Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қалампир: ўзи аччиқ, фойдаси тотли

25/Dekabr/2024 15:52
  1512

Бағдод туманининг Мирзаобод маҳалласида Фурқатжон Бердалиев раҳбарлигидаги “Аромати Багдада” хусусий корхонаси томонидан қуритилган аччиқ ва ширин қизил қалампирлар хорижга экспорт қилинмоқда.

– Дастлаб қўлбола тегирмонни мослаштириб, қалампир, райҳон, жамбил, петрушка, сабзавотлардан сабзи, пиёз кабиларни қуритиб, сотувга олиб чиқардик, – дейди тадбиркор.   –   Илгари қопларда сотиладиган маҳсулотларимизни кейинчалик кичик халталарда харидорларга етказиб бера бошладик. Хитойдан келтирилган қуритиш агрегати ишнинг сифатини оширди. Бора-бора корхонамиз ишлаб чиқариш қуввати оша борди. Кейинчалик туман ҳокимлиги бизга имконият яратиб берди. Бўш турган бинони “0” қийматда олдик. Энди замонавий бинода ишлаяпмиз.

Ҳозирда тадбиркор корхонасини янада кенгайтириш ҳақида бош қотирмоқда. У яқинда ТИФ Миллий банк филиалидан 600 минг доллар кредит олди.

– Хитойдан 2 та қайта ишлаш линиясини олиб келаман, – дейди у. – Бу линиялар камида 30-40 кишининг ишини бажаради. Айни пайтда 13 гектар ерга қалампир ва бошқа экинлар экилган.

Яна бир янгилик. Тадбиркор ишни энди кластер усулида ташкил қилмоқчи. У бунинг учун бизнес-режа тайёрлади. Унга кўра, 1280 гектар ерда қалампир етиштирилади. Қалампирни қабул қилиб олади. Ўзи қуритади, қайта ишлаб сотади. Шунда корхонанинг йиллик экспорт ҳажми камида 1 миллион долларни ташкил этади.

Ҳозирда корхонада  ҳар куни 2 тонна қуруқ аччиқ қалампир қайта ишланмоқда.

Манба: "Қишлоқ ҳаёти" газетаси

Улашиш: