Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Доривор бегона ўтлар

19/Dekabr/2024 23:50
  1692

Наботот оламида бегона ўтлар каби кенг тарқалган ўсимликларни учратиш қийин. Айрим бегона ўтлар курраи заминимизнинг барча минтақаларида учрайди, шунинг учун ҳам улар космополит ўсимликлар деб аталади. Масалан, оддий қамиш шундай ўсимликлар сирасига киради. 

Бегона ўтлар деярли жой танламайди, йўл четларида, ариқ ва дарё бўйларида, тоғу тош, чўл ва адирларда учрайди. Айниқса, қишлоқ хўжалиги экинлари орасида, полизларда, боғларда бемалол ўсаверади, тез кўпаювчанлик хусусиятига эга. Улар илдизпоя ва уруғлардан кўпаяди. 

Бегона ўтларнинг уруғ ва мевалари осонгина тарқалишга мослашган, чунончи қоқи ўтнинг уруғида тожчаси бўлганлиги учун ҳам шамол ёрдамида узоқ-узоқларга тарқалади. Иттиканак уруғлари илмоқчалари чорва моллари, айниқса, қўйларнинг жунларига илашиб кенг тарқалади. Кўпгина бегона ўтларнинг уруғлари жуда ҳам майда бўлади, баъзиларнинг тузилиши ва ташқи кўриниши қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларига ўхшашлиги сабабли, уларни бир-бирларидан ажратиш жуда ҳам қийин. 

Маълумки, экинзорларда бегона ўтлар кўпайиб кетса, деҳқончиликка катта зарар етказади, ердаги озиқа моддалари ва сувнинг кўп қисмини тортиб олади, натижада қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги пасаяди. Шунинг учун ҳам деҳқонларимиз йил ўн икки ой бегона ўтларга қарши курашадилар; ерлар қайта-қайта шудгорланади, экин ерлари чопиқ қилинади, бегона ўтлардан тозаланади, кимёвий моддалар ишлатилади, хуллас тинимсиз меҳнат ва катта маблағ сарфланади. 

Шуни таъкидлаш жоизки, бегона ўтлар ичида дориворлик хусусиятларига эга бўлган турлар ҳам бисёр. Жағ-жағ, иттиканак, исмалоқ, қоқи ўт, зубтурум, эрмон, шувоқ, сачратқи, келинтили, қушторон, отқулоқ, саминчўп, арслонқуйруқ, газанда ўт ва бошқалар шулар жумласига киради. Мазкур ўсимликлар давлат фармакопеясига киритилган бўлиб, тиббиётда ишлатилиб келинмоқда. 

Республикамиздаги давлат ўрмон хўжаликларида «Шифобахш» илмий-ишлаб чиқариш марказига қарашли ихтисослашган давлат ўрмон хўжаликларида юқорида кўрсатилган доривор бегона ўтлар экиб ўстирилмоқда ва уларнинг хомашёси тайёрланмоқда. Етиштирилган хомашёлар фармацевтика корхоналарига етказиб берилиб, улардан турли касалликларнинг олдини олиш ва даволашда ишлатиладиган дори воситалари – экстрактлар, тиндирмалар, ҳар хил йиғма ва фиточойлар ишлаб чиқарилмоқда. 

Мамлакатимиз аҳолиси эътиборига доривор бегона ўтларнинг айримлари тўғрисида маълумотларни ҳавола этамиз. Масалан, жағ-жағ (пастушка сумка) карамдошлар оиласига мансуб бир йиллик ўт-ўсимликдир. Тиббиётда бу ўсимликни ер устки қисмлари ишлатилади. Таркибида гистотин гликозиди, витамин С ва К, флавоноидлар, органик кислоталар, ошловчи моддалар ва бошқалар бор. 

Иттиканак (череда) – мураккабгулдошлар оиласига мансуб бир йиллик ўт-ўсимлик. Тиббиётда ер устки қисми ишлатилади. Таркибида каротин, витамин С, эфир мойи, полифеноллар, флавоноидлар, кумаринлар, ошловчи, шиллиқ, аччиқ ва бошқа моддалар мавжуд. Ер устки қисмининг дамламаси болаларнинг диатез ва баъзи тери касалликларини (гуш ва экзема) даволашда шифобахш ванна қабул қилиш учун ишлатилади. 

Отқулоқ (шавель) – торондошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўт-ўсимлик. Тиббиётда илдизи ишлатилади. Таркибида антрацен, ошловчи моддалар, флавоноидлар, смолалар, витамин К ва бошқа бирикмалар бор. Илдизини қайнатмаси ва кукуни ичбуруғ (дизентерия), колит, энтероколит ва бошқа меъда-ичак касалликларини даволаш учун қўлланилади. 

Исмалоқ (шпинат) – шўрадошлар оиласига мансуб бир йиллик ўт-ўсимлик. Халқ табобатида ер устки қисми ишлатилади. Таркибида каротин, витаминлар – С, В, ва В2, қанд¬лар, органик кислоталар, оқсил ва бошқа моддалар бор. Табобатда ер устки қисми яхши ел ҳайдовчи восита сифатида қўлланилади ҳамда кам қонлик, рахит ва бошқа авитаминоз касалликларида витаминларга бой парҳез овқат сифатида истеъмол қилишга тавсия этилади. 

Қушторон (спорыш) – торондошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўт-ўсимлик. Тиббиётда ер устки қисми ишлатилади. Таркибида флавоноидлар, витамин К ва С, каротин, сапонинлар, кумарин, ошловчи ва бошқа моддалар бор. Ер устки қисмининг дори воситалари акушерлик-гинекология амалиётида туғишдан сўнг қон оқишини тўхтатувчи сифатида ҳамда буйрак-тош касаллигини даволашда қўлланилади. 

Қоқи ўт (одуванчик) – мураккабгулдошлар оиласига мансуб кўп йиллий ўт-ўсимлик. Тиббиётда илдизи ишлатилади. Таркибида тараксацин ва бошқа аччиқ гликозидлар, тритерпен бирикмалари, инулин, ёғ ва бошқа моддалар бор. Илдизининг қуюқ экстракти иштаҳа очиш ва овқат ҳазм қилишни яхшилаш учун ва ўт ҳайдовчи восита сифатида жигар, ўт қопчиғи ва ўт йўллари касаллигида қўлланилади. Қоқининг майдаланган илдизи меъда касалликларида ишлатиладиган фиточойлар ва йиғмалар таркибига киради. 

Юрак-қон томир касалликларини даволашда ишлатиладиган арслонқуйруқ, ошқозон-ичак касалликларида ишлатиладиган эрмон, юқори нафас олиш органлари касалликларини даволашда қўлланиладиган оққалдирмоқ, буйрак ҳасталикларини даволашда ишлатиладиган саминчўп, баргининг дори препаратлари ва мойи оғриқ қолдирувчи восита сифатида бод ва невралгия касалликларида ишлатиладиган мингдевона, таркиби алколоидларга бой ва барги бронхиал астма касаллигида ишлатиладиган бангидевона, уруғи жигар касалликларини даволашда ишлатиладиган олаўт ўсимлиги ҳам доривор бегона ўтлар сирасига киради. 

Ўсимликлардан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш, даволовчи шифокор назорати остида ишлатиш ва қўллаш тавсия этилади. 

М.Аллаяров


Улашиш: