Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қуёнларни бўрдоқига боқиш

23/Dekabr/2024 18:05
  1189

Бўрдоқига боқиш фақат емлаш деган маънони англатмайди. Емлаш билан қуённинг меъёрий ўсиш ва ривожланишига, бўрдоқига боқиш билан эса вазнининг ортиши, семириши, тери остидаги ёки ички ёғларнинг йиғилиши, гўшт таъмининг яхшиланиши ва мўйна сифатининг яхшиланишига эришилади. Қуённи бўрдоқига боқиш вақти, уни сўйишдан 6 ҳафта олдин бошланиши лозим. Бўрдоқига қўйилган қуёнларнинг битта гуруҳи 4-6 бошдан ортмаслиги лозим. Агар катаклар етишмаётган бўлса мавжуд хоналарнинг барчаси шу мақсадга вақтинча мослаштирилади. Гуруҳлар бир хилда ривожланган қуёнлардан ташкил топиши лозим, акс ҳолда кучлилар кучсизларни емдан нари ҳайдаб, етарлича семиришларига имкон бермайдилар. Қуёнларнинг ёшига кўра ва мавсумий тулаш жараёнини ҳам ҳисобга олиш, яъни ушбу жараён сўйиш фурсати келганида батамом якунланадиган қуёнларни бўрдоқига қўйиш лозим. Ёш қуёнларни сўйиш фурсати 4,5 ёки 7,5 ойга тўлиш вақтига тўғри келиши керак.

Ноябрдан февралга қадар бўлган вақт қуён сўйиладиган энг самарали мавсумдир. Негаки йилнинг айни совуқ кезларида қуёнлар мўйнаси қалин, пишиқ ва ялтироқ бўлади. Бу жониворлар физиологиясининг ўзига хос хусусиятлари ва шу вақтдаги ем таркибида юқори оқсилли емлар устувор бўлиши билан боғлиқдир. Ёш қуён сўйиладиган энг маҳсулдор давр, у 4,5 ойга тўладиган вақтга тўғри келади. Қуённинг ушбу вақтда семириши бир озуқа бирлигини истеъмол қилганида вазнига 25-30 гр вазн қўшилиши билан кечади, келгусида эса ушбу кўрсаткич 10-5 гр га қадар тушиб кетади. Бўрдоқига боқиш даври ҳар бири икки ҳафтадан давом этадиган учта шартли босқичдан иборат бўлади.

Биринчи босқичда кучли бойитилган емлар улуши умумий ем таркибининг 50% га тенглаштирилади.

Иккинчи босқичда ёғ тўпланишига омил бўладиган маккажўхори, нўхат, арпа, сули, картошка каби емлар билан боқилади. Буларнинг бари димланиб, суяк уни, туз, чопилган қичитқи ўт (газанда) қўшилиб ярим қуруқ атала тайёрланади. Ушбу аралашмага бақатўн қўшиб берилса мақсадга мувофиқ иш бўлади. Уни кузда секин оқадиган ва туриб қолган сув ҳавзаларидан олиб етарлича тайёрлаб олса бўлади.

Учинчи, яъни бўрдоқига боқишнинг якуний босқичида пичан, укроп, кашнич каби ошкўклар қўшиб берилади. Бўрдоқига боқиш даврида емни тўла истеъмол қилиб юборишлари учун бироз шўрроқ сув билан суғорилса иштаҳалари яхши очилади. Бўрдоқига боқишнинг сўнгги палласида қуёнлар кам ҳаракатчан бўлиб қолишиб, емга қизиқишлари батамом сўнади. Бу ҳолат уларнинг етилганлик аломатидир. Яхши семирган қуённинг курак ва оёқлари ораси ҳамда ёғ қатлами орасида аранг кўринадиган буйрак соҳаси кўп ёғ босади.

Манба:

Долимов Ш.З. (2008). Томорқа хўжалигида қуёнчилик. Боқиш, парваришлаш ва кўпайтириш бўйича тавсиялар. Тошкент.

Улашиш: