Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Доривор иссоп ўсимлигини етиштириш бўйича тавсиялар

24/Dekabr/2024 19:44
  1206

Доривор иссоп ўсимлиги асосан уруғидан ва вегетатив йўл билан кўпайтирилади. Унинг яхши ўсиши ва ривожланиши учун унумдор тупроқлар ва қуёш яхши тушадиган майдонларни танлаш керак бўлади. Иссоп кўп йиллик ўсимлик бўлгани учун уни алмашлаб экиш далаларига жойлаштиришни режалаштирмаслик керак, чунки у бир ерда 20—25 йил давомида ҳосил бериши мумкин.

Доривор иссоп ўсимлиги экиладиган ерларни кузда гектар ҳисобида 15—20 тонна чириган гўнг ва 30—40 кг суперфосфат, ёғингарчилик кам бўладиган минтақаларда ва сизот сувлари чуқур жойлашган тупроқларда 20 кг дан азот ўғити бериб ерни 25—28 сантиметр чуқурликда ҳайдаб қўйилади.

Иссоп уруғидан кўпайтириш энг яхши усул ҳисобланади. Унинг энг мўътадил экиш вақти октябрь ойининг охири ва ноябрь ойининг биринчи декадаси ҳисобланади.

Уруғлар чуқурроқ экилади. Агарда экиш баҳор ойига қолдирилса, уруғлар стратификация қилиниши шарт. Бунинг учун уларни намланган қумли яшикларга солиб, иситилмайдиган хоналарда сақланади.

Уруғлар қуриб қолмаслиги ва моғорламаслиги учун вақти-вақти билан намлаб турилади. Экишдан олдин ерлар бегона ўтлар қолдиқларидан тозаланади, бороналанади ва мола билан текисланади. Ҳаво ҳарорати 15—17 градус исиганда эгат оралари 70 см қилиб экилади. Ҳар бир гектар ерга 4 кг гача уруғ сарфланади. Агар тупроқ таркибида нам етишмаса экилгандан кейин дарҳол суғорилади. Уруғлар 6—8 кунда униб чиқади. Орадан 10—12 кун ўтгач майсаларда 2—3 тадан чин барг ҳосил бўлади ва ўсимлик ораларини культивация ёрдамида юмшатилади ва бегона ўтлардан тозаланади. Баҳор ойларидаги ёғингарчилик натижасида иссоп экилган майдонларда қатқалоқлар пайдо бўлиши билан ўсимлик оралари юмшатилади ва шу билан бирга ягана қилиниб, ҳар бир тупда 20—30 см узунликда 2—3 тадан ўсимлик қолдирилади. Экилган ўсимликлар июнь ойининг охирларида шоналайди. Кузда экилган ўсимликлар май ойининг охири ва июнь ойларининг бошларида гулга киради. Шоналаш фазасигача ўсимлик икки марта суғорилади ва сувдан кейин ўсимлик оралари культивация билан 8—10 см чуқурликкача юмшатилади. Баҳорда экилган ўсимликлар июль ойининг бошларида гуллай бошлайди. Бу даврга келиб иссопнинг илдиз тизими яхши ривожланганлиги учун ўсимлик бақувват бўлиб ўса бошлайди. Иссопни озиқлантиришни шоналаш фазасида бошлаш тавсия қилинади. Суғоришдан аввал гектарига 50 кг азотли, 30 кг калийли ўғитлар билан озиқлантирилади. Ўсимликларни суюлтирилган гўнг билан озиқлантириш яхши натижа беради. Иссоп экилган майдонлар ҳар 2—3 суғоришдан кейин дала ўтоқ қилиниши лозим.

Иккинчи озиқлантириш ўсимлик гуллаш фазасида гектарига 40—50 кг азот ва 20 кг фосфор ўғити бериш билан тугатилиши керак.

Унинг битта тўпгулида 16—20 тагача гул бўлади. Унинг гуллари эрталаб соат 6—7 да очилади. Шу вақтда иссоп экилган майдонларда асалари ва капалаклар пайдо бўлади. Вегетация давомида доривор иссоп ҳаво ҳароратини ҳисобга олган ҳолда 6—8 марта суғорилади. Ўсимликнинг хомашёси бошоқли тўпгул ҳисобланади.

Уларнинг оммавий гуллаш фазасида гулбандларининг узунлиги 30 см бўлганда (августнинг иккинчи ярмида) унинг хомашёси йиғилади. Хомашё янги ўрилган пайтда унинг таркибида нам кўп бўлади. Шунинг учун ўсимлик моғорлаб кетмаслиги учун яхши шамоллатадиган бостирмаларга юпқа қилиб стелажларга ўйиб қўйилади. Ҳосил шамолсиз қуруқ вақтда йиғилади.

Манба: moodle.pharmi.uz

Улашиш: