Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Туячилик сердаромад соҳами?

21/Dekabr/2024 19:22
  1701

Мамлакатимизнинг катта ҳудудида (17,5 млн. га) яйлов чорвачилиги ривожланган. Чўлнинг қийин шароитига туяларнинг икки тури – (дромедарлар ва бактрианлар) биологик жиҳатдан жуда яхши мослашган. Туячиликдан асосан таннархи арзон, озиқ-овқат маҳсулотлари (гўшт, сут) ва хомашё (жун, чарм ва бошқалар) олинади. 

Туялар йил давомида яйловда сақланишга мослашганлиги билан яйлов ўсимликларидан фойдаланишда қоракўл қўйларига рақобат қилмайди. Чунки улар рациони қўйлар кам ейдиган озуқабоп ўсимликлардан иборат. Улар йил давомида янтоқ, каррак, мавсумий шўрадошлар ёки баланд ўсимликлар (саксовул, черкез, қандим) нинг юқори қисми билан озиқланади. 

Туяларнинг юқори даражада кескин континентал иқлимга мослашувчанлиги, паст ҳосилли яйловлардан ҳам ўзининг озуқага бўлган талабини қондира олиши, қумли чўлларда масофани яхши босиб ўтиши ва узоқ яшаш хусусияти уларга ўртача серпуштлик ва маҳсулдорликни сақлаш имкониятини беради. Шунинг учун бу ҳудудларда чорвачилик маҳсулотларини кўпайтиришнинг энг муҳим заҳираси туялар ҳисобланади. 

Туячилик маҳсулотларини танлаш ва жуфтлаш усуллари билан кўпайтириш мумкин. Озиқлантириш ва сақлаш бўйича тайёрланган технологиялар ҳам паст таннархли маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятини беради. Чўл ҳудудида туячиликни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга бўлса-да, тармоқни ривожлантиришга махсус дастур йўқлиги, туяларни урчитишнинг илмий асосланган тизимининг етарли даражада ишланмаганлиги, илмий-тадқиқот ишларининг қисман молиялаштирилиши, ихтисослаштирилган хўжаликлар сони камлиги ва туячилик хўжаликлари моддий-техник таъминотининг ёмонлиги тўсқинлик қилмоқда. 

Туячиликда сут, гўшт ишлаб чиқариш йирик ва майда шохли молларга нисбатан бир қатор устунликларга эга. Бўталоқлар 15 ойлигида гўшт йўналишидаги қорамол тенгқурларидан икки баробар кўп тирик вазнга эга бўлади. Бу ёш организмнинг катта ёшли ҳайвонларга нисбатан тез ўсиши билан боғлиқ. Туяларнинг қорамолларга нисбатан дағал пояли озуқаларни 10-20 фоизга тез ҳазмлаши, кунлик ўсишнинг йил мавсумлари бўйича юқори бўлишини (баҳорда 961 г, ёзда 250 г, кузда 608 грамм) таъминлайди. 

Биринчи бўғин дурагайларнинг қўшимча вазн ўсиши 722 г дан 1956 г гача бўлиб, буни бўрдоқига боқилаётган қорамолнинг қўшимча вазн ўсишига тенглаштириш мумкин. Сут-гўшт йўналишидаги туячиликни ривожлантиришда ўзининг эколого-биологик хусусияти бўйича бир ўркачли туялар кўпроқ талабларга жавоб беради. Улар бу хусусияти бўйича икки ўркачли туяларга нисбатан 2,5-3 марта устунлик қилади. 

Биринчи бўғин она туялар оралиқ ҳолатни эгаллайди. Одатда туяларнинг лактация даври бир ярим йил, баъзан ундан кўпроқ давом этади. Навоий вилоятида дромедар она туяларнинг ўртача кунлик соғими 6 литрни ташкил қилади. Она туяларнинг 12 ойлик лактациясида генерация билан боғлиқ ҳолда 1035 литрдан 1546 литргача сут соғиб олиш мумкин. Яйлов иқлим шароитида дромедарлар сутининг ёғлилиги 4-5 фоизни ташкил қилади. 

Туялар сут соғими кўрсаткичини ҳозирги сигирлар маҳсулдорлиги билан таққослаш мумкин, аммо сигирларни сақлаш учун юқори тўйимли озуқа талаб қилинади. Туя сутининг кислоталилиги сигир сутига нисбатан юқори бўлиб, унинг узоқ муддат сақланиши ва таркибида С, В, РР ва Е витаминларининг кўплиги, ҳазм бўлишининг юқорилиги билан фарқ қилади. 

Туя сути ёғ, пишлоқ ва пархезбоп шувот ишлаб чиқариш хомашёси ҳисобланиб, шифобахшлик сифатлари билан ажралиб туради. Туя жуни тўқимачилик ва техник қулайликларга эга. У тивит ва қилчиқдан иборат, ўлик тола учрамайди. Энг кўп жунни бактрианлар (6-13 кг), бирмунча кам (2-3 кг) дромедарлар беради. Туя жуни бозорда доимо харидоргир ҳисобланади. Келажакда туячиликни жадал ривожлантириб, яйлов чорвачилигининг сердаромад тармоғига айлантириш мақсадга мувофиқдир.

Н.Бобоқулов, Х.Нарзуллаев


Улашиш: