Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ёзги чилла вақтида боғ ва токзорларда қилинадиган агротехник тадбирлар

23/Dekabr/2024 15:16
  1279

Июль ойида ҳавонинг қуруқ ва иссиқ бўлиши, тупроқда намни камайиши боғларда меваларнинг ривожланиши ҳамда сифатига салбий таъсир кўрсатади.

Қадимдан боғбону соҳибкорларимиз ёз жазирамаси забтига олган кунларда мевали дарахтлар ҳамда ток тупларини қондириб суғоришга алоҳида эътибор қаратишган. Бу пайтда сув ичган боғ-токзорлар ҳосилдорлиги ортади, мевасининг сифати яхшиланади, тўкилиши камаяди. Шу боис июльда боғларни 2–3 марта суғориш мақсадга мувофиқ. Ахир халқимиз «Чилла суви – тилла суви» деб бежиз айтишмаган.

Боғ-токзорлар июнь ойида озиқлантирилмаган бўлса, гектарига соф ҳолда 60–70 кг азот, 50–55 кг фосфор, 40–45 кг калий ўғитлари солиниши зарур. Ҳосилли боғ ораларини суғориш учун дарахт тупларидан 80–90 см узоқликда ариқлар очилади. Токзорларда эса ток қаторидан 50–60 см узоқликдаги масофада очилган иккита суғориш ариғи кифоя. Ер ости суви чуқур жойлашган бўз тупроқларда сув 24–36 соат давомида жилдиратиб оқизиб қўйилади. Оғир соз тупроқларда 700–800, тошлоқ тупроқларда эса 400–500 м3/га меъёрда суғориш талаб этилади. Янги барпо этилган боғ-токзорларга айни кунларда ҳар туп кўчат атрофига 100–120 г. дан азотли, 50 г. дан фосфорли ўғитлар солиб, 2–3 маротаба қондириб суғориш зарур.

Намликни яхши сақлаш ва бегона ўтларни йўқотиш мақсадида боғ-токзорлар қатор оралари тупроғи етилиши билан 12–15 см чуқурликда культивация қилиш лозим. Озиқлантиришни органик ўғитлар билан қўшимча «шарбат» усулида ҳам бажариш мумкин. Бунинг учун боғ ва токзорларга сув келадиган йўлда чуқур ковланиб, унга гўнг солиниб, сувга тўлдириб 3–4 кун аралаштирилгач ўқариқ орқали эгатларга оқизилади.

Интенсив боғлар ҳосилдорлиги ортишини таъминлаш учун ҳар йили 30–40 т чириган гўнг, соф ҳолда 240–260 кг азот, 120–150 кг фосфор, 60–70 кг калий ўғитларини бўлиб-бўлиб солиш мақсадга мувофиқ. Томчилатиб суғориладиган боғларда ўғитлар сувда эритилиб берилса, самарадорлик ортиб, ўғитлар тежалади. Боғу-роғ дарахтлар орасини бегона ўтлардан тозалаб туриш талаб этилади.

Боғларда парша ва монилиоз касаллиги кўпайиши кузатилса, 1 фоизли Бордо суюқлигини пуркаган маъқул. Олма қуртига қарши 100 л сувга Вектра (30 г), Сапроль ёки Топсин (100 г) препаратлари комплекс ҳолда пуркалиши яхши самара беради. Ёзнинг юқори ҳароратли кунларида боғларда мева ва қўнғир рангли ўргимчакканалар, нок шира бургаси жадал ривожланади. Шунинг учун боғларда кузатишларга асосланиб, каналарга қарши курашда (1 та баргда 3 тадан ортиқ кана бўлса) намланувчи олтингугурт (100 л сувга 0,6–1 кг) 12–15 кг/га меъёрда сарфланади. Шунингдек, Омайт, Неорон препаратлари ҳам бунда қўл келади (100 л сувга 150 г). Бундан ташқари туйилган олтингугуртни чанглатса ҳам бўлади.

Нокзорларда нок шира бургаси (медянница) кўпайиб кетмаслиги учун 10–12 кун оралатиб, 1–2 марта қуйидаги препаратларни 100 л сувга аралаштириб берган маъқул: БИ-58, Карбофос, Фозалон (Золон) 200–300 г ёки Фуфанон 150 г ёки Нурелл, Циперфос 100 г ёки Каратэ, Децис, Суми-альфа 40–50 г ҳисобида. Кечпишар олма ва нок боғларида олма қуртининг учинчи наслига қарши июль ойининг охирги беш кунлигида юқоридаги препаратлардан бирини қўллаш керак. Беҳизорларда монилиоз касаллигидан зарарланган новдалар кесилади ва боғдан чиқариб ташланади.

Токзорларда ток туплари қалинлашиб кетишига йўл қўйилмаслик керак. Шуни ҳам айтиш керакки, токзорларимизда ҳомток ишлари ўз вақтида ва сифатли олиб борилса, касалликларнинг ривожи камаяди ва уни ҳисобига кимёвий ишловлар сони қисқаради, самараси эса ошади. Шунинг учун айни кунларда ғўра ҳомтогини сифатли ўтказиш ва новдаларни яхшилаб кун тушадиган қилиб тараб боғлаш зарур. Ҳимоя қилиш тадбирлари ўз вақтида ва сифатли ўтказилса, боғ ва токзорлар ҳосилдорлигини сақлаб қолган бўламиз. Ток тупларида узум бошларини соялатиб қўядиган бачки новдалар кучли ўсиб кетганда, уларда 2–3 та барг қолдириб, қолгани қирқиб ташланади, акс ҳолда улар ҳосилнинг етилиши, новданинг пишишини кечиктиради ва замбуруғли касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлади.

Токзорларда ғўра ҳомтокларни бажарилишига эътибор берилади, қалинлашиб кетган ва оидиум (кул) касаллиги тарқалгани кузатилса, туйилган олтингугурт чанглатилиши керак. 1 гектарга 30 кг олтингугурт ва 10–15 кг оҳак кукуни қўшиб, ОШУ-50 осма чанглагичда ишлов берилади. Юқоридаги агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилса, боғ-токзорлардан мўл ва сифатли ҳосил етиштирилади.

Манба: agro.uz.    Муаллифлар: Р. Абдуллаев, Ҳ. Утаганов

Улашиш: