Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Иссиқхоналарда ёруғликни таъминлашнинг аҳамияти

20/Dekabr/2024 23:14
  1176

Ёруғликни аҳамияти ва иссиқхона сабзавот ўсимликларини унга талаби. Ёруғлик ўсимликлар учун энергия берувчи манба ҳисобланади. Таркибида хлорофилл бўлган яшил ўсимликлар, нурли энергия ёрдамида органик моддаларни яратиш ва тўплаш қобилиятига эга, у ўз навбатида ҳосилни шаклланишини таъминлайди. Ёруғлик яна нафас олишга, транспирация ва моддаларни харакати учун сарфланадиган энергия манбаи ҳисобланади.

Иссиқхона сабзавот экинларини ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлиги учун ёруғликни жадаллиги ва спектр таркиби, ҳамда ёруғ куннинг давомийлиги ҳам аҳамиятга эга. Қуёшдан тушадиган ёруғлик қанчалик кўп бўлса, ҳаво ҳарорати ва CO2 миқдори шунчалик (тегишли меъёргача) юқори бўлиши керак.

Ўсимликларни ҳаёти учун ФФР (фотосинтетик фаол радиация) – фотосинтезни таъминловчи 380 дан то 720 нм тўлқин узунлигидаги оптик нурланадиган майдон айниқса зарурдир. Ўсимликларни таркибида витаминларни кўпайтирувчи ва совуққа чидамлилиги, поясини чўзилиб кетишини олдини олувчи узун тўлқинли ультрабинафша нурларини (280 дан то 380 нм) ичига олган физиологик фаол радиация ва иссиқлик келтирувчи қисқа тўлқинли инфрақизил (720 дан то 800 нм ли) нурлар ҳам аҳамиятли ҳисобланади.

Иссиқхона экинларини ёруғликка талаби турлича бўлиб у етиштириш усулларига боғлиқ. Бу белгиларга кўра ҳимояланган ердаги сабзавот ўсимликлари қуйидаги уч гуруҳга бўлинади:

1) ёруғликка жуда талабчан (минимал ёруғлик 5-6 минг люкс ва минимал ёруғликни давомийлиги кўрсатилган ёруғликни жадаллигида суткасига 8-10 соат) – уруғ ва кўчат билан етиштириладиган барча экинлар;

2) кам талабчан (суткада 5-6 соат давомида 0,5-2 минг люкс) – етилтириш, тезлаштириб ўстириш ва консервация (ўсишдан тўхтаб туриш) қилинадиган барча экинлар, фақат учинчи гуруҳга кирувчи ўсимликлардан ташқари;

3) ёруғликсиз етиштириладиган – тезлаштириб ўстиришга мўлжалланган цикорий салати, ровоч ва етилтириб олинадиган сарсабил, ромен-салати, порей-пиёзи, гул ва брюссел карамлари.

Энг минимал ёруғликда помидорни ўсиши, гуллаши ва ҳосил бериши учун – 5 минг лк, бодринг учун – 2,4 минг лк ни ташкил қилади. Редиска, исмалоқ, укроп 4 минг лк ёруғликда ўсади, пиёз баргини олиш учун – 1-2 минг лк керак. Кўчатлик фазада ўсимликлар ёруғликка айниқса талабчандир. 25 кунлик бодринг кўчатларини ўсиши ва ривожланиши учун зарур минимал ФФР (фотосинтетик фаол радиация) – 3,9 минг лк, ёки 0,054 кал/см2 мин, 35 ёшлик кўчатлар учун – 3,3 минг лк, ёки 0,046 кал/см2 мин, 35 кунлик помидор кўчати учун – 6,0 минг лк, ёки 0,084 кал/см2 мин, 50 ёшли учун – 3,8 минг лк, ёки 0,053 кал/см2 мин ташкил қилади.

Ёруғликни етишмовчилиги ўсимлик пояларини бўйига чўзилиб ва келгусида букилиб эгилиб кетишига олиб келади. Бунда кўчатлар очиқ ерга кўчириб ўтказганда етиб қолади. Паст ёруғлик ҳосилни камайишига, меваларни шаклланишини ушлаб туришга ва уларни товарлик сифатини пасайишига, маҳсулот таркибида қанд ва витаминларни камайишига олиб келади.

Ўсимликларни ёруғликдан унумлироқ фойдаланиши учун ҳар бир экин учун мақбул озиқланиш майдони, ўсимликларга шакл бериш усулларини, экинларни бағазга олиш усулларини танлаш зарур. Экин ўстириладиган иншоотларда ёруғлик шароитлари йилдаги даврларга, иншоотларни конструкциясига (тузилишига), иқлим шароитларга ва бошқаларга қараб ўзгаради.

Қуёш ёғдусини давомийлиги (соат сони) фақат 2-3 маротаба кўпайишига қарамасдан ёзда тушадиган энергия миқдори қишдагига қараганда тахминан 10 марта камроқдир. Тўла булутли вақтларда ер юзига 20% гача ёруғлик энергияси етиб келади. Қуёш радиациясини спектрал таркиби мавсум ва сутка давомида, эрталаб, кечаси ва қишда ўзгариб боради, қуёш (над горизонтом) уфқдан паст турганда қизил ва инфрақизил, кунни ярмида ва ёзда – ультрабинафша нурлари кўпроқ бўлади.

Ўзбекистон иқлими серқуёшли ва қисқа кунлироқ бўлишига қарамасдан, қуёш ёғдусининг давомийлиги Россиянинг ўрта қисмига нисбатан йил давомида 1,5-2,0 марта, қиш даврларида – 3-4 марта, қуёш радиациясининг катталиги эса 8-10 марта кўпроқдир.

Ёруғлик энг танқис бўладиган ойлар декабр ва январ ҳисобланади. Бу икки ойда физиологик фаол радиациянинг горизонтал юзага тушадиган миқдори бўйича евро-осиё (материки) қитъаси 8 та ёруғлик минтақаларига (0...7) бўлинади. Ўрта Осиё ва Закавказия еттинчи, Қрим ва Шимолий Кавказ, Амур олди ва Узоқ Шарқ – олтинчи, ёруғлик минтақаларига мансуб.

Еттинчи ёруғлик минтақасида бодринг ва помидор қиши билан ҳосил бериши мумкин. Бодринг кўчатларини олтинчи ва еттинчи минтақаларда ҳамда помидорни еттинчи минтақада электр ёрдамида қўшимча ёруғликни қўлламасдан табиий қуёш радиацияси ҳисобига етиштириш мумкин. Бошқа минтақаларда ёруғликка талабчан сабзавот ўсимликларини иссиқхоналарда октябр-декабр ойларида ФФР етишмаслиги туфайли кўчат усулисиз етиштириш мумкин эмас.

Манба:

Зуев В., Атаходжаев А., Қодирхўжаев О. (2007). Ҳимояланган ерларда кўчат ва сабзавотларни етиштириш. Тошкент.

Улашиш: