Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Картошка куяси зарари ва унга қарши кураш чоралари

25/Dekabr/2024 14:54
  1433

Картошканинг энг хавфли зараркунандаси – картошка куяси  ҳисобланади. У картошкадан ташқари помидор, бақлажон, ёввойи итузум, тамаки ва бошқа итузумдошлар оиласига кирувчи ўсимликларни ҳам зарарлайди.

Картошка куясининг ватани Жанубий ва Марказий Америка ҳисобланиб, юртимизда биринчи марта 2009 йилда Шовот туманида аниқланган. Ҳозирда бу зараркунанда республикамизнинг барча ҳудудларига тарқалиб, картошкачиликка катта хавф туғдирмоқда.

Зараркунанда 22-26 даража ҳароратда ва 70-80 фоиз нисбий намликда яхши ривожланади. Етук қуртлик ёки ғумбаклик ҳолида қишлайди. Капалаклари бир-икки дона уруғни картошка баргларига, очилиб қолган туганакларига, агар тупроқ билан картошка кўмилган бўлса, тупроққа ҳам қўяди.

Улар битта картошкада 15 тагача бўлади. Айниқса, эртаки картошка ўрнига такрорий картошка экилса, ўсимлик кучли зарарланиши мумкин.

Картошка куяси ҳосилни омборхоналарда сақлаш жараёнида ҳам тўхтовсиз ривожланиб, тухум қўяди. Шу боис бундай омборхоналар унинг асосий тарқалиш ўчоқларидан бири ҳисобланади. Омборхонада сақланаётган картошка 25-80, баъзан 100 фоизгача  зарарланиши кузатилган.

Бунда куянинг урғочи капалаги жуфтлашиб, урчигач, бир кундан сўнг дастлабки тухумларини қўйишни бошлайди. Капалак ҳаёти давомида 150-200 донагача тухум қўяди. Капалаклар кундузи баргнинг орқа томонига жойлашиб, тинч ҳолатда бўлади. Кечки пайт, ғирашира қоронғи тушиши билан 2-3 соат ва эрта  саҳарда, тонг отишига яқин 1-2 соат давомида жуда фаоллашиб, учади, шу пайтларда тухумларини қўяди. Капалаклар тухумларни картошка поясининг ўсув нуқтасига, янги чиққан баргларга, илдиз бўғзига, кесаклар ва туганаклар кўзчаларига биттадан, баъзан иккитадан ҳам қўяди.

Қуртлар тухумдан 5 кунда чиқади. Қиш мавсумида уларнинг чиқиши бир мунча чўзилади. Тухум ичида етилганлари, тухум қобиғини кемириб, ташқарига чиқади ва шу жойдаги ўсимликларни кемириб зарарлайди.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти ва унинг вилоят ва туманлардаги тизим ташкилотлари қатор ишларни амалга оширмоқда.

Картошкани омборларда паст ҳарорат (3-5°)да сақлаш зарур. Шунда картошка куяси ривожланишдан тўхтайди ва нобуд бўлади.

973.jpg (54 KB)

Курашиш чоралари. Картошка куясини  аниқлаш ва унга қарши курашишда махсус ферромон тутқичлардан фойдаланиш яхши натижа бермоқда. Бунда ферромон тутқич сувли идиш ўртасига махсус қурилмаларда жойлаштирилади. Сувнинг ёпишқоқлигини ошириш учун идишдаги сувга озгина суюқ совун солинади. Бундай ферромон тутқичларни гектарига 15-20 тадан ўрнатиш тавсия этилади.

Картошка куяси, коларода қўнғизи ва бошқа зараркунандаларга қарши курашишда 20 фоизли Кореген, 15 фоизли Замектин гектарига  0,12-0,15 литр,  40 фоизли БИ-58 (янги) гектарига 1,5-2,0 литр, 30 фоизли Импалла гектарига 0,15 литр, 10 фоизли Корал гектарига 0,2-0,4 литр миқдорида ишлатилади. Ушбу инсектицидлардан бирини ўз вақтида қўллаш  юқори самара беради.

Кимёвий ҳимоя воситалари билан 15-20 кун оралатиб, 3-4 марта ишлов бериш яхши самара беради. Такрорий ишловлар ўтказилганда препаратлар алмаштириб ишлатилса, тадбирнинг самараси юқори бўлади.

Уруғликка мўлжалланган картошка кузда инсектицидлар билан дориланиб сақланади. Селест топ (0,05 фоизли), децис (0,1 фоизли) ва циперметрин (0,03 фоизлик) препаратлари қўшилган сувли эритмада картошка “чўмилтириб” олиниб, сўнгра қуритиб, сақлаб қўйилса, картошка куясининг “уйи куяди”.

Манба: “Қишлоқ ҳаёти” газетаси

Улашиш: