Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ер остидаги бойлик

20/Dekabr/2024 20:07
  1502

Мамлакатимизда барча соҳалар каби фармацевтикани ривожлантириш борасида ҳам кўплаб лойиҳалар амалга оширилаётир. Жумладан, юртимизда ўсадиган доривор гиёҳларни қайта ишлаб тайёрланадиган дори-дармонларни экпорт қилиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Ана шундай доривор гиёҳлардан бири ширинмия, қизилмия номлари билан аталувчи ўсимликдир.

Бу ўсимликни Хоразмда “бўён” дейишади. Қизилмиянинг илдизи тиббиётда ноёб ҳисоблангани боис, жаҳон бозорида юқори баҳоланади. У нафақат жаҳон фармацевтикасида, балки озиқ-овқат саноатида ҳам кенг қўлланилмоқда. Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, қизилмия илдизини тайёрлаш ва қайта ишлаш билан бугунги кунда Ўзбекис­тоннинг турли минтақаларида ўттиздан ортиқ корхона шуғулланади. Бу доривор гиёҳ фанда “солодка” деб аталади. Халқимиз тилида эса ширинмия, қизилмия дейилади. Ушбу ўсимлик мамлакатимиз ҳудудида кенг тарқалган  бўлиб, табобатда асосан томиридан фойдаланилади. Ширинмия томири  гликозидлар, сахароза, флавоноид­лар, эфир мойлари,  С витамини, минерал тузлар, пектин моддаларига бой. Ўсимликнинг қуритилган томиридан балғам кўчирувчи дори воситаси тайёрланади. Шунингдек,  ширинмия томири кўпгина дори воситаларининг таъмини яхшилаш учун ишлатилади.  Бундан ташқари, ундан  гастрит ва ошқозон-ичак йўлларини даволашда қўлланиладиган  ликвиритон дори воситаси тайёрланади. У озиқ-овқат саноатида пиво, турли хил ширинликлар  тайёрлашда ҳам кенг ишлатилади. Ширинмия кўп йиллик ўсимлик бўлиб, меваси август-сентябрь ойларида пишиб етилади. Уруғидан кўпаяди. Жой танламай, чўлли ҳудудларда, шўрхок тупроқда ҳам ўсаверади. Табобатда унинг балғам кўчирувчи хусусияти юқори баҳоланади. Ўсимлик томиридаги мавжуд глицирризин моддаси юқори нафас йўлларининг секретор функциясини кучайтиради ва бронхлар ҳамда трахеялардаги киприксимон эпителийлар фаоллигини оширади.  Шунингдек,  унинг таркибидаги бошқа моддалар буйрак фаолиятини яхшилаб, қондаги холестерин миқдорини камайтиради ва холес­терин қуйқаларини йўқотиш хусусиятига эга.

Бўён асосан Қора­қалпоғис­тон Республикаси ва Хоразм вилоятида ёввойи ҳолда ўсади. Унинг Хоразм шароитида икки тури мавжуд: суюжи (ширин) бўён ва аччиқ бўён. Табобатда асосан ширин бўён томири ишлатилади. Хоразмлик тадбиркорлар бу доривор гиёҳни экспорт қилишни анча илгари бошлашган. 2010 йили Шуҳратжон Ҳожимуродов Шовот туманида “Шовот бўён агрофирмаси”ни ташкил этиб, фаолият бошлаган эди. Маҳсулотни экспорт қилиш Хитой давлатидан бошланганди. Мана саккиз йилдан бери агрофирма муваффақият билан фаолиятли келаётир.

629.jpg (64 KB)

– Мана шу захкаш ерларнинг остида нақ олтин кўмилиб ётибди, десам ишонаверинг, – дейди Шуҳратжон Ҳожимуродов. – Фақат ҳамма гап ўсимлик илдизини вақтида ковлаб олиб, сифатли қайта ишлашда. Асосан, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Респуб­ликасидан хомашё харид қиламиз. Кунига 6-8 тонна бўён томирини қабул қилиб, саралаймиз ва қадоқлаб экспортга тайёрлаймиз. Ҳозирда агрофирма маҳсулотининг асосий харидори хитойлик ишбилармонлар ҳисобланади. Ойига 100 тоннага яқин маҳсулот экспорт қилинмоқда. Бу эса салкам 60 минг АҚШ доллари демакдир. Агрофирмада 40 га яқин киши доимий иш билан таъминланган. Апрель ойидан мавсум бошланади ва улар сафига яна 100 нафар мавсумий ишчи қўшилади.

Эндиликда тадбиркор доривор гиёҳ илдизини ўзимизда жаҳон стандартларига мос ҳолатда қадоқлаб, тўғридан-тўғри хорижлик харидорларга етказиб бериш тадоригини кўрмоқда.

Манба: qishloqhayoti.uz.  Муаллиф: Болтабой Матқурбонов

Улашиш: