Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ёз ойларида қўйларни парваришлаш

25/Dekabr/2024 08:21
  1414

Қўйчилик чорвачиликнинг етакчи тармоқларидан бири ҳисобланади. Республикамизда қўйларнинг қоракўл, ҳисори, жайдари ва жундор зотлари урчитилади. Ёз ойларида қўйларни чанқатиб қўйиш ёки иссиқда қолдириш яхши боқилмаганга қарагандан ҳам хавфли. Чунки уларнинг ўпкаси касалланиши мумкин, касаллик эса қишга бориб намоён бўлади.

Ёзги яйловларда иссиқни пасайтирувчи ва чанқовни камайтирувчи шароит яратилиши керак. Ёзда қўйлар очиқ текисликларда, тепаликларда ва дўнгликларда ўтлатилади. Ёш қўзилари бўлган совлиқлар энг яхши яйловларда боқилади. Қўйлар эрталаб ва кечқурун ўтлатилади. Энг иссиқ соатларда очиқ жойда, шамол эсиб турадиган майдонларда дам олдирилади.

Қўйлар яйловларда яхши ўтлатилганда (сут бермайдиган совлиқлар, қўчқорлар ва бичилган қўйлар) қўшимча озиқа берилмаса ҳам ўз вазнини ошириб боради. Ёш қўзилар август ўрталарида онасидан ажратилади. Эмизадиган совлиқлар қочирилгунча яхши дам олиши ва яйратилиши керак, шундагина улар келгусида яхши насл беради. Онасидан ажратилган қўзилар чучук сувли қудуқлар атрофида боқилади. Одатда қўзилар 3,5–4,5 ойлигида онасидан ажратилади.

Қўзилар онасини эмадиган даврда тез ўсади ва тирик вазни она қўйларнинг 60–65 фоиз вазнига етиб қолади. Масалан, яхши ривожланган қўзининг тирик вазни онасидан ажратиш маҳалида 28–32 кг, ўртача ривожланганда 22–27 кг ва суст ривожланганда 15–21 кг бўлади. Ёш қўзилар оналаридан бирин-кетин ажратиб борилади.

Онасидан ажратишдан 10–15 кун аввал ёш қўзилар совлиқлардан алоҳида ўтлатилади, эрталаб эса уларни оналарининг ёнига қўйиб қўйилади. Шунда қўзилар ўтлаб юришга ўрганади, организм ҳолатида айтарлик ўзгаришлар бўлмайди. Қўзиларни ўргатилмасдан туриб, онасидан бирдан ажратиб қўйилса улар она сутидан маҳрум бўлиб фақат яйлов ўтлари билан озиқланишга мажбур бўлади. Ана шундай кескин ўзгариш айрим ножўя ҳодисаларга сабаб бўлади, қўзилар мустақил ҳаётининг дастлабки кунларида яхши ўтламайди, уларда моддалар алмашинуви бир қадар бузилади, оқибатда ёш қўзилар ўсиб-ривожланишда орқада қолади. Бунга йўл қўймаслик учун ёш қўзилар отарларига 15–20 бош совлиқ қўй ва эчки қўшиб қўйиш тавсия этилади.

Зооветеринария талаблари бўйича қўзиларни онасидан ажратгандан кейин урғочиларини алоҳида тўқлилар гуруҳига, зотли эркакларини эса қўчқорчалар гуруҳига ажратиб қўйиш керак. Ривожланмай қолган ва сурункасига касал бўлиб юрадиган заифлари алоҳида гуруҳларга ажратилади.

Шундай қилиб, қўйларни ёз даврида озиқлантириш ва парваришлаш катта эътибор талаб қилади. Муҳим ва масъулиятли тадбирга жойларда етарли эътибор берилса қўйчиликда кутилган мақсадга эришилади.

Манба: agro.uz.  Муаллифлар: А. Нурматов, Н. Шоймуродов

Улашиш: