Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Канакунжут: хусусиятлари ва етиштириш технологияси

24/Dekabr/2024 17:54
  1795

Ишлатилиши. Канакунжут мойи тиббиётда энг яхши сурги дори сифатида ишлатилади, шунингдек, гинекологияда ҳамда кўз касалликлари, яралар, тананинг куйган ерини, лейшманиоз ва бошқа тери касалликларини даволашда қўлланилади. Канакунжут мойи соч ўсишига ёрдам беради.

Етиштириш технологияси. Ўзбекистоннинг суғориладиган ерларида ўсадиган канакунжут бўйи 2 метрга етадиган ўт тариқасидаги бир йиллик ўсимлик ҳисобланади. Ўзининг ватанида кўп йиллик, бўйи 10 метрга етадиган дарахт, Euphoreiaceae оиласига мансуб. Совуққа жуда чидамсиз, табиий ҳолатда тропик ва субтропикларда (Африка ва Осиё) ўсади.

Қадимги Мисрда милоддан аввал 7- асрда ҳам маълум бўлиши аниқланган. Иссиқсевар бўлгани учун майсалари — 1°С да, катта ўсимликлар эса —3—4°С совуқда нобуд бўлади. Канакунжутни Республикамизнинг жанубий вилоятларида ва самарадорлик ҳарорати юқори, сув етарли бўлган ерларга ўстириш мақсадга мувофиқдир.

Унинг ўсиш даври 120—150 кун. Ўзбекистонда асосан „Херсонская-10“ нави экилади.

Канакунжутни кузги дон экинларидан бўшаган ерларга экиш тавсия этилади. Канакунжутни экиш учун ерларни кузда 27—30 см чуқур ҳайдаб шудгор қилиб қўйилади. Шудгор олдидан гектар ҳисобига 10—15 тонна чириган гўнг ва 50—60 кг фосфорли ўғитлар билан озиқлантирилади. Эрта баҳорда ерлар бороналанади ва 1—2 марта культивация қилинади. Тупроқ ҳарорати 10—12°С гача исиганда экиш мумкин. Бу муддат апрель ойларининг бошларига тўғри келади. Экишдан олдин уруғи ТМТД нинг 80%ли эритмаси билан ишланади (4 кг/т). Уни кенг қаторлаб экилади. Қатор оралари 70 см, экиш схемаси 70 х 20 см, уруғ СУПН-8, СПЧ-6 МФ ёки маккажўхори ва чигит экиладиган сеялкаларда гектарига 50—80 минг дона унувчан уруғ экилади. Ўсимлик туп сони 30—40 минг/га, кам шохланадиган навлари учун 50—60 минг/га. Экиш чуқурлиги 6—8 см бўлиши лозим.

421.jpg (268 KB)

1-расм. Канакунжут уруғлари

Бегона ўтларга қарши экишдан олдин 2,4 Д 500 (1,6—2,0 л/га) билан ишланади. Майсаланиш бошланганида қатор ораларига ишлов берилади ва 2—3 марта суғорилади. Гуллаш ва мевалаш фазасида икки марта суғорилади. Ўсимликда 4—5та чин барг ривожланганда асосий поя ва ва ён шохларининг учлари чилпилади. Бу ўсимликнинг яхши ривожланишини тезлаштиради. Канакунжутни ўсув даврида 2—3 марта ўғитланади. Биринчи ўғитлаш униб чиққандан кейин гектарига 40 кг дан азот ва 20 кг калий ўғити билан ўғитлагич культиваторлар билан ўғитланади. Иккинчи ва учинчи марта озиқлантириш гуллаш ва мева ҳосил қилиш даврида 50—60 кг азот, 20 кг фосфор ва 30 кг калий ўғити билан озиқлантиришни тавсия қилинади. Канакунжутни озиқлантириш суғоришдан олдин амалга оширилади. Умуман вегетация давомида 90—100 кг азот, 70 кг фосфор ва 50 кг дан калий ўғитини қўллаш унинг ўсиши, ривожланиши тезлашади ва ҳосилдорлиги юқори бўлади. Ўсимликни бир вақтда етилиши учун уни дефоляция қилинади. Барглари 8—10 кундан кейин қурийди ва тўкилади. Ўзбекистоннинг иқлим шароитида канакунжутни сунъий равишда баргини тўкмаса ҳам у яхши етилади.

Маҳсулот тайёрлаш. Унинг ҳосилини ККС-6, ККС-9 комбайнлари ёрдамида йиғилади ёки шингиллари кесиб олинади, қуритилади, ёрилади ва дон тозалаш машиналарида тозаланади. Сақланадиган уруғларнинг намлиги 8% дан ошмаслиги лозим. Бизнинг шароитимизда ҳар гектар суғориладиган ерлардан 20—25 центнердан ҳосил олиш мумкин.

Манба: moodle.pharmi.uz

Улашиш: