобланади.

Фермер хўжалиги бошлиғи томонидан лойиҳани амалга ошириш учун бажариладиган ишларнинг аниқ муддатлари кўрсатилган ҳолда тармоқ жадвалини ишлаб чиқилиши лозим ва у туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, хизмат кўрсатувчи тижорат банки туман бўлими раҳбарлари, фермерлар кенгаши раиси томонидан имзоланиб туман ҳокими томонидан тасдиқланади.

Фермер хўжаликларида асосий тармоққа қўшимча равишда ташкил этиш кўзда тутилган соҳанинг фаолияти хўжаликнинг асосий тармоғига шунингдек, ҳудуди бўйича қўшни жойлашган фермер хўжаликлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатмаслиги лозим.

Фермер хўжаликларида асосий тармоққа қўшимча равишда ташкил этиш кўзда тутилган соҳанинг фаолияти хўжаликнинг асосий тармоғида етиштириладиган маҳсулотлар сифати пасайиши, инсон соғлиги учун зарарли моддалар билан ифлосланишига олиб келмаслиги лозим.

Фермер хўжаликларида асосий тармоққа қўшимча равишда ташкил этиш кўзда тутилган соҳанинг фаолияти мавжуд қонунлар билан таъқиқланмаган бўлиши лозим.

Қўшимча тармоқни ташкил этиш учун фермер хўжалиги ихтиёрида зарур шарт-шароитлар (билим, тажриба ва малака) ва ресурслар (ер, сув, бино ва жойлар, иш кучи, техник восита кабилар) етарли даражада мавжуд бўлиши мақсадга мувофиқ.

Кўп тармоқли фермер хўжаликларида ишлаб чиқаришнинг қўшимча тармоғи асосий тармоқ билан боғлиқ ҳолда ташкил этилиши ташкилийиқтисодий жиҳатдан рағбатлантирилиши лозим.

Кўп тармоқли фермер хўжаликлари доимий равишда ўзларининг молиявий барқарорлигини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларини ривожлантириш ҳисобига ўз фаолият турларини кенгайтириб боради.

Манба:

Мамарасулов Ҳ.Қ., Холмирзаев И.А., Аскаров Н.Н. (2016). Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантириш масалалари. Амалий қўлланма, Тошкент.

Улашиш: